Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:58

Қирғизистонда одам савдоси қурбонлари сони ортмоқда


Шерзод Юсуф Қирғизистонда одам савдоси қурбонлари сони ортиб бормоқда. Миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш қўмитаси маълумотига кўра, 2008 йилда яқинлари қулликка сотилган ёки бедарак йўқолган 250 дан зиёд фуқаро ариза билан мурожаат қилган.

Миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат қўмитаси раисаси Айгул Рисқуловага кўра, чет элга иш излаб кетаётган қирғизистонликлар алданиб қолмаслиги учун қўмита томонидан давлат рухсатномасига эга бўлган ширкатлар рўйхати интернетда эълон қилинган. Бундан ташқари, фуқаролар 189 рақамли ишонч телефони орқали ҳам иш таклиф қилаётган фирмалар тўғрисида маълумот олишлари мумкин.

- “Сотиб юборилди”, “бедарак йўқолди” қабилидаги аризалар кўп тушаяпти бизга. Қўмитамизнинг ўзида 250 та шу мазмундаги ариза кўриб чиқилди. Биз, биринчи галда, ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда шундай одамларга ёрдам бериш бўйича чора-тадбирларни амалга оширдик, - деди Айгул Рисқулова.

Расмийларга кўра, Қирғизистоннинг ўзида ҳам сўнгги пайтларда иш ўринлари кўпайиб, маошлар миқдори бир неча баробар ошган.

Бироқ чет элга иш излаб кетаётган кишилар бу фикрга қўшилмайдилар. Уларга кўра, Қирғизистондаги маош оила боқиш учун етарли эмас. Бу ерда топиладиган даромад билан уй-жой қилиш ёки бирор бизнес очишнинг имкони йўқ.

Хорижга иш излаб кетаётган қирғизистонликлардан бири ўз уйини ташлаб, олис юртларга кетишини оилавий шароит тақазо қилаётганини айтади:

- Фарзандларим кичиклигида битта ватан қилиб олмасам, эртага сарсон бўлиб қоламан. Шунинг учун куч-қувватим бор маҳалда оёққа туриб олганим яхши, деб ҳаракат қиляпман, - деди суҳбатдошимиз.

Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда чет элда ишлаётган қирғизистонликларнинг 400 мингигина қонуний иш ўрнига эга. Агар ҳозирда, турли маълумотларга кўра, 1 миллиондан кўпроқ қирғизистонлик хорижда ишлаётгани тўғрисидаги маълумотларга таянилса, меҳнат муҳожирларининг 600 минги ноқонуний ишлаётгани маълум бўлади. Қайд этиш жоизки, қулликка сотилган ёки бедарак йўқолган қирғизистонликларнинг аксариятини ана шундай номашруъ (нолегал) муҳожирлар ташкил этадилар.

Қирғизистон миграция ва аҳолини иш билан таъминлаш давлат қўмитаси раисаси Айгул Рисқулова ўзи раҳбарлик қилаётган ташкилот қошидаги одам савдоси олдини олиш масалалари билан шуғулланувчи бўлим самарали ишламаётгани ҳам бу жабҳадаги вазиятни ўнглашга тўғаноқ бўлаётганини айтади. Рисқуловага кўра, аҳволни ўнглаш учун одам савдоси олдини олиш бўйича сифатли ва самарали ишларни амалга оширишга қодир профессионал ходимлар сонини кўпайтириш лозим.
XS
SM
MD
LG