Линклар

МО сув борасида келишувга эришди...ми?

  • Садриддин Ашур

Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги сув муаммосига Бишкекдаги давлатлар раҳбарлари учрашувида нуқта қўйилгандай бўлди. Зеро, қўшни давлатлар раҳбарлари сув-энергетика масалаларини ҳал қилишда сўнгги 17 йил ичида энди муросага келгандай бўлдилар. Ўзбекистон Қирғизистонга газ таъминотини кўпайтирадиган, Қозоғистон эса қиш пайтида Қирғизистон ТЭЦларини кўмир билан таъминлайдиган бўлди. Хўш, бу муроса, абадий муроса бўлиб қоладими? Сув энергетика муаммолари энди баҳамжиҳатлилик билан ҳал килинадими?

Марказий Осиёдаги сув-энергетика муаммоси оддий бир нарсага бориб тақалади. Собиқ иттифоқ пайтида Қирғизистон ва Тожикистондаги сув омборлари сувни йиғар, ёзда эса қишлоқ хўжалиги эҳтиёжи учун қўйиб юбориларди. Бу Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун етиб ортарди. Ўз пайтида эса Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон қиш пайтида Қирғизистон ва Тожикистонни электр энергияси ва ёқилғи билан таъминларди. Бугун эса ана шу занжир узилган. 17 йилдан буён мамлакатлар раҳбарлари бир битимга келишолмасди. Бишкекда 10 октябр куни бу масалада келишилгандай бўлди.

Қирғизистон Президенти Қурманбек Бакиев Ўзбекистон билан келгуси йилнинг биринчи чорагида 150 миллион кубометр қўшимча газ олиш ҳақида келишганини эълон қилди. Қозоғистон ҳам мамлакат шимолини электр энергия билан таъминловчи Бишкекдаги ТЭЦга кўмир етказиб беришни ваъда қилди. Бир томондан қараганда ҳаммаси рисоладагидек. Лекин, Қирғизистон Миллий ФАнинг сув муаммолари ва ирригация институти директори Дуйшен Маматканов Бишкекдаги бу муросанинг абадий бўлишига ишонмайди:

“Бу муроса ҳам, ярашув ҳам эмас. Бу шунчаки бир-бирини вақтинчалик тинчлантириш. Қозоғистон кўмир, Ўзбекистон қўшимча газ беради экан. Лекин Ўзбекистон текинга бермайдику, пулга беради. Қирғизистон эса сувни текинга беради. Бу адолатсизлик. Агар Ўзбекистон газни Қирғизистондан оладиган сув эвазига бепул берганда эди, уни муроса, ҳурмат, келишув деса бўларди”, дейди Дуйшен Маматканов.

Академик ўзининг бу гапларини шундай асослайди:

“Тўхтағул сув омбори остида 28 минг гектар унумдор ер қолиб кетган. Бу ер ҳар йили Қирғизистонга 6 миллион долларлик ҳосил бериши мумкин эди. Бу зарарни ҳозир ҳеч ким қопламаяптику. Боз устига Тўхтағул каскадинининг барча харажатлари Қирғизистон зиммасида. Демак, бошқа энергоресурслари бўлмаган мамлакат қиш пайтида электр энергия олиш учун сувни ҳайдайди-да. Бу сув эса ёз пайтида Ўзбекистон ва Қозоғистон учун керак. Қирғизистон қишлоқ хўжалигига Норин дарёсининг икки фоиз суви етиб ортади. Демак, биз қўшнилар учун сувни қиш пайтида тўплашимиз ва ёзда шундай бераверишимиз керак экан-да? Бизнинг харажатларимизни ким тўлайди?”, дейди Дуйшен Маматканов.

Академик ўзбекистонлик мутахассис Виктор Духовныйнинг мана бу рақамларини келтиради.

“Агар Ўзбекистон сувни ўз вақтида ва керагича олса, ундан 800 миллион доллар даромад қилар экан. Шундан Қирғизистоннинг харажати учун Ўзбекистон ва Қозоғистон 150 миллион долларини берса, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Марҳамат ўзлари сувнинг бошига келиб, бошқариб туришсин”, дейди Дуйшен Маматканов.

Ўзбекистон сув муаммолари ва ирригация институти директори Виктор Духовний бундай уч йил олдин ана шу муаммо бўйича Озодлик радиосига берган интервьюсида шундай деган эди:

“Қирғизистоннинг қиш пайтида ëнилғи ресурслари бўйича ёрдам бериш ҳақидаги талаби тўғри талаб. Қирғизистон сувни тўплайди, керагича тақсимлайди, лекин бундан ўзи фойда олмайди. Мен ўйлайманки, уларга ёрдам бериш керак. Лекин фақат сувни тўплаганлик ва бошқариб тургани учун. Бундан ортиғини талаб қилиш бу гидроэгоизм бўлади”, дейди Виктор Духовный.

Унинг фикрича, сув кўп бўлган йиллари бундай инқироз ҳеч қачон бўлмайди. Шунинг учун, буни ҳал қилиш учун махсус конценсус тузиш лозим. Сувни бошқа давлатларга босим ўтказиш учун қурол қилмаслик керак, дейди Виктор Духовный.

Таҳлилчи Аркадий Дубнов Центразия Интернет сайтида ёзган мақоласида бундай келишувга эришилишида Россиянинг қўли борлигини таъкидлаб ўтади. Зеро, яқинда қирғиз-россия музокараларида «Газпром» масъуллари Қирғизистонга унга етишмаётган газни Ўзбекистондан сотиб олаётган газ ҳисобига тўлдиришни таклиф қилган.

Бу ўринда, дейди таҳлилчи, Ўзбекистон Қирғизистонга газ етказиб берувчи ягона монополистликдан чиқиб қолади. Ва энди ҳар қиш остонасида расмий Бишкек, Тошкентнинг газни тамоман ўчириб қўямиз деган хабаридан ташвишланмаса ҳам бўладиган кўринади.
XS
SM
MD
LG