Линклар

Одам савдоси қурбонлари сони ортмоқда

  • Сарвар Усмон

Жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 1449 киши одам савдоси билан боғлиқ жиноятлардан жабр тортди. Уларнинг 1283 нафари эркаклар, 166 нафари аёллар ҳамда 28 нафари вояга етмаганлардир. Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси бош прокурори Рашид Қодировнинг айтганларига таяниб, 23 октябрь куни “ТрендНьюс” ахборот агентлиги хабар қилди.

Бош прокурорга кўра, жорий йил 9 ойи мобайнида республика ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан одам савдоси билан боғлиқ 436 та жиноят иши қўзғатилган бўлиб, бу ишлар юзасидан 339 киши, шу жумладан 203 эркак ва 136 аёл жавобгарликка тортилган.

Шуни эътироф этиш керакки, одам савдоси мавзуи
кейинги пайтларда Ўзбекистонда тез-тез тилга олинмоқда.

Ўзбекситон республикаси бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова яқинда Озодлик мухбири саволларига жавоб берар экан, жумладан мана бундай деган эди.

“Одам савдоси бу трансмиллий уюшган жиноятчиликнинг энг хавфли кўриниши. Буни халқаро ҳамжамият ҳам, БМТ ҳам ўз конвенциясида тан олган. Буни Ўзбекистон ҳам тан олган. Яъни 2008 йил 17 апрелдан шу конвенцияга қўшилиб, ратификация қилиб одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги қонун қабул қилинган. Боз устига президентимиз томонидан 2008 йил 8 июлда одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарор ҳам қабул қилинган. Шу қарорга асосан одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссия ҳам тузилган. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, шу комиссиянинг раиси этиб бош прокурор Рашид Қодиров тайинланган”, бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова.

Ўзбекистон республикаси бош прокурорининг айтишича, тилга олинган жиноятлар қурбонлари асосан жинсий эксплуатация қилиш мақсадида алданган кишилардир.

Гап одам савдоси муаммоси устида борар экан, ўзбекистонлик расмийлар асосан масаланинг мана шу жиҳатига урғу берадилар. Жисмоний эксплуатация, миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ҳуқуқлари топталаётгани эса иккинчи планга ўтиб қолади.

Бош прокуратура вакили Озодлик мухбири билан суҳбат чоғида мана бу гапни айтган эди.

“Шуни ҳам тан олиш керак нафақат фоҳишалик балки ноқонуний меҳнатга жалб қилинган ҳолатлари ҳам бор. Бу жиноятлар нафақат Тошкент шаҳрида балки вилоятларда ҳам очилаяпти”.

Шу ўринда одам савдоси қурбонлари тушунчасига ёки кейинги пайтларда ўрта асрлар учун хос бўлган тушунча, “қул” тушунчасига кенгроқ ёндошиш зарурати пайдо бўлганга ўхшайди.

Чунки қул нафақат ҳамма ҳуқуқларидан маҳрум қилинган текин ишчи, балки ўз мамлакатидан бемалол чиқиб, бемалол қайта олмайдиган меҳнат мигранти ҳамдир.

Челябинск шаҳрида ишлайдиган мана бу аёл ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг ватанга бориб-қайтишлари тўғрисида мана бу гапни айтган эди.

“Ўбекистонликлар машинада биласизми қанақа келишади? Музлатгични коробкаларида божхонадан ўтишади. Келаëтиб ҳам шу аҳвол. Катта машиналарни олдига ва охирига сумка қўяди, ўртасида эса ўзбекистонликлар бўлади”.

Ўзбек меҳнат муҳожирларининг бу гапидан кейин Ўзбекистон республикаси бош прокурорининг “ТрендНьюс” ахборот агентлиги 23 октябрь кунги хабарида келтирган мана бу гапи тушунарли бўлади.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни назарда тутар экан, бош прокурор бундай дейди:

“Бу хил жиноятларнинг олдини олиш ишида давлат чегарасини айланиб ўтувчи ғайриқонуний йўлларни йўқ қилиш, шунингдек, чегара пунктлари, темир йўл станциялари, аэропортларда оператив фаолият самарадорлигини ошириш йўли билан назоратни кучайтириш муҳим аҳамият касб этади”.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг сиёсий-ижтимоий-иқтисодий асосларига қарши курашиш, афтидан прокуратуранинг вазифаси эмасга ўхшайди.

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар тўғрисида гапириш, афтидан, фуқаролар устидан назоратни янада кучайтириш учун керакка ўхшайди.
XS
SM
MD
LG