Линклар

logo-print

Швецияда ўшлик ўзбек гастарбайтер ҳақида ҳужжатли фильм намойиш қилинди

  • Ҳасанжон

Швециянинг “Auto Images” кинокомпанияси ўшлик меҳнат мухожири Алишер Султоновнинг Россиядаги саргардонликлари ҳақида ҳужжатли фильм яратди. Москвага иш излаб борган оддий ўзбек йигитининг мухожиратдаги машаққатли ва оғир ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи бу фильм яқинда Скандинавиянинг нуфузли “Нордик панорама” кинофестивали конкурсига тақдим этилди. Ноябрь ойида бу ҳужжатли фильм Стокгольм ва бошқа шаҳарлар томошабинларга катта экранларда намойиш этилиши режаланган.

Швециялик журналист Элин Йонссон ва режиссёр Магнус Гертен биргаликда суратга олган “Олисдаги муҳаббат” деб номланган ҳужжатли фильм иқтисодий қийинчиликлар сабабли ўзга юртга иш излаб борган миллионлаб марказий осиёликлардан бирининг ҳаётидан ҳикоя қилади.
Фильм қаҳрамони 18 ёшли оддий ўзбек йигити Алишер Султонов юзлаб тенгдошлари қатори иш излаб поездда Россияга боради. Уйида эса унинг отаси, онаси, 17 ёшли хомиладор рафиқаси ва мактабни тугатаётган синглиси қолади. Элин Йонссоннинг Озодлик радиосига айтишича, бу фильмни яратишдан мақсад миграция ва у билан боғлиқ муаммоларни бир мигрант тақдири мисолида одамларга намойиш қилишдан иборат бўлган.
“Бу фильм Ўш шаҳридан Москвага ишлаш учун борган гастарбайтернинг севгиси ҳақида. У ҳомиладор рафиқасини Ўшда қолдириб Москвага кетган пайтда рафиқасининг кўзи ёрийди. Аммо у фарзандини кўра олмайди”.
Швециялик режиссёрлар иш излаб Россияга борган Алишер Султоновнинг бошидан кечирган қийинчиликлари ва хурсандчиликларини бир неча йил давомида суратга олган.
“Биз уни уч йил давомида кузатдик. Биз у билан бирга Москвага бордик. Биз унинг Ўш шаҳрида ўтказилган тўйида меҳмон бўлдик. Ҳамма вақт уни кузатиб юрдик” - дейди швециялик журналист.
“Марказий Осиёда кўпчилик чет давлатлар, масалан Россияда ишлаётган пайтида ҳаётнинг лаззатли дамларидан мосуво бўлиб қолмоқда. Улар хатто дунёга келган фарзандларини, аёллари ва яқинлари билан бирга бўла олмаяпти” - дейди швециялик журналист.
“Одамлар тирикчилик учун бошқа мамлакатга бориб ишлаши, дунёга келган фарзандини, улар қандай катта бўлаётганини кўра олмаслиги ғамгин ҳолат. Бу фақат Ўзбекистон, Қирғизистон ёки Тожикистонга хос эмас. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида вазият шундай” - дейди швециялик журналист.
Элин Йонссоннинг Озодлик радиосига айтишича, иш излаб Россияга борган Алишер Султонов таҳқирларга учраган ва кўплаб машаққатларни бошдан кечирган. Охири у Ўшдаги яқинлари бағрига қайтишга қарор қилган. Йонссонга кўра, фильм қаҳрамони Россияда пул ишлай олмаган бўлсада катта ҳаётий тажриба орттириб уйига қайтган.
Режиссёрлар Магнус Гертен ва Элин Йонссон суратга олган “Олисдаги муҳаббат” фильми ҳозирча Швециянинг Мальма шаҳридаги ҳужжатли фильмлар фестивалида намойиш қилинди. Йонссон бу фильм томошабинлар томонидан қизғин қарши олинганини айтди
“Ҳужжатли фильмнинг дастлабки намойиши томошабинлар томонидан жуда яхши қаршиланди. Ҳатто кўпчилик йиғлади. Улар фильм қаҳрамонлари қайғуларига шерик бўлдилар. Фильм намойишидан кейин кўпчилик олдимизга келиб жиддий иқтисодий қийинчиликларга дуч келган бу оилага ёрдам бериш истагини билдиришди” - деди швециялик журналист.
Элин Йонссонга кўра, “Олисдаги муҳаббат” ҳужжатли фильм “Нордик Панорама” номли кинофестивал доирасида Рейкявик, Дарген ва бошқа шаҳарларда ҳам намойиш этилиши режаланган.
Айни пайтда, Россия Федерал Миграция хизмати хориждан Россияга келиб ишлаётган мигрантлар дунё молия бозорларидаги бўҳрон сабабли иш жойлари қисқаришидан зарар кўрмаслигини маълум қилди. Миграция идораси расмийларига кўра, иш излаб Россияга келган хорижликларнинг аксарини Россияга визасиз кириши мумкин бўлган давлатлар, яъни, МДҲга аъзо давлатлар фуқаролари ташкил этади. Агар ишлаш учун рухсатга эга бўлган мигрант ўз иш жойини йўқотса, у Россия ҳудудини тарк этмаган ҳолда Меҳнат биржасига мурожаат қилиб ўзига янги иш топиши мумкин бўлади.
XS
SM
MD
LG