Линклар

Ҳарбий хизматга чақирув давом этмоқда


Ўзбекистонда ҳарбий хизмат ёшидаги йигитлар учун кузги чақирув давом этмоқда. Айни пайтда армияга бориш истагида бўлганларнинг ҳам, ҳарбий хизматдан қолишни ҳоҳлаётганларнинг ҳам ҳаракатга тушганлиги кузатилади. Маҳаллий мудофаа бўлимларида эса ҳарбий чақирувни ташкил қилиш қизғин паллага кирган.

Қашқадарёлик Шероз Ҳайит ҳарбий хизмат ёшида. У армия сафида хизмат қилишни ҳоҳлайди.

“Албатта ҳоҳлайман. Ўғил бола дегани армияга бориши керак, кўриши керак”.

Ўзбекистонда шаҳарлик ёшларга нисбатан қишлоқ йигитлари орасида ҳарбий хизматга иштиёқ кучлилиги кузатилади, дейди Тўлқин исмли суҳбатдош.

“Ҳарбий хизмат ҳозир ëшлар ичида кенг тарқалиб бормоқда. Буни айниқса қишлоқ ëшлари орасида кўп кузатиш мумкин. Шаҳарликлар орасида бу унчалик кенг тарқалган эмас”.

Ўзбекистон қонунларига кўра, ҳарбий хизматнинг муддатли, сафарбарлик чақирув ва шартнома асосидаги турлари жорий этилган.

Муддатли ҳарбий хизмат 9 ой ва бир йиллик бўлиб, кейинги пайтда ҳарбий хизматнинг айни турига ўзбек йигитлари орасида қизиқиш кучаяётгани кузатилади. Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот идораларида ишлаш учун айнан муддатли ҳарбий хизматни ўташ шартлиги бу қизиқишга сабаб бўлаётгани маълум.

“Ҳозир жуда кўп давлат корхоналарига армияда хизмат қилмаган бўлса олишмаяпти. Армияда хизмат қилмаган одамни савияси армияда хизмат қилган одамни олдида паст турар экан. Шунинг учун кўп ëш йигитлар ҳозир армияга боришга мажбур бўлишаяпти”.

Армияда хизмат қилишга иштиёқманд тенгдошларидан фарқли равишда 20 ёшли Тўрабек Сано ўзбек армияси сафида хизмат қилиш ниятида эмас.

“Мен армияга боришни умуман истамас эдим. Ўзбекистон армияларида ватанга хизмат тушунчаси оддий иккита сўзга айланиб қолган холос. Мен ҳарбий хизматга борадиган бўлсам, мени хизматим эвазига ҳарбий қуролли кучларимизни юқори даражага эришади деб бўлмайди”.

Лекин армияга боришни орзу қилувчи йигитларга ҳам осон эмас дейди ўттиз йил ҳарбий соҳада ишлаган, ҳозирда истеъфодаги полковник Рустам ака. Унга кўра, ҳарбий чақириқ пайти таъмагирлик ва порахўрлик авж олиши йигитларнинг орзулари амалга ошишига ҳалақит беради.

“30, 40 фоизи пул бериб ҳал қилса керак. Ўзбекистонда ҳарбий соҳа бошқа ҳамма соҳалар сингари коррупция ботқоғига ботган бир тизим. Чунки жамиятни ўзи таназзулга учраган. Шу сабабли бундай носоғлом бир жамиятда соғлом армияни бўлишини тасаввур қилиш мумкин эмас”.

Айрим йигитларнинг муддатли хизматга бориш учун берган пуллари кимнингдир чўнтагига кетса, сафарбарлик чақирув резервидаги хизмат учун эса давлат ҳисобига ҳақ тўлаш лозим бўлади.

Энг кам иш ҳақининг 25 баробари миқдорида ҳақ тўлангач, бир ой хизмат қилиб, ҳарбий гувоҳнома олиш мумкин.

Ўзбекистонда энг кам ойлик 25400 сўм бўлиб, унинг 25 баробари тахминан 470 АҚШ долларига тенг бўлади.

Айни маблағни тўлашга эса барча ўзбекистонликларнинг ҳам имкони етмаслиги маълум.

Истеъфодаги полковник Рустам ака фикрича, пул тўлабми ёки тўламайми армия сафида хизмат қилишга эришган йигит учун ўзбек армиясида барча шароитлар ҳам мавжуд эмас.

“Ўрнак қилиб кўрсатса бўладиган қисмлар ҳам бор. Лекин аксарияти етарли билим беришга қодир эмас. Машғулотлар номига ўтказилади. Ўқотар қуроллардан фойдаланиш, сафда юриш тайëргарлиги, жисмоний тайëргарлик, Ислом Каримов асарларини ўрганиш ва ҳоказо. Армияда аскарларни кийим-кечаги борми, озиқ-овқати борми, улар ишлатадиган техникани ëқилғи мойлаш материаллари борми ҳаммаси ўзлаштирилади, талон-тарож қилинади. Натижада аскарлар етарли озиқ-овқат истеъмол қила олмайди, ҳарбий техника жанговор машқларга чиқиш ўрнига туриб қолади, кийим-кечакни эса эскисида юради”.

20 ёшли Тўрабек Сано эса ўзбек армияси сафида хизмат қилишни ҳоҳласлигини қуйидагича изоҳлайди.

“Ҳарбий хизматга борган йигитлар 100 фоиз юқорининг буйруғига амал қилишга мажбурланади. Уларнинг шуурига қандай буйруқ бўлишидан қатъий назар, агар у инсониятга қарши бўлса ҳам, амалга ошириш кераклиги сингдирилади. Андижонда ўз ҳаққини талаб қилиб чиққан халқимизни отганлар ҳам ҳарбийлар эди”.

Айни кунларда муддатли харбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган фуқаролар Ўзбекистон қуролли кучлари резервига бўшатилиб, чақирув ёшидаги фуқароларни жорий йилнинг октябр ва ноябр ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақириш давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG