Линклар

logo-print

Аъзам Турғунов устидан ҳукм чиқариш 23 октябрга қолдирилди


http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_mw800_mh600.jpg 20 октябр куни Қорақалпоғистоннинг Амударё тумани судида ҳуқуқ фаоли ва мухолифатчи Аъзам Турғуновга очилган жиноий иш бўйича маҳкама жараёни якунланиб, суд ҳукмини ўқиш 23 октябрга белгиланди. Давлат қораловчиси суд раисидан Аъзам Турғуновга нисбатан 13 ярим йиллик қамоқ жазоси белгиланишини сўраган. Аъзам Турғунов жорий йилнинг 11 июль куни 20 миллион сўм пора талаб қилганликда гумон қилиниб ҳибсга олинган эди. Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 –моддаси¸ товламачилик банди бўйича айбланмоқда.

17 октябр кунги маҳкама жараёнида ҳуқуқ фаоли Аъзам Турғуновга сўнгги сўз берилган бироқ¸ унинг сўзи охиригача тингланмасдан суд 20 октябр қолдирилган эди. 20 октябр куни сўнгги сўзини давом эттириш ҳуқуқини қўлга киритган Аъзам Турғунов икки соат мобайнида сўзлаган. Бу ҳақда унинг жамоатчи ҳимоячиси Робия Ўтамуродова Озодликка маълум қилди.

“Бугун охирги сўз соат 10га белгиланган бўлишига қарамасдан 11.25да бошланди. Шундан соат 13.30да тугади. Сўнгсўз 2 соату 5 минут давом этган бўлса¸ шунинг 5 минутида Ҳамза Салаев гапирди. Қолган икки соатида Аъзам Турғунов гапирди. Аъзам ака инкор қилиб бўлмайдиган далиллар билан шунақа гапириб қўйдики¸ у кишининг гапларини ëлғон дейишнинг умуман иложи йўқ. Аъзам ака ўзларига нисбатан Тошкент ва Наманганда уюштирилган провакацияларни¸ 2008 йилнинг қишида Нукус шаҳар прокуратурасида у кишини уриб¸ костюмларини дабдала қилиб¸ йиртиб ташлаганликлари ҳақида гапириб бердилар”.

Давлат қораловчиси суд раисидан Аъзам Турғуновга нисбатан 13 ярим йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилишини сўради. Ҳуқуқ фаолининг адвокатлари эса Аъзам Турғуновнинг айби исботланмаганлиги айтиб, уни ҳибсдан озод қилишни сўрашган.

“Биз суддан оқлаш ҳукмини сўрадик. Чунки бу ерда 165 модданинг ҳеч қанақа талаблари йўқ. Бу ерда аниқ шантаж бўлаяпти. Бу фуқаровий ишдан келиб чиқаëтган иш. Агар терговчи бошида бу ишни яхшилаб текширганида, ўшанда ҳал бўлиб кетар эди. Қорақалпоғистон республикаси прокурори жиноий иш очиб, хатога йўл қўйган деб ҳисоблайман”¸ деди адвокат Рустам Тўлаганов.

Айблов даъвосига кўра¸ Аъзам Турғунов қорақалпоғистонлик бир аёлнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган пайти ишни тўхтатиш учун жавобгар томондан 20 миллион сўм миқдоридаги пора олишга уринаëтган пайтда қўлга олинган.

Терговчи¸подполковник Карим Бердиев Аъзам Турғуновни уюшган жиноятчиликда айблайди.

“165 модданинг 3 қисми а ва б бандлари билан унинг иши судга ўтказилди. У 20 миллион сўм миқдордаги пулда гумон қилинаяпти. Бу товламачилик ҳисобланади”.

Аъзам Турғуновнинг сафдошлари ва ҳамкасблари эса унинг сохта жиноятда айбланаётганини таъкидлашади. Аъзам Турғунов кейинги пайтларда Қорақалпоғистондаги бир қатор судларда жамоатчи ҳимоячи сифатида қатнашиб¸ ғолиб чиқаётган эди. Айниқса, унинг Қорақалпоғистонда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан содир қилинаётган қонунбузилишлар ҳақида халқаро матбуот орқали кўплаб чиқишлар қилганлиги¸ ҳукуматнинг ғазабини қўзғаган бўлиши мумкин¸ дейди Аъзам Турғуновнинг сафдоши Рустам Қорабоев.

“Қорақалпоғистонда судни ҳам, прокуратурани ҳам Худо уриб кетган. У ерда ҳаммаси ўзбошимча. Мен Аъзам акага “Қўйинг, сиз буни қилманг. Бу ерда ҳаммаси ўзбошимча” деб айтган эдим. Прокуратура, милиция ва МХХ бу ерда халқни талаб ëтибди. Бизлар у ерда бош прокурорни, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ўтамуродовни ноқонуний санкция бериб қамаган Йўлдош Рўзимов деган прокурорни, департаментни устидан бориб иш қўзғатганимиздан кейин “Сен шундай қилдингми, биз ҳам қиламиз” деган мақсадда уюштиришган холос”.


Маҳкама жараёнини бевосита кузатаётган мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова Аъзам Турғунов уюштирилган жиноят қурбони бўлаётганлигини таъкидлайди.

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилган, сиëсатга аралашган ва мухолифат сафида бўлганларга уюштириладиган одатдаги судлардан бири бу. Ўзбекистон судларидан одилликни ҳеч қачон кутмаганмиз. Лекин Аъзам акага нисбатан қўлланилган қийноқларга ҳуқуқий баҳо берилиши керак эди. Бошиданоқ бунинг нима билан тугашини ҳамма билган. Аввал ҳукмни чиқариб қўйиб, кейин ўшанга мослаб судни олиб бориш жараëни бу”.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари ва мухолифатдаги “Эрк” партияси аъзоси Аъзам Турғунов аввал ҳам товламачиликда айбланиб, икки йиллик қамоқ жазосини ўтаб чиққан. Агар у яна қамалса, рецидивист сифатида унга нисбатан қийноқлар қўлланилишидан хавотир билдиради унинг сафдошлари.
XS
SM
MD
LG