Линклар

logo-print

Индира Умарова: "Эрим одам эмас, ўсимликка ўхшаб қолибди"

  • Сарвар Усмон

“Эрим одам эмас, ўсимликка ўхшаб қолибди, мени ҳатто танимади. У шу қадар ҳолдан тойганки, оғзига солинган луқмани ютишга кучи етмади”. Бу гапни Озодлик мухбирига “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси раиси Санжар Умаровнинг турмуш ўртоғи Индира Умарова айтди. Умарова хонимнинг айтишича, у 17 октябрь, жума куни Товоқсой колониясида эри билан учрашган.

“Эримни кўрган одам уни одамсифат бир жонзот, деган фикрга бориши мумкин. У озиб-тўзиб кетган, илгари, қамалгунича вазни 100 килонинг атрофида бўлган одам шу кунда 50 кило ҳам чиқмайди. Отасини соғинган қизларим уни кўриши биланоқ чўчиб, ўзларини олиб қочишди. Дарди бедавога йўлиққан, ўлимини кутиб ётган одамга ўхшаб қолибди, эрим. Гапиришга ҳам ҳоли йўқ”, дейди Индира Умарова.

Айтишича, у Товоқсойдаги турма нозирлари эрига яхши муомалада бўлаётганига гувоҳ бўлган.

“Бутун дардни эрим Қизилтепа колониясидан илаштириб келган. Танасида қийноқ, тиззаларининг ортида тўқмоқ излари ҳануз яққол кўриниб турибди. Афтидан тиз чўкишга мажбур қилиш учун ураверишган”, дейди Индира Умарова.

Индира Умарова қизлари билан бирга эри Санжар Умаров билан турманинг учрашувлар учун ажратилган хонасида бир кеча ўтказди.

“На мени, на қизларини таниган турмуш ўртоғим билан хайрлашиб эмас, видолашиб чиққандай бўлдик”, дейди Индира Умарова.

У 5 фарзанди билан АҚШда яшайди. Эри қамалганидан буён биринчи марта Ўзбекистонга келиши. Шу пайтгача келмаганини Индира Умарова Америкага эсон-омон қайтиб кетишига ишона олмагани билан изоҳлади. Ҳозир ҳам доим назорат остидаман, дейди у.

Индира Умарова эри турмада ўлиб қолишидан қўрқмоқда. Чиқаришларини сўраб турма бошлиғига мурожаат қилди, 22 октябрь куни Жазо ўташ муассасалари бош бошқармасига мурожаат қилмоқчи.

1956 йили туғилган, 5 фарзанднинг отаси, тошкентлик тадбиркор Санжар Умаров бундан уч йил муқаддам, 2005 йил апрелида Ўзбекистондаги бир қатор жамоат ташкилотлари ва расмий қайддан ўтказилмай келаётган партияларни "Серқуёш Ўзбекистон" деб атагани коалицияга бирлаштириш йўлида ҳаракат бошлади.

Санжар Умаровнинг тадбиркор сифатидаги потенциали тўғрисида тасаввурга эга бўлиш учун унинг 1991 йили Ўзбекистондаги биринчи мобил алоқа ширкати “Ўздунробита”ни ташкил қилганини эслаш кифоядир.

Таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев Санжар Умаровни шахсан танийдиган ўзбекистонликлардан бири.

“Санжар Умаров қамалгунича мен у билан 5, 6 марта учрашганман. Мен у кишида ҳеч қачон сиëсатга енгил қараш каби нарсаларни кўрмаганман”.

“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси лидери Санжар Умаровнинг фикрича, “ҳукумат амалга ошираётган сохта ислоҳотлар мамлакатни боши берк кўчага олиб кириб қўйган”. Коалициячилар энг аввало иқтисодий талабларни илгари сура бошладилар. Уларнинг фикрича, “мустақил Ўзбекистоннинг иқтисодиёти ҳанузгача советча иқтисодиётни эслатмоқда эди”.

2005 йилнинг 18 октябрида “Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси Олий мажлис депутатларига очиқ мактуб йўллаганди.

Андижон воқеалари муносабати билан ёзилган мазкур номада парламент депутатлари сиёсий мулоқот бошлашга даъват қилинган, Умаровнинг шахсан ўзи эса, Россия ва АҚШ ҳукуматларига мурожаат қилиб, зудлик билан вазиятни барқарорлаштиришга ҳисса қўшишга даъват қилган эди.

Шундан сўнг кўп ўтмай Санжар Умаров қўлга олинди ва 2005 йилнинг октябрида ўтказилган судловда иқтисодий жиноятлар содир этганликда айбдор топилиб, 14 ярим йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Бироқ, таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев, суд ҳукми ортида сиёсий сабаблар бор деган фикрда.

“Санжар Умаровнинг қамалишининг асосий ва ягона сабаби унинг сиëсий фаолияти. Санжар Умаров олдинга сурган лойиҳалар, режалар умуман Ислом Каримовга тўғри келмади. Санжар Умаровга эргашган ëки унинг атрофида бўлган тадбиркорларни қўрқитиш учун, унга маслаҳат берган амалдорларни қўрқитиш учун улар ниҳоятда қаттиққўллик билан Санжар Умаровдан ўч олишди”.

Кейинги ойларда Санжар Умаров жазони Навоий вилоятидаги Қизилтепа колониясида ўтади. Сўнгги бир¸ бир ярим ойдан буён у Товоқсойдаги зонада ва унинг ҳаёти хавф остида қолган.

Нигора Ҳидоятова Санжар Умаров етакчилик қилган “Серқуёш Ўзбекистон” коалициясига аъзо ташкилотлардан бири – ҳукумат расмий қайддан ўтказмай келаётган “Озод деҳқонлар” партияси лидерларидан бири.

“Санжар Умаровни зудлик билан озодликка чиқариш керак. Уни шу аҳволда қамоқда ушлаётгани ҳокимиятнинг катта гуноҳи”, деди Нигора Ҳидоятова.
XS
SM
MD
LG