Линклар

Молия бозори тақдири Вашингтонда ҳал бўлади


Аваз Алиев Молиявий жиҳатдан қудратли давлатлар марказий банкларининг саъй-ҳаракатларига қарамай, жаҳоннинг етакчи фонд биржалари 10 октябрь кунги савдоларни навбатдаги йўқотишлар билан бошлади.

10 октябрь куни АҚШ президенти Жорж Бушнинг телевидение орқали фуқароларга мурожаат этиб, уларни осойишталикни сақлашга ҳамда мамлакат молия тизимига бўлган ишончни йўқотмасликка чақирди.

Бироқ жаҳон фонд биржаларида қимматбаҳо қоғозларни оммавий тарзда сотиш жараёни ҳамда котировкалар тушиши давом этар экан, фуқароларнинг молия тизимига ишончи ҳам йўқолиб бормоқда.

Сўнгги кунларда ҳукуматлар ва марказий банклар авж олаётган бўҳронни жиловлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни ҳаётга тадбиқ этди. Буюк Британия ҳукумати мамлакатнинг саккизта йирик банки акцияларини сотиб олаётгани ҳамда валюта бозорига қўшимча маблағ чиқараётганини эълон қилди. Испания ҳукумати ҳам шундай чора-тадбирлар кўрди.

Европа марказий банки эса 9 октябрь куни евро ҳудудидаги банкларга чекланмаган миқдорда қарз беришга тайёр эканини маълум қилди.

Бироқ бу каби ҳаракатлар молия тизимидаги инқирозни жиловлашга ёрдам бермаяпти. Банклар қарз беришдан бош тортса, инвесторлар эса ўз акцияларидан тез фурсатда қутулишга ҳаракат қилмоқда.

9 октябрь куни АҚШ молия бозорининг асосий кўрсаткичи Доу Жонс индекси сўнгги тўрт йил ичида мисли кўрилмаган - 9 минг пунктдан пастроққа тушиб кетган эди.

10 октябрь куни ҳам Осиёдаги асосий фонд биржалари кўрсаткичлари 10 фоиз, Европа биржалари кўрсаткичлари эса 5 фоиз тушиб кетди.

Токио биржасида ҳам аҳвол яхши эмас. Япония бош вазири Таро Асо келажакка ишончсизлик билан қарашини маълум қилди.

“Фикримча, Япония сармоядорлар учун хавфсиз жой, деган гаплар пучга чиқди. Айтмоқчиманки, Япония иқтисоди экспортга таянган. Агар АҚШ иқтисоди инқирозга юз тутса, ҳозир шундай ҳам бўляпти, унинг ортида глобал иқтисод инқирозга юз тутади, бу эса Япония иқтисоди ҳам салбий таъсир этади”,- деди Япониядаги вазиятга изоҳ берди “Рейтер” ахборот агентлигининг Токиодаги мухбири Натан Лайне.

Россия фонд биржалари эса 10 октябрь куни савдоларни умуман бошламади.

Айни пайтда ривожланган “катта еттилик” давлатлари молия вазирлари Вашингтонда молия тизимидаги бўҳронни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Айрим етакчилар мазкур бўҳронни бартараф этишда мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар қабул қилиниши тарафдори эканини билдириб келмоқда.

Шу кунларда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкига аъзо 185 давлат расмийлари ҳам Вашингтонда йиллик учрашувга тўпланмоқда.
XS
SM
MD
LG