Линклар

logo-print

Тожикистон қишга тайёргарлик кўрмоқда

  • Гулнора Равшан

http://gdb.rferl.org/A07DCDE8-177D-4F72-A349-B620FA488D3B_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/A07DCDE8-177D-4F72-A349-B620FA488D3B_mw800_mh600.jpg Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб Тожикистон Ўзбекистон орқали Туркманистондан электр энергияси ола бошлайди. Давлатлар ўртасидаги ўзаро келишувга мувофиқ, Тожикистон узатилган ҳар кВт/соат электр энергияси учун Ўзбекистонга 0,3 центдан тўлайди. Бу ҳақда Тожикистон энергетика ва саноат вазири Шерали Гул Душанбе шаҳрида ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Вазирга кўра, туркман электрини Ўзбекистон электр тармоқлари орқали Тожикистонга етказиб бериш бўйича якуний шартнома ўтган ҳафтада Олмаота шаҳрида имзоланган. Ш. Гул Тожикистон ва Туркманистон ӯртасида 2007 йилда имзоланган иккиёқлама шартномага биноан Туркманистон жорий йилда Тожикистонга 1 миллиард 200 миллион кВт/с электр энергияси сотишини ҳам маълум қилди.
Тожикистон энергетика вазири Ўзбекистон баҳор ва ёз мавсумида Тожикистондан олган 900 миллион кВт/с электр энергияси эвазига куз ва қиш пайтида 600 миллион киловатт/с электр энергиясини қайтариб беришини ҳам қайд этиб, Душанбе шаҳрида қиш мавсумида ҳам электр таъминотида узилиш бўлмаслигини билдирди.
Аммо қайд этиш ўринлики, ўтган йили қишда Ўзбекистон томони электр тармоқларида мавжуд муаммолар боис Туркманистондан келаётган электр энергиясини Тожикистонга тўлалигича етказиб бера олмаганди. Натижада 2007 йилнинг куз ва қишида Тожикистон Туркманистондан 1 миллиард 200 миллион кВт/с электр энергияси ўрнига 944 миллион кВт/с электр қабул қилиб олганди, холос.
Энергетика вазири жорий йил бу муаммолар такрорланмаслигини ҳамда ўзбекистонлик энергетиклар Туркманистондан келаётган электр энергиясининг 400 миллион кВт/соатини ноябрь ва декабрь ойи мобайнида етказиб беришга ваъда қилганларини айтди.
Қайд этиш жоизки, ўтган йили ҳам уччала мамлакат расмийлари электр олди-берисида ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини таъкидлагандилар. Бироқ ўтган йилги қиш қаҳратони минтақа давлатлари энергетикларини жуда ночор аҳволга солиб қўйди. Натижада минтақадаги ҳар бир мамлакат расмийлари ўз фуқароларини қишдан эсон-омон чиқариб олиш мақсадида электр энергияси экспортини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлди. Бу эса ички заҳираси тўла тугаб битган Тожикистон учун айниқса қимматга тушди.
Шу йил ёзда Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон республика бўйлаб хизмат сафари чоғида олдинда турган қиш ўтган йилдагидан ҳам қаттиқроқ келишини ва халқ ўзига заҳира ғамлаши лозимлигини таъкидлаганди.
- Тожикистон ҳукумати ўтган йилги вазиятдан тўғри хулоса чиқариб, бу йил қўшнилар ёрдамига кўз тикмасдан, қиш ғамини ёзда ейиши керак эди. Аммо, афсуски, ҳукумат масъуллари қуруқ ваъдадан амалий ишга кўчмаётгани сабабли Тожикистон олдинда турган қишга умуман тайёр эмас, - деди тожикистонлик кузатувчи Нўъмонжон Фахриддинов.
Ўз фикри исботи учун Н. Фахриддинов тожик расмийлари “Сангтўда-1” ГЭСини ҳали ҳам тўлалигича ишга тушира олмаганларини мисол ўлароқ келтирди.
XS
SM
MD
LG