Линклар

logo-print

Бир ярим мингга яқин Ўзбекистон фуқароси одам савдоси қурбони бўлган


Жорий йилнинг ўтган тўққиз ойи мобайнида бир ярим мингга яқин Ўзбекистон фуқароси одам савдоси қурбони бўлган. “Халқ сўзи” газетаси айни маълумотни Ўзбекистон бош прокурори Рашиджон Қодиров матбуотга маълум қилганлиги ҳақида ёзади. Ўзбекистон фуқаролари асосан, Бирлашган Араб мамлакатлари, Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Малайзия ва Жанубий Кореяга жинсий эксплуатация учун сотилар экан.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, Ўзбекистон бош прокурори Рашиджон Қодиров траффик қурбони бўлаётганларнинг асосий қисми эркаклар эканлигини ва улар асосан Россия ва Қозоғистонда қул ўрнида ишлатилаётганлигини билдирган. Жорий йилда 1283 нафар эркак одам савдосидан азият чекканлиги аниқланган.

Чинозлик беш нафар эркак ҳам бир аёлнинг ваъдасига ишониб¸ Қозоғистоннинг Қизил Ўрда шаҳрида 25 кун давомида қул ўрнида ишлашга мажбур бўлишди. Улар орасида икки ўғли билан бирга Ахрор Жумазов ҳам бор.

“Чиноз туманилик Ким Вика исмли аëл бизларни алдаб¸ Қизил Ўрда шаҳрига борасизлар¸ деди. Биз унга ишондик. Ишлашингизга қараб 300.000, 350.000 пул берамиз¸ деди”.

Ўзбекистон бош прокуратураси маълумотига кўра, жорий йилда одам савдоси билан боғлиқ 436 та жиноий иш қўзғатилиб, 339 нафар одам жиноий жавобгарликка тортилган. Трафик қурбонлари орасида эркаклар билан биргаликда 28 нафар вояга етмаган болалар ва 166 нафар аёллар ҳам бўлган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг нашри бўлган “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, биргина Жиззах вилоятида жорий йилнинг 8 ойи мобайнида одам савдоси билан боғлиқ 17 ҳолат аниқланиб, улар юзасидан ҳозиргача 13 та жиноят иши қўзғатилган. Яқинда жиззахлик 20 нафар эркак Қозоғистонга бориб қуллик нималигини ўз бошидан кечириб қайтишди. Жиззахнинг Зарбдор шаҳарчасида яшовчи Ўрол ака 2000 АҚШ доллари миқдорида меҳнат ҳақларини олмаган бўлсада қулликдан қутилганига шукур қилади.

“Иқтисодий жиҳатдан қийналганимиз учун берилган катта ваъдаларга ишониб борган эдик. Бола-чақамизга кийим қиламизми, ғалла сотиб олишга пул қиламиз деб борган эдик. Бизга 3 маҳал иссиқ овқат ваъда қилган эди. Нонсиз, овқатсиз ишлатиб, ошқозон касалига дучор бўлиб келдик. Макарондан бошқа нарса еганимиз йўқ. Роса дўппослашарди. Қочиб кетадиган бўлсанг, ўлигингни Ўзбекистондан келиб ҳеч ким олиб кета олмайди, деган гапларни айтишган. Кечқурунлари қозоқлар билан гуруҳ бўлиб келиб тепкилаб кетишарди”.

Ўзбек эркаклари қул ўрнида мажбурий меҳнатга жалб қилинса, ўзбек аёлларидан жинсий эксплуатация ўрнида фойдаланиш ҳолатлари кузатилади.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти ходими Баҳром Ҳамроев Россияда ҳам ўзбек қизларининг фоҳишалик учун мажбурий сотилиш ҳолатлари кўплиги ҳақида гапиради.

“Ҳозир ўзбек қизлари жуда кўп. Ҳатто Москвани марказида ўзбек фоҳиша қизларини сотадиган гуруҳлар пайдо бўлган. Уларни жуда кўпчилиги асосан алдаб олиб келинади. Уларни паспортларини олиб қўйиб уларни мажбуран фоҳишаликка олиб чиқишади”.

Ўзбекистон расмийлари хорижга кетаётган фуқароларнинг мушкул вазиятларга тушишларига сабаб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари эканлигини таъкидлашади.

Кузатувчи Тўрабек Сано эса бу ҳолатда ҳукуматнинг ўзини айблар экан, Ўзбекистон фуқароларининг қулликка тушиб қолишига мамлакатдаги иқтисодий муаммолар сабаб бўлаётганлигини айтади.

“Ишсизлик муаммоси ўзбекларни қул бўлиб қолишига, мажбурий меҳнатга жалб этилишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонда умуман иш йўқ. Қолаверса, ўзбек миллатининг бошқа танлаш йўли қолмаган. Яъни, ўзбек миллати бошқа юртларда мардикорлик қилмоқда. Бу эса уларнинг охир-оқибат қулликка тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Одам савдосидан энг катта азоб чекëатганлар ўзбек аëлларидир. Қолаверса, Россия ва Қозоғистонда мардикорлик қилиб азоб чекаëтган ўзбек мардикорларидир. Ўзбек мардикорларини аҳволини ўнглаш учун Ўзбекистонда ҳаммасини нольдан бошлаш керак. Одам савдосига қарши курашиш учун авваламбор Ўзбекситонни ўзида ислоҳот ўтказиш керак”.

Жорий йилда Ўзбекистон одам савдосига қарши халқаро конвенцияни ратификация қилди. Ўзбекистон фуқароларини ҳимоялаш учун парламент томонидан “Одам савдосига қарши кураш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Шунингдек, Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш учун 2008-2010 йилларга мўлжалланган миллий дастур ишлаб чиқилган.
XS
SM
MD
LG