Линклар

15 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани судида ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Аъзам Турғуновга очилган жиноий иш бўйича маҳкама жараёни якунланиб, суд ҳукмини ўқиш 17 октябрга белгиланди. Сал кам 100 кундан буён ҳибсда сақланаётган Аъзам Турғунов 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 – моддаси яъни товламачилик банди бўйича айбланаяпти.

Ўзбекистон қонунларига кўра, Аъзам Турғуновга қўйилган айблов учун ўн йилдан ўн беш йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилади. Маҳкама жараёнида қатнашаётган давлат қораловчиси суд раисидан Аъзам Турғуновга нисбатан 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилишини сўради. Ҳуқуқ фаолининг адвокатлари эса Аъзам Турғуновнинг айби исботланмаганлигини айтиб, уни ҳибсдан озод қилишни сўрашди. Бу ҳақда Озодликка Аъзам Турғуновнинг адвокати Рустам Тўлаганов маълум қилди.

“Биз суддан оқлаш ҳукмини сўрадик. Чунки у ерда 165 модданинг ҳеч қанақа талаблари йўқ. Бу ерда аниқ шантаж бўлаяпти. Бу фуқаровий ишдан келиб чиқаëтган иш. Агар терговчи бошида бу ишни яхшилаб текширганида, ўшанда ҳал бўлиб кетар эди. Қорақалпоғистон республикаси прокурори жиноий иш очиб, хатога йўл қўйган деб ҳисоблайман”.

Аъзам Турғунов қорақалпоғистонлик бир аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган пайти, жавобгар томондан ишни тўхтатиш учун 20 миллион сўм миқдоридаги пора олишга ҳаракат қилган вақтида қўлга олинганлиги айтилади.

Терговчи подполковник Карим Бердиев Аъзам Турғуновни уюшган жиноятчиликда айблайди.

“165 модданинг 3 қисми а ва б бандлари билан унинг иши судга ўтказилди. У 20 миллион сўм миқдордаги пулда гумон қилинаяпти. Бу товламачилик ҳисобланади”.

Аъзам Турғуновнинг сафдошлари ва ҳамкасблари эса унинг сохта жиноятда айбланаётганини таъкидлашади. Маҳкама жараёнини бевосита кузатаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам худди шундай фикрда.

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган, сиëсатга аралашган ва мухолифат сафида бўлганларга уютириладиган одатдаги судлардан бири бу. Ўзбекистон судларидан одилликни ҳеч қачон кутмаганмиз. Лекин Аъзам акага нисбатан қўлланилган қийноқларга ҳуқуқий баҳо берилиши керак эди. Бошиданоқ буни нима била тугашини ҳамма билган. Аввал ҳукмни чиқариб қўйиб, кейин ўшанга мослаб судни олиб бориш жараëни бу”.

Аъзам Турғунов кейинги пайтларда Қорақалпоғистондаги бир қатор судларда жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашиб, ғолиб чиқаётганди. Айниқса, унинг Қорақалпоғистонда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан содир қилинаётган қонунбузилишлар ҳақида халқаро матбуот орқали кўплаб чиқишлар қилганлиги ҳукуматнинг ғазабини қўзғаган бўлиши мумкин, дейди Аъзам Турғуновнинг сафдоши Рустам Қорабоев.

“Қорақалпоғистонда судни ҳам, прокуратурани ҳам Худо уриб кетган. У ерда ҳаммаси ўзбошимча. Мен Аъзам акага “Қўйинг, сиз буни қилманг. Бу ерда ҳаммаси ўзбошимча” деб айтган эдим. Прокуратура, милиция ва МХХ бу ерда халқни талаб ëтибди. Бизлар у ерда бош прокурорни, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ўтамуродовни ноқонуний санкция бериб қамаган Йўлдош Рўзимов деган прокурорни, департаментни устидан бориб иш қўзғатганимиздан кейин “Сен шундай қилдингми, биз ҳам қиламиз” деган мақсадда уюштиришган холос”.

Аъзам Турғуновнинг маҳкама жараёнини бевосита кузатаётган Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов ҳам ҳуқуқ фаоли сохта жиноятда айбланаётганлигини айтади.

“Аъзам Турғуновга нисбатан очилган жиноий иш тўла уюштирилган. Сабаби бу судда бир нечта жабрланганларни ва ноҳақ айбланганларни ҳимоя қилган. Шуларни кўпида Аъзам ака ютиб чиққан. Уларни қамалишини олдини олган. Бу милиция ходимларини жуда ноқулай вазиятга солиб қўйган. Шунинг учун унга пул ташлаб, “Мана порахўрлик қилган, товламачилик қилган” деган айбловларни илгари суришаяпти”.

Аъзам Турғунов жорий йилнинг 11 июл куни кечқурун Қорақалпоғистонда ҳибсга олинганди. Тергов жараёнида унга нисбатан қийноқ қўлланилгани ва унинг устидан қайноқ сув қуйилиши натижасида унинг баданининг кўп қисми куйганлиги маълум. Айни шу ҳолат юзасидан маҳкама раиси суд тиббий экспертизаси ўтказилишини тайинлади.

Экспертиза хулосаларига кўра, тергов пайти Аъзам Турғуновнинг устидан қўйилган қайноқ сув натижасида унинг соғлигига зиён етказилмаганлиги аниқланган.

Ҳуқуқ фаолининг адвокатлари экспертиза хулосаларидан қониқмай, қўшимча текширув ўтказилишини талаб қилишди. Бироқ, ҳозирча бу талаб инобатга олинганича йўқ.

Аъзам Турғуновга нисбатан суд ҳукми ўқилиши эса 17 октябрга белгиланди.
XS
SM
MD
LG