Линклар

17 октябр кунги маҳкама жараëнида ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновга сўнгги сўз берилган. Бироқ унинг сўзи охиригача тингланмасдан суд 20 октябрга қолдирилган. Бу ҳақда унинг жамоатчи ҳимоячиси Робия Ўтамуродова Озодликка маълум қилди.

“Аъзам акага охирги сўз берилди бироқ вақт етмай қолганлиги сабабли охирги сўзни давоми душанба кунига қолдирилди. Сабаби халқ маслаҳатчиларидан биттасининг эмизикли боласи бор экан. Шуни инобатга олиб тўхтатилди. Аъзам ака аниқ ва исботланган далиллар блан шунақа гапириб қўйдики, уни инкор қилиб бўлмайди. Айбсизлигини, ўзига қилинган провакацияларни ҳаммасини жуда чиройли қилиб гапирдилар”.

17 октябр кунги суд мажлисида жамоатчи ҳимоячи Робия Ўтамуродованинг ҳам ҳимоя нутқи тингланган. Айнан Робия Ўтамуродова ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновга нисбатан қийноқ қўлланилганидан биринчи бўлиб хабар топган эди.

“14 июл куни бу куйиш ҳолати пайдо бўлган бўлса, мен 21 июлда ўшани кўрганман. Ўша пайтда Аъзам акани аҳволлари жуда оғир эди. Мен қўрқиб кетганман. Зўрға гапираëтган эди. Уриб тишларини синдиришган бўлса керак деб оғзини очиб кўрдим. Лекин тишлари бутун эди. Кейин Аъзам ака кийимини ечиб куйган жойини менга кўрсатди. Мен ўша жойда ўзимни йўқотиб қўйдим. Ким қилди буни, десам “Терговчи Исмоилов орқамда туриб чойнакдаги чойни қуйиб юборди” деди. Мен “Сизни бўлмаса санчастга ëтқизиш керак. Бу аҳволда қандай ëтасиз?” десам, “Робия у менга сени бу ердан ўлигинг чиқади. Мен сени кетингдан қачондан бери пойлаб юрибман” деган гапларни айтди, деди. У ҳар нарса қилиши мумкин. Шунинг учун ҳозирча индамай тургин. Мен судгача тирик боришим керак. Судда ҳамма нарсани ўзим айтаман, деб мени гапиришга қўймади”.

Аъзам Турғунов баданининг куйиш ҳолати бўйича маҳкама раиси суд тиббий экспертизаси ўтказилишини тайинлади. Экспертиза хулосаларига кўра, тергов пайти Аъзам Турғуновнинг устидан қуйиб юборилган қайноқ сув натижасида унинг соғлигига зиëн етказилмаган. Ҳуқуқ фаолининг адвокатлари экспертиза хулосаларидан қониқмай қўшимча текширув ўтказилишини талаб қилишди. Бироқ ҳозирча бу талаб инобатга олингани йўқ.

Айблов хулосасига кўра, Аъзам Турғунов қорақалпоғистонлик бир аëлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаëтган пайтда жавобгар томондан ишни тўхтатиш учун 20 миллион сўм миқдордаги пора олишга ҳаракат қилган вақтда қўлга олинганлиги айтилади.

Терговчи подполковник Карим Бердиев Аъзам Турғуновни уюшган жиноятчиликда айблайди.

“165 модданинг 3 қисми а ва б бандлари билан унинг иши судга ўтказилди. У 20 миллион сўм миқдордаги пулда гумон қилинаяпти. Бу товламачилик ҳисобланади”.

Аъзам Турғуновнинг сафдошлари ва ҳамкасблари эса унинг сохта жиноятда айбланаётганини таъкидлашади. Маҳкама жараёнини бевосита кузатаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова ҳам худди шундай фикрда.

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган, сиëсатга аралашган ва мухолифат сафида бўлганларга уютириладиган одатдаги судлардан бири бу. Ўзбекистон судларидан одилликни ҳеч қачон кутмаганмиз. Лекин Аъзам акага нисбатан қўлланилган қийноқларга ҳуқуқий баҳо берилиши керак эди. Бошиданоқ буни нима била тугашини ҳамма билган. Аввал ҳукмни чиқариб қўйиб, кейин ўшанга мослаб судни олиб бориш жараëни бу”.

Маҳкама жараёнида қатнашаётган давлат қораловчиси суд раисидан Аъзам Турғуновга нисбатан 13 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилишини сўраган. Ҳуқуқ фаолининг адвокатлари эса Аъзам Турғуновнинг айби исботланмаганлигини айтиб, уни ҳибсдан озод қилишни сўрашган. Ҳуқуқ фаолининг тақдири келажак ҳафтада ҳал бўлади.
XS
SM
MD
LG