Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:49

Пахта теримининг навбатдаги қурбони


Жиззахда яна бир мактаб ўқувчиси қурбон бўлди. Зомин туманидан Зарбдор туманига пахта теримига мажбурий олиб келинган мактаб ўқувчиси дала шийпонидаги ҳовузга чўкиб нобуд бўлди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мактаб ўқувчиларини пахта теримига олиб чиқмаслик ҳақидаги қароридан сўнг хам, маҳаллий ҳокимлар болаларни пахта теримига сафарбар қилмоқда ва бу ўз навбатида нохуш ҳодисаларни келтириб чиқармоқда. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада кам пахта тергани учун ўқитувчиларидан дашном эшитган Жиззах педагогика институтининг биринчи курс талабаси ўзини осган эди.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманидаги 13 совхозида бўлган воқеа ҳақида инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Зиёдулла Раззоқов Озодлик радиосига хабар берди. Унинг айтишича, Зомин туманидан келган ҳашарчи, мактаб ўқувчиси, ҳовузда идиш- товоқ юваман деган пайтда, сирғаниб кетиб, чўкиб ўлган:

“Ҳар бир мактаб ëки ташкилотларни отряд бошлиқларини ҳоким йиғиб уларга бўлган воқеани айтган. Ҳамма пахтага чиқиб кетган пайтида ëш бир ўқувчи овқат еб қолиб, косасини ювиш мақсадида ҳовузни бўйига борган ва оëғи сирғаниб тушиб кетган. У сузишни билмаган ва оқибатда сувга чўкиб ўлган”.

Бу воқеа 9 октябр куни содир бўлган. Зиёдулла Раззоқовнинг айтишича, ўқувчининг исми-шарифи қаттиқ сир тутилмоқда ва бу ҳақда ахборот бериш ёрдамчилар бошлиқларига ва халқ таълими мутасаддиларига қатъий таъқиқланган.

“Мен бу воқеани ўрганишга ҳаракат қилдим. Лекин умуман аниқлашни имкони бўлмади. Бу нарса ëпиқлигича қолиб кетди”, деди Зиëдулла Раззоқов.

Биз бу воқеанинг янада аниқ тафсилотларини билиш учун Зарбдор тумани билан боғландик. Ўз исмини айтишни истамаган халқ таълими бўлими мутасаддиларидан бирининг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам шундай воқеа содир бўлган. Лекин бу одам, боланинг нобуд бўлиш сабабларини сал бошқача бўлганини айтади.

“У ер катта ҳовузи бор дача. У ювинмоқчи бўлиб, ҳовузга тушган. Кейин оëғини томири тортиб қолган ва чўкиб кетган. Буни ҳеч ким билмаган. Эртаси куни бу бола аквалангчилар ëрдамида топилган”.

Бу одам ҳам боланинг қайси мактабдан эканлиги ва исми-шарифини айтмади. Айтсам балога қоламан, деди. Зарбдор туман прокуратурасига ва ички ишлар бўлимига қилган қўнғироқларимиз ҳам натижа бермади. Гўшакни олган расмийлар саволимизни эшитгандан сўнг, гўшакни шарақлатиб қўйиб қўйишди.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бу ҳолат Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг болаларни пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги қарорига зиддир.Бошида болаларни пахтага чиқармаймиз деб уйма-уй юриб тилхат олган расмийлар, пахта теримида барибир болаларсиз ҳеч нарса қила олмасликларини беш олти кунги теримдан сўнг англаб олишди. Пахта режасини бажармадик деб Президент олдида юзи шувут бўлишдан ва мансабидан ажралиши мумкин бўлган ҳокимлар, Бош Вазирнинг қарорини бир чеккага суриб қўйдилар. Бу ҳолат эса ўз навбатида бир қанча болаларнинг пахта теримида қурбон бўлишларига олиб келмокда.

Зеро ўтган ҳафтада, кам пахта тераётгани учун ўқитувчиларидан қаттиқ дашном ва узлуксиз хўрликлар кўрган ЖИззах педагогика институтининг биринчи курс талабаси, 17 ёшли Умида Донишева ўзини пахта даласидаги дарахтга осиб қўйди. Бундан сал аввал эса Қашқадарё вилоятидаги коллеж ва мактаб ўқувчиларидан тўрт киши пахта теримида ўзаро жанжаллар оқибатида, турли шароитларда ҳалок бўлдилар.
XS
SM
MD
LG