Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:03

Маҳмуд ака: Қамоқдаги "экстремист"ларни ҳаммаси намозхон ëш болалар


“10 сентябр куни андижонлик Муҳаммадшокир исмли, октябр ойи бошларида эса яна бир андижонлик Абдураҳмон исмли маҳбуснинг Сангороддан жасади чиқди”. Таҳририятимизга йўлланган электрон мактубда шундай хабар битилган ва бу хабарда айтилишича, ҳар икки маҳбус оғир қийноқлардан сўнг Тошкентдаги жазони ўташ муассасалари шифохонасида вафот этган. Мактуб мазмунига кўра, ҳар икки маҳбус диндор ва эҳтимол, Андижон воқеаларининг гувоҳларидир. Аммо, муаллиф ўз манзили ва исми-шарифи, шунингдек, бу маҳбусларнинг фамилияси ва уларнинг вафоти билан боғлиқ бошқа маълумотларни келтирмаган.

Бу айни мазмунда таҳририятимизга келган ягона мактуб эмас ва бу каби мактубларнинг барчасида панжара ортида кучайган зулмнинг қурбонлари ҳақида айтилади. Афсуски, биз тилга олганимиз мактубда айтилган маҳбуслар ҳақида маълумот тополмадик.

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга қараганда, бу йилги Рамазон мавсумида диндор маҳбуслар устидан назорат янада қаттиқ бўлган ва ўша зулмнинг қурбонлари бирин-кетин тобутда уйига қайтмоқда.

Аҳмаджон Мадумаров, фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли ва диндор маҳбуснинг отаси. Яқинда маҳбус ўғилни йўқлаб борганида, ўғли жарима изоляторига солинган экан.

“Ички тартибни бузгани учун 10 кунлик изоляторга ташлаш жазоси бердик, дейишди. Яъни булар унинг эрталаб соат 5да туриб, намоз ўқиганини баҳона қилишди. Бизда ички қоида бўйича туриш соат 6да, дейишди яна. Бошқа қамоқхоналарда ҳатто санитар тозаликка, яъни таҳоратга борганда ўзи билан баклашка олиб борса, изоляторга ташлашади. Диндорларга нисбатан шунақа қаттиқ, кучайтирилган тазйиқ бор”.

Аҳмаджон Мадумаров шу каби айбловлар билан ички тартибни бузди, дея кетма-кет жарима изоляторига ташланган маҳбуслардан 37 нафари, шу йил ёзда конституцион тузумни ағдаришга уринди, деган айблов билан қамоқхона ичида суд қилиниб, яна 16 йилга қадар қамоқ жазосига ҳукм қилинганини айтди.

“Суд маҳкамаларини ҳаммаси қамоқхонани ичида ўтказилди. Мен ўзим шахсан бордим. Ўғлим “Бу ерда мени ҳеч қандай айбим йўқ. Бунинг ҳаммаси уйдирма” деб кўрсатма берган. Эмишки, қамоқхонани ичида ҳукуматни ағдариш учун ҳаракат бўлибди. Уларга 159 модда қўлланиб қамоқ жазолари берилди. Уларнинг биттаси сурхондарëлик марҳум бир йигит”, деди Аҳмаджон Мадумаров.

Фарғоналик ҳуқуқ фаоли ва диндор маҳбуснинг отаси Аҳмаджон Мадумаров тилга олган сурхондарёлик маҳбуснинг ўлими ҳақида ҳам барча ахборотлар махфий тутилмоқда. Унинг яқинлари ҳам, афтидан, қаттиқ қўрқув остида дардини ичига юртган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов сўнгги пайтларда бизга келаётган хабарлар ҳам қийноққа учраган ёҳуд вафот этган маҳбусларнинг яқинлари эмас, балки олис танишлари ёҳуд воқеадан хабар топган нотаниш манбалар орқали узатилмоқда, дейди. Хусусан, Сангороддаги аҳволга оид бир неча телефон қўғироқларини қабул қилдик, дея мисол келтиради Суръaт Икромов.

“Бир неча қўнғироқлар олдик. Фақат исмлар айтилаяпти. Сангородда даволанаëтган шахсларни қариндошлари орқали бу маълумотларни бериб юборишади. Улар эса бизларга қўнғироқ қилишади. Лекин ўзлари учрашишга қўрқишади”, деди Суръат Икромов.

Ҳуқуқ фаолига кўра, қамоқдаги диндорларнинг яқинлари устидан ҳам назорат кучайиб бормоқда.

Яқинда таҳририятимизга сим қоққан яна бир тингловчимиз эса собиқ маҳбус. Маҳмуд исмли бу фуқаро асли тадбиркор, икки ракаат намоз ўқишни билмайдиган ҳолида, диний экстремизм айби билан қамалган. Унинг ҳам сўзларига кўра, диндор маҳбусларга нисбатан зулм кучли. У ўтган рамазон ойида Зарафшонда бўлган бунт ва бунинг ортидан у жазо ўтаган Навоий қамоқхонасидаги азобларни эслади.

“Рамазон ойида ҳеч кимга рўза туттирмагани учун Зарафшонда бунт бўлди. Биродарлар кўтарилди. Шундан кейин Навоийдаги 46 зонада шуни зулмини бизларга кўрсатди. 100та биродарни ҳар куни штабга чақириб уриб, майиб қилиб ташладилар. Ўшаларни ичида мен ҳам бор эдим”.

Кейинги пайтларда тавба қилиб битилган мактублар ҳам инобатга олинаётгани йўқ, дейди собиқ маҳбус.

“Мен шу йўлдан қайтдим, деб ëзиб берганларни ҳам чиқармаяпти. Уларни ичида касал бўлиб, сангородда ўлиб кетганларини кўрганман. Мен ўзим Чуқурсойдаги сангородда бўлганман. Қаршилик Ғайрат деган бола бор эди. Шу бола сангороддан чиқарилганидан икки кун ўтиб ўлган. Ўзини билмайди, ўтирган ерида овқат ҳам еб билмайди. Мен у болани кўриб ҳайрон бўлдим. Мен у билан Бухорода бирга бўлган эдим”.

7 йил Ўзбекистон қамоқхоналарида диний экстремист айби билан ўтириб чиққан тадбиркор шу давр ичида ўзим каби диндан бехабар ҳолида диний экстремист, деб айбланган ва беш маҳал намози учун Ҳизбут-таҳрирга чиқарилган маҳбусларни кўп кўрдим, дейди. Унинг назарида, бу маҳбусларнинг аксарияти бегуноҳ, дин илмини ўрганган ёшлар. Маҳмуд ака “Сиз мана қамоқхонада террорчи, диний экстремист деган айбловлар билан ўтириб чиқибсиз. Ҳақиқатан ҳам қамоқхонада экстремист борми? Улар, ҳукумат айтганидай, конституцион тузумни ағдарамиз, халифат қурамиз дейдими?” деган саволимизга қуйидагича жавоб берди.

“Йўқ, унақа нарса йўқ. Мана Каримов телевизорга чиқиб “Булар тузумни ағдармоқчи, халқни портлатаяпти, 100 йил орқага қайтиб халифалик қурмоқчи” деяпти. Улар унақа эмас. Уларни ҳаммаси намозхон ëш болалар. Уларни қўлидан унақа иш келишига мен ишонмайман. Чунки барибир йиллаб бирга ўтиргандан кейин тарбиясидан, юриш туришидан, ўзини тутишидан биласизку. Буларни қори дейишадида. Ўзбекистонни қонуни ўрмон қонуни эканини биласизку”, деди Маҳмуд ака.

Яқинда таҳририятимизга сим қоққан асли тадбиркор, аммо, диний экстремизм айби билан қамалган Маҳмуд исмли собиқ маҳбус Ўзбекистон қамоқхоналарида кечирган 7 йиллик ҳаётидан чиқарган айрим хулосаларни сўзлади. Дарвоқе, аслида икки ракаат намоз ўқишни билмайдиган бу тадбиркор мукаммал намоз-ниёз ва Қуръон илми билан қамоқдан чиқиб келганини айтди.
XS
SM
MD
LG