Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:25

Немислар “Исломий Жиҳод Иттифоқи”ни таъқиб этмоқда


http://gdb.rferl.org/5508B857-C74F-4874-92AB-3D511360F3C6_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/5508B857-C74F-4874-92AB-3D511360F3C6_mw800_mh600.jpg Германияда “Исломий Жиҳод Иттифоқи” гуруҳига аъзоликда айбланаётган яна бир шахс ҳибсга олинди. Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажраб чиққани айтилаётган радикал гуруҳга моддий ёрдам берганлик айби билан чоршанба куни қўлга олинган Бурҳон Йилмаз исмли шахс Туркия фуқаросидир, дейилади Германия бош прокуратураси баёнотида.

Айни пайтда, чорашанба куни Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ва Хавфсизлик кенгаши котиби Мурод Атаев Германияга сафар қилаётгани маълум бўлди. Баъзи маълумотларга кўра, ўзбек хавфсизлик идоралари раҳбарларининг сафари давомида, Исломий Жиҳод иттифоқи масаласи ҳам муҳокама қилинади.

Немис хавфсизлик идоралари мазкур радикал гуруҳга аъзо, деб ҳибсга олганларнинг бирортаси ҳам Ўзбекистон фуқароси эмас. Бу эса, таҳлилчилар фикрича, ушбу гуруҳнинг келиб чиқишига оид шубҳаларни янада кучайтиради.

Германия Федерал прокуратураси баёнотига кўра, чоршанба куни Франкфурт яқинида ҳибсга олинган Бурҳон Йилмаз исмли Туркия фуқароси ўзбек экстремистларига алоқадор Исломий Жиҳод Иттифоқига моддий ёрдам кўрсатган. Маълум бўлишича, 21 яшар Йилмаз исломий-жиҳодчиларнинг Афғонистондаги базасига бир ярим минг АҚШ доллари миқдорида пул ва дурбин, тунги кузатиш мосламаси ва камера каби техник воситаларни юборган.

Германия федерал прокуратураси 22 октябр куни Исломий Жиҳод Иттифоқига алоқдорликда гумон этилиб ҳибсга олинган шахс ҳақида бундан ортиқ изоҳ беришдан бош тортди.

Айтиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий Ҳаракатидан ажраб чиққани айтилаётган радикал гуруҳ аъзоси, деб 2007 йилнинг августидан бери ҳибсга олинганлардан бирортаси ҳам Ўзбекистон фуқароси эмас. Ва Исломий Жиҳод Иттифоқига нисбатан шу пайтгача фақатгина Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари томонидан айбловлар илгари сурилган. Бу эса таҳлилчилар фикрича, радикал гуруҳнинг келиб чиқишига оид мавжуд шубҳаларни янада кучайтиради.

“Исломий Жиҳод иттифоқи номли гуруҳ ҳақида биринчи марта 2004 йилда Тошкент ва Бухородаги портлашлардан кейин эшитганмиз. Ундан кейин узоқ вақтга йўқолиб кетди. Ўтган йили эса, ғалати тарзда яна Германияда пайдо бўлди. Ўзбекистонга алоқаси бўлган радикал гуруҳнинг ўз фаолиятини мамлакатдан ташқарига кўчирганини тушуниш мумкиндир, лекин нега улар айнан Ўзбекистондан жуда олис бўлган Германияни танлашган? Бу гуруҳга нисбатан фақатгина Ўзбекистон билан Германияда расман айбловлар илгари сурилган.

Балки бошқа мамлакатларда ҳам бу гуруҳ фаолият олиб борар, лекин бу ҳақда ҳозирча маълум эмас. Немис ва ўзбек расмийлари ҳам Исломий Жиҳод иттифоқи ҳақида жуда чекланган маълумотларни эълон қилган ва унга нисбатан илгари сурилган айбловларни исботловчи далилларни тақдим этганича йўқ. Гуруҳнинг келиб чиқишига оид кўплаб саволлар сақланиб қолмоқда. Агар Исломий жиҳод иттифоқи ҳақиқатан ҳам бор бўлса, унинг қанча аъзоси бор? Нега улар Ўзбекистонда ички сиёсатни изидан чиқариш ёки хорижий иншоотларни нишонга олиш ўрнига Германияга кетиб қолди? Ë немис хавфсизлик идоралари ўзбекларникидан нўноқроқми? Бу мен учун жуда ғалати”, дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер.

Сентябр ойи бошида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ майори, ҳозирда Британиядан сиёсий бошпана сўраган Икром Ёқубов Озодлик радиосига берган интервьюсида, Исломий Жиҳод Иттифоқи борасида жиддий шубҳалари борлиги айтган эди. МХХнинг собиқ зобити Ëқубов ҳам исломий-жиҳодчилар шу пайтгача фақатгина ўзаро яқин ҳамкорликда бўлган немис ва ўзбек махсус хизматлари томонидан ҳибсга олингани бежиз эмас, дейди.

“Махсус хизматлар фаолиятида ҳамма нарса бўлиши мумкин. Исломий жиҳод иттифоқи деган ташкилотнинг Ўзбекистонда борлигига мен шубҳа қиламан деб ўшанда айтган эдим. Агар бор бўлса ҳам бу ташкилот МХХнинг ўзи томонидан яратилган деганидир. У ерда диний гуруҳларни уюшиши мумкин бўлмаган нарса. Бундай исломий ëки радикал кайфиятдаги ташкилотлар ўзбек жамиятида мавжуд бўлиши мумкин қачонки бу ташкилот ўзини назорат қилувчи идора билан ҳамкорлик қилса ëки ана ўша назорат қилувчи идора бевосита ташкил этган гуруҳ бўлса”.

Айни пайтда, 23 октябр куни Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг раиси Рустам Иноятов ва Хавфсизлик кенгашининг котиби Мурод Атаев Германияга сафар қилаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Ўзбекистон ҳукумати ичидаги қимирлашлардан яхши хабардор uzmetronom.com интернет нашри тарқатган хабарни миллий хавфсизлик хизмати ҳам, хавфсизлик кенгаши ҳам на тасдиқлади, на инкор қилди.

Лекин Германия хавфсизлик тузилмаларидаги манба Ўзбекистондан юқори лавозимли меҳмонларни кутишаётганини тасдиқлади.

Айтиб ўтиш керак, миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов, Европа Иттифоқига кириши ман этилган ўзбек мулозимлари рўйхатида эди. Виза чеклови бекор қилинганидан икки ҳафта ўтмасдан генерал Иноятов Германияга сафар қилмоқда.

Ўзбекистон миллий хавфсизлик кенгашидаги манбанинг айтишича, Иноятовнинг Германияга сафари давомида, Исломий Жиҳод Иттифоқи ҳақида ҳам гаплашилади. Боиси МХХнинг собиқ жосуси Германия телеканалларига ҳам исломий-жиҳодчилар ҳақида интервью берганидан кейин, мамлакат хавфсизлик идораларида ушбу гуруҳнинг келиб чиқишига оид саволлар пайдо бўлган.

Брюс Панниер, Германияга сафар қилиш имкониятини эндигина қўлга киритган Иноятов вақтни бекор кетказмаётгани жуда қизиқарли дейди.

“Албатта Иноятов Германияга ҳукумат амалдорларидан кимгадир тиббий ёрдам керак бўлиб қолгани учун келган бўлиши мумкин. Чунки ўтмишдан биламизки, Ўзбекистон расмийлари тиббий ёрдам учун Германияга боришни маъқул кўради. Лекин менимча, сафардан асосий мақсад, икки томонни қизиқтирадиган хавфсизликка оид масалаларни муҳокама қилиш. Иноятовнинг Исломий Жиҳод иттифоқига оид икки чамадон тўла маълумотларни олиб келиб, немис ҳамкасбларига мазкур радикал гуруҳга қарши курашиш кераклигини уқтиришга уриниши эҳтимолдан ҳоли эмас, албатта. Лекин, виза чеклови бекор қилинганига атиги 10 кун бўлгани эътиборга олинса, Рустам Ионятов вақтни бекор ўтқазмасдан тездагина Германияга сафар уюштиргани мен учун жуда-жуда қизиқ”, дейди Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер.
XS
SM
MD
LG