Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:31

Ҳуқуқ фаоллари озод этилди


Сўнгги кунларда Ўзбекистонда бир қанча ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқдан озод этилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш «Эзгулик» жамиятининг Жиззах вилояти, Зарбдор туман бўлими раиси Мамаражаб Назаров, шу ташкилотнинг Андижон вилояти¸ Марҳамат тумани бўлими раиси Дилмурод Муҳиддиновлар қамоқдан озод этилди. Шунингдек, айрим хабарларга кўра, таниқли журналист¸ Президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримовга Самарқанддаги руҳий хасталиклар касалхонасидан жавоб берилган ва уй қамоғида сақланмоқда.

Мамаражаб Назаров товламачилик ва безориликда айбланиб, бундан уч ярим йил муқаддам озодликдан маҳрум этилган эди. Лекин, кузатувчилар фикрича, аслида у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолияти учун қамоққа ташланган эди. Бугун Мамаражаб Назаровнинг сафдошлари ва дўстлари уни озодликка чиққани билан табрикламоқдалар.

“Эзгулик” жамиятининг Зарбдор тумани бўлими раиси Мамаражаб Назаровнинг озодликка чиқарилгани ҳақида Озодлик радиосига жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев хабар килди:

“Биз дўстларимизни озод бўлганидан хурсандмиз. Ҳозирча фақат Мамаражаб Назаровнинг қамоқдан чиққанлиги тасдиқланди”.

Мамаражаб Назаров 2006 йилнинг 19 июлида Жиззах шаҳар суди томонидан уч ярим йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У Ўзбекистон ЖКнинг товламачилик ва безорилик моддалари билан айбланган эди. Бироқ¸ судда қатнашган инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, гарчи суд жараёнида унинг айбдорлиги исботланмаган бўлса-да, Мамаражабов Назаров уч ярим йилга кесилган эди. Бахтиёр Ҳамроев инсон ҳуқуқи ҳимоячисининг қамоққа ташланишининг асл сабабини мана бундай изоҳлайди:

“Ойнага қарасангиз қандай акс берса худди ўшандай аниқ бу. Мамаражаб Назаровни олиб борган фаолияти туфайли қамаб юборишди. Мамаражаб Назаров ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида жуда кўплаб судларда қатнашгани¸ Зарбдор туманида бўлаëтган ноҳақликлар ҳақида айниқса¸ фермерларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жуда кўп ишлар қилгани ҳукуматга ëқмаганидан унга туҳмат қилиб қамаб юборишган эди”.

Мамаражаб Назаровнинг адвокати, Герман Хегайнинг Озодлик радиосига айтишича, аслида Мамаражаб Назаров анча олдин қамоқдан озод бўлиши керак эди.

“Қонун бўйича, у айбланган жиноят унчалик оғир бўлмаган жиноят ҳисобланади. У 2006 йилнинг 30 ноябридаги амнистия билан озод қилиниши керак эди. Чунки у биринчи марта судланган ва бу каби жиноятлар амнистияга тушади. Лекин уни колония поселениядан қамоқхонага ўтказишди ва амнистиядан маҳрум қилишди”, дейди Герман Хегай.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев Мамаражаб Назаровнинг қамоқдан озод этилиш сабабини Ўзбекистон ҳукуматининг Европа Иттифоқи билан олиб бораётган музокараларида деб билади:

“Мен бу ерда бир нарсани айтмоқчиманки¸ буларнинг озод қилиниши Ўзбекистон билан ЕИ ўртасидаги музокараларнинг натижаси. Мен илгари ҳам ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида айтганман. Қандай бўлишидан қатъий назар¸ муносабатларни ўзгартирган ҳолда дўстларимизни қамоқдан чиқариш керак деб ҳисоблайман. Мен учун азиз бўлган шоир Юсуф Жумани ҳам¸ жиззахлик Насим Исоқовни¸ Аъзам Фармоновни ва қолган барча дўстларимизни ҳам қамоқдан чиқади деб умид қиламиз”.

Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя килиш «Эзгулик» жамиятининг Андижон вилояти¸ Марҳамат тумани бўлими раиси Дилмурод Муҳиддинов ҳам қамоқдан озод этилди. Дилмурод Муҳиддинов 2005 йилда Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланиб, беш йилга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳали тўла тасдиқланмаган хабарларга кўра, Президент Ислом Каримовнинг жияни таниқли журналист Жамшид Каримовга Самарқанддаги руҳий хасталиклар касалхонасидан жавоб берилган ва уй қамоғида сақланмоқда.
XS
SM
MD
LG