Линклар

“Ўзбекнефтегаз”нинг 49 фоиз акциялари хусусийлаштирилади

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбек давлат мулк қўмитасига таяниб хабар тарқатган Регнум агентлигига кўра, “Ўзбекнефтегаз”нинг 49 фоиз акциялари Ўзбекистон президенти 2007 йилда эълон қилган “хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хорижий сармоядорларни жалб қилиш” тўғрисидаги қарорига биноан сотилмоқда.

Аслида Регнум агентлиги тарқатган хабарнинг янгилик жиҳати йўқ, ҳукумат нафақат “Ўзбекнефтегаз”, балки бошқа давлат ширкатларини хусусийлаштиирш ниятларини президентнинг қарори эълон қилинишидан анча аввал билдириб келган. Лекин бир муаммо бор, Ўзбекистондаги давлатга тегишли ширкатлар улушларига қизиқиш билдираётган хорижий сармоядорлар йўқ, бу ҳам аслида янгилик эмас.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 2007нинг 20 июлида имзолаган “2007-2010 йилларда хусусийлаштириш жараёнларини янада чуқурлаштириш ва хорижий сармоядорларни фаолроқ жалб қилишга оид чора-тадбирлар” тўғрисидаги қарорига кўра, нафақат “Ўзбекнефтегаз” акциялари, балки давлатга қарашли бошқа ширкатларнинг улушларини ҳам уч йўл билан сотиб олиш мумкин, дейди Ўзбекистон давлат мулк қўмитасининг вакили.

“Бу дастуримизда ҳоҳлаган одам қатнашиб олиши мумкин. Дастурда учта илова бор. биринчи илова конкурс, танлов, аукцион, биржадан олиш мумкин. Яна битта савдомиз бор унда ноль қийматда сотиб олиш мумкин. Яна биттаси эса давлат тендер комиссияси орқали сотиладиган объектлар”.

Ўзбекнефтегазга келсак, деб давом этади исми ошкор қилинмаслигини маъқул топган суҳбатдошимиз, сотиладиган акциялар давлат ширкати қошидаги акциядорлик жамиятларига тегишлидир.

“Тендер орқали сотиладиган объектлар масалан Андижоннефт, Ўзпаравтотранс, Аланга ва ҳоказо”.

Умуман, дейди яна Ўзбекистон давлат мулк қўмитаси ходими, бу акциядорлик жамиятлари улушларига тендер бундан анча аввал эълон қилинган. Унда иштирок этишга қизиқиш билдирган сармоядорлар бўлмагани боис, 13 октябр куни тендер муддати узайтирилгани ҳақида эълон қилинди.

“Қизиқиш билдирилмагандан кейин бизлар буни чўзишга мажбурмиз. Ҳозирча кам”, дейди Ўзбекистон давлат мулк қўмитаси вакили.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитирий Поваров ҳукумат “Ўзбекнефтегаз” давлат ширкатининг бир қисмини хусусийлаштириш ниятлари ҳақида бугун эмас, президентнинг 2007 йилдаги фармонидан анча аввал эълон қилган, дейди.

“Бунинг ҳеч қандай янгилик жойи йўқ. Ҳукумат 2000 йилларни бошидан бери нефт ва газ соҳасини хусусийлаштириш, жумладан хусусийлаштиришга оид бир нечта давлат дастури доирасида Ўзбекнефтегаз холдингининг 49 фоиз акциялари ва ширкатнинг шўъба корхоналарини сотиш ниятларини айтиб келади. Бундай ниятларни билдириш бошқа, амалда уларни хусусийлаштириш бошқа масаладир. Ҳозирча бу жараён фалаж аҳволда қолмоқда”, дейди иқтисодчи.

Хорижий сармоядорлар “Ўзбекнефтегаз” ёки бошқа давлат ширкатларининг улушларини сотиб олишга қизиқиш билдирмаётганининг бир неча сабаби бор, дейди мутахассис.

“Ўзбекнефтегаз ва унинг шўъба корхоналари каби давлат ширкатларига эгалик қилиш ниятида бўлган сармоядорлар яқин келажакда пайдо бўлмайди, менимча. Чунки сармоядорлар одатда бозорга ишлаётган хусусий ширкатлар ёки холдингдан ташқарида ишлаётган ширкатлар акцияларини сотиб олиш орқали сифатида кириб келади. Масалан, Газпром Швецариядаги “Зеромакс” ширкати назорат қиладиган “Ҳиссорнефтегаз” ва бошқа ширкатлар акцияларини сотиб олди.

Газпром ўзининг шўъба корхоналари орқали у ерда маълум миқдордаги акциялар пакетига эгалик қилади. “Ўзбекнефтегаз”ни хусусийлаштириш ҳақида гапирадиган бўлсак, сармоядорлар учун бу ширкатга қарашли газни транспортировка қилиш билан шуғулланадиган “Узтрансгаз” улушларини сотиб олиш қизиқарли бўлиши мумкин, лекин “Узтрансгаз”ни 2011 йилгача хусусийлаштириш режасидан олиб ташланган ва бу режага қайта киритиладими йўқми номаълум”.

Бундан ташқари, деб давом этади ўзбекистонлик иқтисодчи, хорижий сармоядорлар “Ўзбекнефтегаз” каби йирик давлат ширкатининг акцияларини сотиб олишлари учун бу сармояларнинг хавфсизлиги ва улардан олинадиган даромад истиқболлари кафолатланиши лозим.

“Холдинг ширкатнинг акцияларига сармоядорларни қизиқтириш учун биринчи навбатда улар ўз улушларининг хавфсиз экани кафолатини олишлари керак. Бундан ташқари газ секторини хусусийлаштириш МДҲ мамлакатларида унчалик кенг тарқалмаган. Сармоядорлар одатда, масалан, маҳсулотни тақсимлаш келишувлари орқали бу жараёнда иштирок этиши мумкин. Бошқа томондан, давлат таклиф қилаётган улушнинг нархи ҳам аниқ уларнинг қизиқишига ҳисса қўшмайди. “Ўзбекнефтегаз” ширкатининг 49 фоиз акцияси неча пул туришини аниқ билмайману, лекин ҳар қалай бир неча юз миллион АҚШ долларини ташкил этса керак.”, дейди ўзбекистонлик иқтисодчи Дмитирий Поваров.
XS
SM
MD
LG