Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:32

Халқаро ташкилотлар суднинг қароридан даҳшатга тушди


http://gdb.rferl.org/4822E55C-B674-424F-9605-966F8E19A008_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/4822E55C-B674-424F-9605-966F8E19A008_mw800_mh600.jpg «Бу даҳшатли. Бир журналистни қилмаган айби учун 10 йилга озодликдан маҳрум қилиш ўта қўрқинчли. Мен яқин йиллар ичида журналистга бунчалар шафқатсиз жазо берилганини эслай олмайман”¸ дейди дунë бўйлаб матбуот вазиятини кузатиб борувчи “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти расмийси Элза Видал Солижон Абдураҳмонов устидан чиқарилган ҳукмга муносабат билдира туриб.

Солижон Абдураҳмонов устидан ҳукм Тошкентда Ўзбекистон ва ЕИ иттифоқлигида матбуот эркинлиги масаласида ўтказилган қўшма тадбирдан бир ҳафта ўтиб¸ ЕИ Ўзбекистонга нисбатан жорий қилган санкцияларни қайта кўриб чиқишидан эса 4 кун аввал эълон қилинди.

ЕИ билан “мулоқот” атамаси остида олиб борилаëтган айни сиëсий жараëннинг белгиловчи нуқтасида мустақил журналистга бунчалар зулм қилиш орқали Каримов режими ўз сиëсатини мутлақо ўзгартирмаслигини ғарбга очиқ намойиш қилмоқда¸ дейди Тошкент семинаридан қайтиб келган “Бўҳронларнинг олдини олиш” халқаро гуруҳининг матбуот бўйича директори Эндрю Штролайн.

“Солижон устидан даҳшатли ҳукмнинг матбуотни либераллаштириш мавзуидаги семинар тугаши билан чиқарилиши, халқаро ноҳукумат ташкилотлар айтиб келган фикрни яна бир бор исбот қилди. Бу режим матбуот эркинлиги¸ сўз ва ифода эркинлиги ва умуман ислоҳотларни бир пулга олмайди. Ундан ўз сиëсатини ўзгартиришни кутиш гўлликдан бошқа нарса эмас”¸ дейди Штролайн.

Брюсселдагилар санкциялар келажаги қайта кўрилиши арафасида Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари ëки журналистлардан кимнингдир озодликка чиқарилишига ўрганиб қолишди. Аммо мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов устидан бешафқат ҳукмнинг айнан ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан 2005 йилда жорий қилган санкцияларнинг 13 октябр куни қайта кўриб чиқилиши олдидан эълон қилинишини¸ Тошкент режимининг Брюссел қолаверса умумиятла ғарбга йўллаган янги муждаси деб баҳолаш мумкин¸ дейди Солижон Абдураҳмонов билан ҳамкорлик қилган uznews.net мустқил интернет ахборот хизмати муҳаррири Галима Бухорбоева.

“Балки бугун Каримов бу санкцияларнинг қайта кўриб чиқилиши билан бир пуллик ҳам иши йўқлигини кўрсатиб қўймоқчи бўлаëтгандир. У бу билан “Сизлар нима десанг деяверинг¸ аммо мен ўз истаганимни қилавераман” демоқчидир. Бу билан Каримов европаликларни доғда қолдириб¸ уларни фақат ўз шартлари асосида ўйнашга мажбур қилмоқчи. Президент Каримов ҳам¸ ташқи ишлар вазири Норов ҳам “Биз сиз билан муносабат қилишни истаймиз¸ аммо сиз бизнинг ички ишларимизга зинҳор аралашманг” деган гапни такрорлаб келмоқда. Репрессия¸ ўзгача овозларни бўғиш эса, Ислом Каримов фикрича, унинг шахсий иши ва у бундан сўнг ҳам айни сиëсатни давом эттириш истагида”¸ дейди Галима Бухорбоева.

“Бўҳронларнинг олдини олиш” халқаро гуруҳи Ўзбекистондаги инсон ҳақлари ва матбуот эркинлиги вазиятини халқаро хавфсизлик нуқтаи-назаридан кузатиб келмоқда. Агар Тошкент ҳукумати матбуот эркинлигини бундан сўнг ҳам шу тарзда бўғишда давом этаверса¸ у жамиятни ўз қўли билан портлаш нуқтасига олиб боради¸ дейди мазкур гуруҳ етакчиларидан бири Эндрю Штролайн.

“Бу ҳукумат ўз халқига нисбатан¸ унинг сўз эркинлиги ва бошқа ҳақларига нисбатан шу қадар репрессивки¸ бу жамият ичидаги кескинлик ва норозиликни янада кучайтирмоқда. Бу кетиш оқибати зўравонликка¸ зўравонлик бўлганда ҳам нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақани ўз домига тортувчи зўравонликка элтиш эҳтимоли жуда яқин”¸ дейди “Бўҳронларнинг олдини олиш” халқаро гуруҳи вакили Эндрю Штролайн.
XS
SM
MD
LG