Линклар

http://gdb.rferl.org/4822E55C-B674-424F-9605-966F8E19A008_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/4822E55C-B674-424F-9605-966F8E19A008_mw800_mh600.jpg Куни кеча журналист ва ҳуқуқ фаоли Солижон Абдураҳмоновнинг адвокатлари Қорақалпоғистон Олий судига апеляция тартибида шикоят аризаси топширди. 12 кун аввал Солижон Абдураҳмонов наркотик сотишга ҳаракат қилганликда айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди.

Солижон Абдураҳмонов «Озодлик» ва «Америка овози» радиолари, Уруш ва тинчликни ёритиш институти, Uznews.net интернет сайти сингари бир қатор ҳалқаро оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилган. Кейинги йилларда эса журналистика билан биргаликда ҳуқуқ фаоли бўлиб ҳам фаолият кўрсатаётганди.

Солижон Абдураҳмоновнинг қандай журналист ва ҳуқуқ фаоли бўлганлиги борасида жуда кўплаб эшиттиришлар тайёрланган. Бугун у оилада қандай инсон бўлган деган саволга жавоб изладик...

Солижон Абдураҳмонов бир қиз ва олти ўғилнинг отаси. Унинг катта фарзанди Давронбек 33 ёшга кирди. Бугунги кунда жамиятда ўз ўрнини топган Давронбек отаси билан ҳар доим фахрланиб келганлигини айтади.

“Ҳамма дадамни ҳурмат қиларди. Шунақа одамнинг фарзанди деб дадамнинг орқасидан мени ҳам ҳурмат қилишарди. Дадамиз ҳар доим бизларга ўрнак бўлиб келган. Ҳозир ҳам ўз ишлаëтган соҳам бўйича одамлар билан учрашиб қолсам “Отангга раҳмат” деган гапларни кўп эшитаманда”.

Солижон аканинг ўзи ҳам кўп болалик оилада вояга етган. У саккиз фарзанднинг иккинчиси бўлган. Унинг кенжа укаси Баҳром Абдураҳмонов акасининг инсоний фазилатларини санайди.

“Энди унинг акалигини айтадиган бўлсак, умуман талабчан, ўзининг гапида турадиган, конкрет гапирадиган одам эди. Сингиллари ва укаларига ғамхўр одам эди”.

Давронбек отаси ҳақиқатгўй инсон эканлигини айтар экан, унинг аксарият одамларнинг кўнглини оғритган вақтлари ҳам кўп бўлганлиги ҳақида гапиради.

“Одамларни хафа қилиш, бировнинг кўнглини оғритиш каби ишлари бўлган. Лекин ўша одамлар шунақа қилишга арзийдиган одамлар бўлганда. Бундан бошқа ҳар доим халқ хизматида ишлаган”.

Бу каби кўнгил оғришлар оқибатида бир кун келиб отасининг бошида ҳам қора булутлар айланиши мумкинлигини сезганини қўшимча қилади Давронбек.

“Шахсан мен ўзим тайëр турган эдим. Дадам ҳар доим рост гап гапириб келган. Мен шунақа бўлишига ишонар эдим”.

Давронбекка кўра, отасига нисбатан журналистик фаолияти давомида босим ва тазйиқлар кўп бўлган. Лекин уни наркотик билан боғлиқ жиноятда айблашлари ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди, дейди Баҳром Абдураҳмонов.

“Ота-онам ўқимишли одамлар бўлган. Отам умр бўйи мактабда педагоглик қилган. Бир неча йиллар мактаб директори бўлган. Онам ҳам таълим соҳасида ишлаган. Ўзимиз шундай ўқимишли оиладан чиққанимиз учун ҳеч қачон қонун бузилишини ўзимиз учун маъқул йўл деб ҳисобламаганмиз. Саккизта фарзанд ҳаммамиз институт, университетларни тугатиб олий маълумотли бўлганмиз”.

Асли касби ўқитувчилик бўлган Солижон Абдураҳмонов йигирма йилга яқин вақт мобайнида ўрта умумтаълим мактабларида мураббийлик қилган. Ўтган асрнинг 90 йиллари бошидан бошлаб журналистика билан шуғулланган. Сўнгги йилларда эса инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳам фаолият кўрсатиб келаётганди.
XS
SM
MD
LG