Линклар

logo-print

Ўзбекистонда янги қонун кучга кирди

  • Сарвар Усмон

22 октябрь куни Ўзбекистонда "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги қонун кучга кирди. Мазкур ҳужжатни Ўзбекистон республикаси президенти бундан олти ой муқаддам – 21 апрель куни имзолаган эди. Баъзи маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда қарийб 2 миллион автомобиль борлиги эътиборга олинадиган бўлса, 22 октябрь куни кучга кирган қонуннинг ўзбекистонликларнинг сезиларли қисмига дахли борлиги аён бўлади.

Ўзбекистондаги суғурта ширкатларидан бирининг исмини айтмаслигимизни сўраган ходими бир қатор саволларимизга жавоб берди.

Суҳбат давомида у киши бир нарсага эътиборимизни қаратдики, гапни ўшандан бошласак.

“Бу машинани суғуртаси эмас. Бу учинчи шахснинг масъуллиги. Масалан сизнинг машинангизни биронтаси уриб юборса ва машинангиз 10 минг долларга баҳоланса¸ сизга тўланадигани 35 фоиз. 35 фоизини суғурта компанияси тўлаб беради. Қолганини эса айбдор шахс тўлаб беради”.

Суҳбатдошимиз урилган машинанинг 10 минг долларлигидан келиб чиқиб айтаяпти. Бироқ қонунда суғурта ширкати тўлаб берадиган пулнинг потологи 3 минг доллар қилиб белгилаб қўйилган.

Демак, транспорт воситаси эгаси сифатида фуқаролик жавобгарлигингизни суғурта қилдирган бўлсангизу бировнинг машинасини уриб олсангиз, сизни суғурта қилган ширкат машинаси урилган одамга 3 минг долларгача тўлаб беради.

Мана энди содда саволларимиз.

Озодлик: Нима учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш мажбурий?

“Бутун дунëда шу нарса бор. Худо кўрсатмасин сизни машинангизни бошқа машина уриб юборса¸ унинг суғурта компанияси унинг пули борми ëки йўқми тўлаб беради”.

Озодлик: Нима бўлса Худодан кўрдим деб, фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдирмай қўйса-чи?

“ДАН ходими тўхтатганда жаримасини тўлаб юраверади. Бу ҳамма бажариши керак бўлган қонун”.

Озодлик: Фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилдириш учун суғурта компаниясига пул тўлаш керакдир? Қанча ўша бадал?

«Мана сизга битта ўрнак. Мени машинам Ласетти. 1999 йилда чиққан. Ҳисобласак бир йилга 28 минг сўм чиқди. Жарима эса ўзингиз биласиз энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида. Бу дегани 20 минг. Ундан кўра тинчгина бир йилга тўлаб қўйган яхшию».

Озодлик: Машинанинг арзон-қимматлигига ҳам қараладими?

«Машинангизни қимматлигига қарамайди. Битта қараладиган жойи сизнинг моторингизни қанча куб сантиметрлиги. Энди юк машиналарига анча кўп».

Озодлик: Шу пайтгача фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинмасмиди?

“Оддий суғурталаш бор эди. Масалан сизни машинангиз 20 минг доллар турса¸ сиз 100 фоизга суғурта қилишингиз мумкин. Бу бошқа¸ учинчи шахс учун жавобгарлик бошқа”.

22 октябрь куни кучга кирган "Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида"ги қонун юзасидан баъзи саволларимизга Тошкентдаги суғурта ширкатларидан бирининг ходими жавоб берди.

Қонун кучга кирди. Бироқ унда назарда тутилган хизматни кўрсатишга, ўзбекистонлик баъзи кузатувчилар фикрича, суғурта ширкатлари тайёр эмас.

Масалан, таҳририяти Ўзбекистонда жойлашган сайтлардан бирига кўра, суғурта ширкатларига фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш юзасидан ҳанузгача лицензия берилмаган.

Биз Тошкентдаги суғурта ширкатларидан бир нечтасига қўнғироқ қилдик.

UzAIG суғурта ширкати суғурта қилишнинг бу тури билан шуғулланмас экан.

Ўзбекинвест суғурта ширкати.

Озодлик: Сизларни ширкатинглар шу қонун бўйича ишлашга тайëрми?

“Ҳа тайëр”.

Озодлик: Мен бу масала бўйича қачон ва қаерга боришим керак?

Бу саволга ҳам жавоб ололдик.

Трансстрахование суғурта ширкати.

Озодлик: Бугун янги қонун кучга кирди. Шу бўйича сизлар иш бошладингларми?

“Йўқ. Бизни компания ҳозирча уни қилмаяпти. Келажакда қиламиз”.

Озодлик: Буни сабаби нимада? Баъзилари ўша компаниялар лицензия ола олмаган деб ëзаяпти. Сизлар ҳам лицензия ола олмадингларми?

“Йўқ биз ўша қўйилган талабларга жавоб берганимиз йўқ. Келажакда қиламиз”.

Озодлик: Ўзи бу иш билан қайси компаниялар шуғулланаяпти?

“Ҳозирча ҳеч нарса дея олмайман. Мен аниқ билмайман”.

Трансстрахование суғурта ширкати вакили суғуртанинг бу турига нима учун лоқайдроқ қараётгани сабабини гапиришни истамади.

Шу ўринда боя тилга олганимиз сайтнинг мана бу гапи ёдга тушади:

"Шу кунгача ҳукумат қонунни амалга ошириш механизмини яратишга вақт топмади. Бу билан эса, коррупциянинг янада авж олиб кетишига замин яратди".
XS
SM
MD
LG