Линклар

logo-print

ЕХҲТ Тошкент ҳукуматини мустақил журналистни озод қилишга чақирди

  • Замира Шукур

http://gdb.rferl.org/0A0A16E7-CFB3-4F21-8436-FF6954575945_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/0A0A16E7-CFB3-4F21-8436-FF6954575945_mw800_mh600.jpg Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мустақил журналист Солижон Абдураҳмонов устидан чиқарилган кескин ҳукмни қайта кўриб чиқишга чақирди. Мустақил журналист ва ҳуқуқ фаоли Адбураҳмонов ўтган ҳафта охирида Нукус суди қарори билан наркотик моддалар савдоси билан шуғулланганликда айбдор деб топилиб¸ 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. ЕХҲТ нинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус намояндаси Миклош Ҳарашти¸ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норовга йўллаган мактубида расмий Тошкентни яна бир бор ЕХҲТ аъзоси сифатида ўз зиммасига олган мажбуриятларни амалда бажаришга даъват қилди.

“Солижон Абдураҳмоновга қўйилган айблар уюштирилган ва журналист устидан ўтказилган маҳкама адолатли жараëн талабларига жавоб бермайди”¸ - дейилади ЕХҲТ нинг Матбуот эркинлиги бўйича махсус намояндаси Миклош Ҳараштининг Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов номига йўллаган мактубида жумладан.

Озодлик билан суҳбатда жаноб Ҳарашти¸ Нукус суди қарорининг нафақат адолатли суд бўйича халқаро ҳуқуқ нормалари¸ балки оддий инсонийликка ҳам тўғри келмаслигини айтади.

“Ҳукм жараëн моҳиятини очиқ кўрсатиб турибди. 58 яшар журналист¸ олти боланинг отаси¸ умрида на наркотик моддалар истеъмоли ва на савдоси билан шуғулланган бир одамни машинаси юкхонасидан наркотик модда топилгани учун 10 йилга қамаш ўта шафқатсизликдир”¸ - дейди ЕХҲТ расмийси.

Абдураҳмонов шу йилнинг июн ойида Тошкентда менинг иштирокимда ўтказилган матбуот конференциясига келиш арафасида қўлга олинди.Бу ҳолат¸ унинг тақдири учун менга ўзига хос шахсий масъулият ҳам юклайди. Аммо Ўзбекистон ҳукуматидан Абдураҳмонов устидан чиқарилган ҳукмни қайта кўриб чиқишни сўрашимнинг бундан бошқа қатор жиддий сабаблари бор¸ деб давом этади ЕХҲТ нинг матбуот эркинлиги бўйича махсус намояндаси.

“Агар Ўзбекистон ҳукумати апеляция жараëнида Абдураҳмонов устидан чиқарилган ҳукм¸ аниқроғи прокурор хатосини тузатишга эришмаса¸ бу жуда ëмон сигнал бўлади. Ҳукуматда давлат қораловчиси позицияси ва суд ҳукмини ўзгартириш учун етарли имконлар бор. ЕХҲТ га аъзо давлатларда прокурор жамиятдаги ўзгача фикрловчилар¸ ўз вазифасини бажарëтган журналистларни уюштирилган ва шубҳали айблар бўйича жазолаш эмас¸ балки қонун устиворлиги¸ хусусан матбуот ва фикр эркинлигини кафолатлаш механизми бўлмоғи лозим”¸ - деди пайшанба куни Озодлик билан суҳбатда Миклош Ҳарашти.

ЕХҲТ нинг матбуот эркинлиги бўйича махсус намояндаси Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига мактубнинг яқинда юборилгани боис¸ ҳозирча расмий Тошкентдан жавоб бўлмаганини айта туриб¸ Абдураҳмонов ишининг адолатли якун топишига нисбатан умидга асос бўлувчи жиҳатлар борлигини қўшимча қилади.

“Июн ойида мен ҳукумат таклифи билан матбуот эркинлигига бағишланган Тошкент анжуманида қатнашдим ва ўз хавотирларимни очиқ изҳор қилдим. Ўзбекистон ҳукумати қамоқхоналардаги айрим сиëсий маҳбусларни озод қилди ва ЕИ билан инсон ҳуқуқлари борасидаги мулоқотни давом эттирмоқда. Солижон Абдураҳмонов устидан чиқарилган адолатсиз ҳукм¸ бошланган ана шу ижобий жараëнга доғ туширади ва шу боис Ўзбекистон ҳукуматини апеляция жараëнида Абдураҳмоновнинг озод этилишига эришиш ва шу орқали ўзининг ЕХҲТ қадриятларига садоқатини кўрсатишга даъват қиламан”,- деди Матбуот эркинлиги бўйича ЕХҲТ махсус намояндаси Миклош Ҳарашти Озодлик билан суҳбатда.
XS
SM
MD
LG