Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:54

Пахта экспорти ва меҳнат бозори


http://gdb.rferl.org/DA33505D-09A1-4902-AED8-7DE16F69AADC_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/DA33505D-09A1-4902-AED8-7DE16F69AADC_mw800_mh600.jpg Ўзбекистон ҳукумати 2008-2009 йилларда ташқи бозорга экспорт қилинадиган пахта миқдорини камайтириш баробарида мамлакатда тўқимачилик соҳасини ривожлантиришни кўзламоқда. Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, сармоя ва савдо вазири Элёр Ғаниев Тошкентда ўтган халқаро пахта ярмаркаси очилиш маросимида мамлакат 2008-2009 йилги мавсумда мамлакат пахта экспортини 700 минг тоннагача камайтиришини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 2007 йилда жами 23 та тўқимачилик корхонаси ишга туширилган бўлса, жорий йилда яна 22 та шундай корхона ишга туширилиши кўзланмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг пахта экспортини қисқартириш ҳисобига тўқимачилик соҳасини ривожлантириш режаси ўзбекистонлик кузатувчилар назарида олқишга сазовор иш. Таҳлилчи Комрон Алиевга кўра, ўзбек расмийларининг хом ашё ўрнига пахта толасидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қарори ўринли бўлган.

- Биз пахта етиштириш бўйича жаҳонда 6-ўринда туришимиз, аммо уни сотиш бўйича 2 ё 3-ўринда туришимиз билан мақтанамиз. Аммо бу мақтаниб эмас, афсусланиб гапириладиган иш. Чунки биз пахтани хом ашё сифатида сотиб юбораяпмиз, маҳсулотни ўзимизда қайта ишлашга йўл қўймаяпмиз, - деди Комрон Алиев.

Айни пайтда, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда тўқимачилик соҳасини ривожлантириш орқали мамлакатда мавжуд ишсизлик муаммосини ҳам бир қадар ҳал этишни кўзлаётгани ҳам қайд этилади. Ўзбекистонлик таҳлилчи Виктор Ивонин ҳукумат ўзининг бу режасини уддалай олишини ишонади. Унга кўра, Ўзбекистон доим иш кучи ортиқча ҳудудлардан бири бўлиб келган.

- Ҳозир барча давлат тузилмаларининг бош оғриғи битта - у ҳам бўлса, одамларни амаллаб иш билан таъминлаш. Ҳар йили мактабни 450 мингга яқин ёш битираётган бўлса, улардан атиги 45 минги олий ўқув юртларига қабул қилинаяпти, қолганларини эса иш билан таъминлаш зарур. Ҳозир ҳукумат мамлакатда тўқимачилик билан шуғулланувчи кичик корхоналар қуриб, уларга меҳнатга лаёқатли одамларни жалб қилиш дастурини йўлга қўймоқчи. Бу орқали биз Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосини бир қадар ҳал қилишимиз мумкин, - деди В. Ивонин.

Аммо ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев 15 йилдан бери амалга оширилмаган режаларнинг энди амалга ошишига кўзи етмаслигини айтди. Бундан ташқари, Т. Йўлдошевга кўра, бунга халақит берувчи бошқа омиллар ҳам бор.

- Малакали мутахассисларнинг кўпчилиги мамлакатни тарк этиб бўлган. Ҳозир ҳатто 100 доллардан маош берилганда ҳам бу пул битта одамнинг озиқ-овқатигаям етмайди. Қаердадир фабрикалар очилиб, “бизни иш билан таъминлайди”, деган хомхаёлда юрган одамлар камдан-кам топилади ҳозир. Россиядан қайтиб келганлар кўзи очилиб келади. Ўзбекистонда тўланадиган ойликка сабр қилмайди. Мамлакатда иш бўлгани билан битта оилани боқишга етмайдиган пулга қаноатланмайди энди улар, - деди Тошпўлат Йўлдошев.
XS
SM
MD
LG