Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:01

"Аъзам Турғуновга нисбатан ўқилган ҳукм ноҳақ ва у бекор қилиниши керак!"


http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_mw800_mh600.jpg Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси, «Мазлум» ташкилоти раиси Аъзам Турғуновнинг Қорақалпоғистоннинг Амударё суди ҳукми билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани¸ ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари орасида катта норозилик уйғотди. Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг айтишларича, Ўзбекистон ҳукумати Европа Иттифоқи олдида ўзини инсонпарвар ҳукумат сифатида намойиш қилишга уринаётган бўлсада, лекин мамлакат ичкарисида инсон ҳуқуқлари билан шуғулланадиган одамларни қаттиқ сиқувга олмоқда ва тўқима айблар билан уларни маҳкамага тортмоқда. Зеро, ўтган ҳафтада қамоқдан озод этилган икки нафар ҳуқуқ ҳимоячиси ўрнига яна икки нафар ҳуқуқ фаоли қамалди.

Аъзам Турғуновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани¸ бу Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқи ҳимоячиларига нисбатан ҳукумат томонидан берилган янги зарба бўлди, дейди жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Бахтиёр Ҳамроев:

“Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида нафақат мен балки бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновларни суди маълум маънода ижобий тугайди деб умид қилган эдик. Минг афсуски бундай бўлмади. Ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида мени бир нарса ўйлантираяпти: ҳозирги қама-қамалар шундан дарак берадики¸ қолган ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳам ҳаëти хавф остида қолди”.

Бахтиёр Ҳамроевнинг айтишича, у Ўзбекистон ҳукуматининг Европа иттифоқи билан олиб бораётган музокаралари тарафдоридир. Лекин бу музокаралардан у ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари қилган умидлар саробга айланиб бормоқда:

“Бу ерда битта нарсани ҳеч қачон унутмаслик керакки¸ бу менинг шахсий фикрим¸ ЕИ ўзини олиб бораëтган сиëсатини¸ яъни МОдаги ўз манфаатларини инсон ҳуқуқларидан аста-секин баланд қўя бошлади. Бу табиий. Олайлик Германия ëки Франция ўз ҳукуматини манфаатидан келиб чиқиб иш қилади. Ўзаро манфаатлар тақсимланиб олингандан кейингина нафақат сиëсий балки иқтисодий ва инсон ҳуқуқлари борасида ўзгаришлар бўлади деб ўйлайман. Унгача минг афсуски¸ ижобий ўзгаришларни биз кўрмаймиз”.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов ҳам инсон ҳуқуқи ҳимоячиларининг кетма-кет қамоққа тиқилаётганидан ташвиш билдиради. Унинг фикрича, инсон ҳуқуқи ҳимоячиларини давлатг сиёсатига тўғри келмайдиган фаолияти, уларнинг ҳақ гаплари ҳукуматнинг ғашига тегмокда ва ўз навбатида уларга қалбакилаштирилган айбловлар билан жиноят ишлари қўзғатилмоқда:

“Баъзи бир одамлар томонидан Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида ўзгариш бўлаяпти¸ иккита ҳуқуқ фаоли озод қилинди каби гаплар кўпроқ ЕИ йиғилишларида таъкидланади. Мен бу фикрларга қўшила олмайман. Озод қилинаëтган ҳуқуқ ҳимоячиларининг қанақа шартларга кўра озод қилинганини биз кўриб турибмиз. Масалан мен ўзим адвокат сифатида баъзи бир жиноий ишларда қатнашганим учун бунақа жазодан озод этишлар нимани эвазига тушишини биламан. Мен ўйлайманки Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновга нисбатан ўқилган ҳукмлар ноҳақ ва улар бекор қилиниши керак”.

Аъзам Турғунов ишига оид судларда қатнашиб келган Дилором Исҳоқованинг айтишича, гарчи маҳкама жараёнларида Аъзам Турғуновнинг айби умуман исботланмаган бўлса-да, судя юқоридан тайёрлаб берилган ҳукмга муҳр қўйди.

“Аъзам Турғуновни ҳеч қандай айби йўқ. Мен буни кўп бора такрорлайман. Ҳаттоки кичкина жарима билан жазолаш мумкин бўлган айбни ўзи йўқ. У ҳеч қандай қонунга хилоф иш қилмаган¸ ҳеч қандай жиноят содир этмаган. Уларни ўйлаб топган нарсалари ҳам жуда саводсиз. Ана шу саводсиз ўйлаб топилган бир иш орқасидан бир инсонни 10 йилга қамашди”.

Дилором Исҳоқованинг сўзларига кўра, адвокатларнинг айтишларича¸ Аъзам Турғунов қамоққа олингандан бери унга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 44 моддаси қўпол равищда бузилган.

“Жиноят кодексини шунча моддасини бузган терговчи¸ милиция ходимлари¸ прокуратура ходимлари¸ прокурор¸ суд ва бошқалар озодликда. Қонунларни бузилмаслиги¸ инсонларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши учун яшаб турган бир инсон эса қамоқда. Бу Ўзбекистонга хос нарса бўлиб қолди.

Дилором Исҳоқова гапининг охирида Аъзам Турғуновнинг судда айтган охирги сўзидан иқтибос келтиради.

“Бу суд нима бўлибди? Ҳали бундан юқорида жуда катта суд бор. Ҳар қандай дунëвий судлардан баланд турадиган суд бор. У ердаги ҳакам ноҳақликка йўл қўймайди¸ деб айтди. Аъзам акани бу гапидан ортиқроқ бир нарса айтиш қийин бўлади менимча”.
XS
SM
MD
LG