Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:46

Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам давом этаётир


http://gdb.rferl.org/11C0A7A8-8FDE-4215-A747-AA5F59080AFE_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/11C0A7A8-8FDE-4215-A747-AA5F59080AFE_mw800_mh600.jpg Тошкентлик 14 ёшли собиқ маҳбус Шерзод Ҳайитматов ҳибсда ва қамоқҳонада ўзига нисбатан ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилгани ҳақида матбуотга маълум қилди. Кузатувларга кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар мунтазам давом этаётир. Ҳуқуқ фаоллари маҳбусларга жисмоний қийноқлар билан биргаликда руҳий қийноқлар ҳам қўлланиши ҳақида хабар қилишади.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туман суди қарорига кўра, Шерзод Ҳайитматов ўғирликда айбланиб¸ озодликдан маҳрум қилингач¸ 5 ой қамоқхонада жазо муддатини ўтаган. Кейинчалик эса у авф этилиб¸ озодликка чиқарилган. 14 ёшли Шерзод Ҳайитматов Озодлик билан суҳбатда орган ходимлари томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар борасида сўзлаб берди.

“Милиция таянч пунктига олиб кетишди ва ўша ерда уришди”.

Озодлик: Ким урди сизни?

“Оëғимга уришди. Кейин дубинка билан товонимга ва бошимга уришди. Мен бу ишни қилмаганлигимни айтиб бўйнимга олмадим. Улар “Ҳозир иккита опангни олиб келамиз ва ечинтириб уларни ҳам урамиз” дейишди. Мен уларга опамларга тегманглар¸ дедим. Кейин мени ИИБ бўлимига олиб кетишди. У ерда ҳам дубинка билан уришди. Кейин Тоштурмага олиб кетишди. Тоштурмада боришим билан уришди”.

Озодлик: Ким урди?

“Мардон ака деган тарбиячи киши”.

Шерзод сингари қамоқхонада қийноқларга учраётган маҳбуслар кўпчиликни ташкил қилиши ҳақида маълумотлар мавжуд.

72 ёшли Насиба Эшмуҳаммедова 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва айни пайтда Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган ўғли¸ сиёсий маҳбус Суннатилла Эшмуҳамедовга нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида айтади.

“Булар эрталаб бомдод намозига тургандан кейин қоровуллари секин текшириб ўтаркан. Агар ўшанда намоз ўқиëтган бўлишса¸ ҳаммани ўрнидан турғазиб сафга тузишаркан. Намоз ўқиëтган одам сафга тура олмайдику. Кейин “Нимага сен сафга тур деганда турмадинг?” деб тазйиқ ўтказишаркан”.

Тошкент вилояти Келес шаҳарчасида яшаган ака ука Дилшод ва Рустам Омонтурдиевлар Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилишга ҳаракат қилганлик ва таъқиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб¸ узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Уларнинг онаси Баракат Хўжахонова айни пайтда иккала ўғлига нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилаётганини айтади.

“Жаслиққа бориб ўзим ўғлимни оғзидан эшитиб келдим.Ўзбекистон мадҳиясини айтмайман дегани учун противогаз кийдирибди.Бошда борганда товонига урган.Қизариб шишиб кетган ва юра олмайдиган ҳолатга бориб қолган”.

Ўзбекистон конституцион тузумига тажовуз қилиш, таъқиқланган диний ташкилотга алоқадорликда айбланиб 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган ва ҳозирда Андижондаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган 33 ёшли Шерзод Ҳакимовга нисбатан ҳам доимий равишда қийноқлар қўлланиб келинаётгани ҳақида хабар қилади унинг онаси Лола Ҳакимова.

“Уриб оëғини шол қилиб қўйишибди. Дубинкалари билан уриб орқаларини шилиб юборишган. Ўғлимни оëғи ишламаяпти”.

Ўзбекистонда виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси раҳбари Баходир Намозов билан ҳуқуқ фаоли Дилфуза Давронова Ўзбекистон қамоқхоналарида учрайдиган қийноқ турларини санашади.

“Қўлини боғлаб кўтаришади.Бу ҳам қийноқ. Бошига газдан ҳимоя қилиш мосламаси(противогаз) кийдиришди ва нафас оладиган жойини ëпиб қўйишади.
Бу тўғрисини айтсам энг ëмон қийноқ”.

“Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасида жуда ëмон қийноқлар бўларкан. Масалан резинка дубиналар билан урганда бармоғи синиб кетаркан.Туриб намоз ўқиса¸ ëтиб ўқи¸ ëтиб ўқиса¸ туриб ўқи деркан”.

Ўзбекистон қамоқхоналарида бир неча бор қамоқ жазосини ўтаган 72 ёшли собиқ маҳбус Ёдгор Турлибеков айни кўринишдаги қийноқларга шахсан гувоҳ бўлганлигини айтади.

“1 ойча мен билан бир камерада Фурқат Саъдиев деган йигит ëтди. У бола кўраëтган азобларидан ўлиб қолишига сал қолди.Ҳар куни уриб¸судраб олиб келиб ташлаб кетишар эди. Калтак еявериб бу болани кўкармаган жойи қолмади. Кишанга солинган қўлларидан кўтариб ерга урганда унинг ичидаги жигарлари эзилиб кетади. Қўл билан ўзини ҳимоя қила олмайди. Арматурани қиздириб оëқларига босишди. Тирноқларини юлиб олишди шу болани”.

Айни пайтда Жаслиқда қамоқ жазосини ўтаётган диссидент шоир ва мухолифатчи Юсуф Жумага ва Қорақалпоғистонда ҳибсда сақланаётган “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғуновга нисбатан ҳам қийноқлар қўлланилгани ҳақида хабарлар бор.

Ўзбекистон қамоқҳоналаридаги қийноқлар бўйича мониторинг ўтказаётган ҳуқуқ фаолларига кўра, уларнинг қийноқлар борасидаги чиқишлари маҳаллий ва халқаро ташкилотлар томонидан деярли эътиборсиз қолдирилмоқда. Ўзбекистон ҳукумати эса мамлакатда қийноқлар қўлланилишини ҳар доим инкор қилиб келишади.
XS
SM
MD
LG