Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:44

Жамшид Каримов озод этилдими?


Cўнгги кунларда Интернет сайтларида Ўзбекистон Президентининг жияни, журналист Жамшид Каримовнинг Самарқанддаги руҳий хасталиклар касалхонасидан озод этилгани ҳақида бот-бот хабарлар пайдо бўла бошлади. Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар, ҳокимларнинг ноқонуний ишлари ҳақида мақолалар ёзган Жамшид Каримов бундан икки йил олдин ана шу касалхонага мажбурий ётқизилган эди. Хўш, Жамшид Каримов ҳақиқатан ҳам озод этилдими?

Жамшид Каримов билан Жиззахнинг бир мавзеъсида истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроевнинг Озодлик радиосига айтишича, у бир неча кундан буён ана шу хабарга аниқлик киритишга уринмоқда¸ лекин барча ҳаракатлари натижасиз тугаяпти. Бахтиёр Ҳамроевга кўра, у бир неча марта Жамшид Каримовнинг уйига қўнғироқ қилган. Лекин¸ гўшакни кўтарган аёл адашиб тушибсиз деб, гўшакни қўйиб қўймоқда.

Жамшид Каримов Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг акаси Арслон Каримовнинг ўғли. Кузатувчиларнинг айтишларича, Арслон Каримов автоҳалокатга учраб ҳалок бўлгунга қадар¸ Жиззах шаҳар судининг раиси лавозимида ишлаган. Халқ орасида ҳалол ҳамда қоннуни ҳурмат қилувчи судья сифатида ном қолдирган. Жамшид Каримов аввал Жиззах вилояти ҳокимлигида матубот хизмати бошлиғи сифатида ишлаган¸сўнгра мустақил журналист сифатида фаолият юритган. Унинг интернет нашрларига ёзган мақолалари ҳамда инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатидаги фаолияти аста-секин маҳаллий раҳбарларнинг жиғига тега бошлаган. Кейинроқ Жамшид ҳокимиятдан ишдан кетди ва бутун фаолиятини мустақил нашрлар билан боғлади. Танқидий чиқишлари муносабати билан уни бир неча марта калтаклаб кетишди ҳам. Жамшид Каримовнинг онаси Маргарита Каримова ана шундай ҳодисалардан бири ҳақида 2004 йилнинг октябрида Озодлик радиосига шундай деган эди:

“У эрталаб уйдан чиқиб 10 қадам юриши билан иккита барзанги йигит келиб уни ерга ëтқизишибди ва оëқлари билан тепишибди”.

Маҳаллий инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев, Жамшиднинг бу ҳужумдан олган жароҳатларини Озодлик билан суҳбатда шундай таърифлаган эди:

“Орқасидан келиб уришган. У йиқилгандан кейин роса тепкилашган. Юзига умуман қараб бўлмайди. Пешонаси олти жойидан тикилган. Юзи шишиб кетган”.

Бахтиёр Ҳамроев фикрича¸ Жамшид Каримов, айнан ўша пайтдаги вилоят ҳокими Убайдулла Ямонқуловнинг қаҳрига учрагани аниқ эди:

“Ягона гумон шуки¸ буни маҳаллий ҳокимият бизларни қўрқитиб қўйиш мақсадида қилган. Нега деганда инсон ҳуқуқлари билан Жамшид ҳам шуғулланган эди. У 2000-2002 йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Жиззах вилояти бўлимининг аъзоси бўлган. Мустақил журналист бўлгандан кейин ундан чиқиб кетишга мажбур бўлди. Мен Жамшидга “Сенинг гумонинг кимдан?” десам¸ у “Маҳаллий ҳокимият менинг бу ердан чиқиб кетишимни ҳоҳлаяпти. Чунки менинг бу ердалигимдан маҳаллий ҳокимият безовта бўлаяпти” деб айтди”.

Лекин бу билан ҳам Жамшиднинг овози пасаймади ва у ижтимоий адолатсизликлар ҳақида янги мақолалар чоп қила бошлади. 2006 йилнинг сентябрида у Жиззах шаҳар суди ҳукми билан Самарқанддаги руҳий касалликлар касалхонасига олти ойга мажбуран ётқизилди. Лекин ҳар олти ойда унга яна олти ойлик муҳлат қўшилиб борди. Шу йилнинг март ойида Жамшиднинг онаси вафот этди. Жиззахликларнинг айтишларича, Жамшид қўриқчилар қаровида онасининг жанозасида иштирок этган ва яна касалхонага қайтариб олиб кетилган. Сўнгги бир йил давомида психотроп дориларни кўп истеъмол қилгани учун Жамшиднинг соғлиги анча ёмонлашган, хотираси заифлашган ва кўзи яхши кўрмай қолган¸ деган маълумотлар ҳам бор.
XS
SM
MD
LG