Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:31

Ўзбекистон ва Қозоғистон Душанбе декларациясини имзоламади


«Марказий Осиёда чегараларни бошқариш ва банг моддаларини назорат қилиш» мавзуига бағишлаб Душанбе шаҳрида ўтказилган халқаро анжуман ниҳоясида минтақадаги беш давлат ва Афғонистон ўртасида бу борадаги ҳамкорликка оид декларация имзоланиши кутилган эди. Аммо анжуман якунига бир соатча қолганида Ўзбекистон ва Қозоғистон вакиллари ҳужжатни тасдиқлаш учун розилик бера олмасликларини маълум қилдилар.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги банг моддаларини назорат қилиш миллий марказининг халқаро бўлими бошлиғи Азизбек Эркабоев изоҳдан бош тортди.

Аммо Қозоғистоннинг Тожикистондаги элчиси маслаҳатчиси Марат Қузиев чегаралар ва банг моддалари борасидаги ҳамкорликка доир ҳужжат жуда кеч тақдим этилгани бунга сабаб бўлганини маълум қилди. Қузиевга кўра, ҳужжат имзоланмагани Қозоғистоннинг минтақа давлатлари ҳамда Афғонистон билан ноқонуний қурол-аслаҳа ва наркотиклар савдоси ҳамда уюшган жиноятчиликка қарши курашда ҳамкорликдан бош тортишидан далолат эмас, чунки наркотиклар савдоси бутун минтақа учун умумий муаммодир.

- Шуни назарда тутган ҳолда, Қозоғистон декларация лойиҳаси барча давлатлар томонидан тасдиқлангунигача Тожикистон, Ўзбекистон ва Афғонистон билан бу борада ҳамкорликни давом эттираверади, - дея таъкидлади Марат Қузиев.

Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ҳам бу борадаги саволимизни жавобсиз қолдирди.

Аммо Қирғизистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Таалайбек Қидиров декларация лойиҳаси аввалги халқаро анжуманларда минтақа давлатлари ва донор мамлакатлар томонидан бир неча бор муҳокама этилганини билдирди:

- Бу ҳужжатда давлат мустақиллиги ва ички сиёсатига дахл этувчи бирор масала йўқ. Аммо негадир қўшнилар декларация лойиҳаси билан ўз давлатидаги тегишли идоралар танишишлари шартлигини ва уларга Душанбеда бу ҳужжатни имзолаш ваколати берилмаганини билдирдилар, - дейди Таалайбек Қидиров.

Қирғизистон расмийсига кўра, минтақадаги барча давлатлар манфаатлари ва миллий хавфсизлигини кафолатлашга қаратилган бу ҳужжат имзоланишида муроса лозим.

Эслатиб ўтамиз, «Марказий Осиёда чегараларни бошқариш ва банг моддаларини назорат қилиш» мавзуига бағишланган икки кунлик анжуман кеча Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида иш бошлаган эди.

Тадбирнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон анжуман ва имзоланиши кутилаётган декларация нафақат Афғонистон, балки минтақадаги барча давлатлар миллий хавфсизлиги учун ўта аҳамиятли эканини уқтириб ўтганди.
XS
SM
MD
LG