Линклар

logo-print

Алишер Соипов ўлдирилганига бир йил бўлди

  • Сарвар Усмон

Машъум қотилликдан бир йил ўтиб ҳам Алишернинг мунғайган қабри жамиятга ташланган саволдек турибди.

Машъум қотилликдан бир йил ўтиб ҳам Алишернинг мунғайган қабри жамиятга ташланган саволдек турибди.

“Жамият ва қонун”ни ҳар сафар бошлаётиб коса тагидаги нимкосаларни биламиз, деб иддао қиламиз. Иддао қиламизу мийиғимизда кулиб қўямиз. Сиз ҳам кулиб қўйсангиз керак. Билармиша, деб. Лекин Сиз бизнинг мақтанчоқлигимизни ҳар сафар кечирасиз. Чунки кўпинча ўша нимкосани кўрсатамиз ҳам.

Кўрсатар эканмиз, бу бошқалар уни, ўша нимкосани кўрмаяпти дегани эмаслигини ҳам биламиз. Бошқалар ҳам кўриб турибди. Фақат айтиш учун бизда бор имкон уларда йўқ.

Лекин бугун тилга оладиганимиз мавзуда коса тагидаги нимкосани кўрсата олмаймиз. Энг қизиғи ва энг даҳшатлиси шундаки, ўша нимкосани ҳамма кўриб турибди. Ҳамма.

Бугун юрак хомуш ва ғамгин,
Ҳақиқатга ўқлар отилди,
Кулфат эса мағрур ва ғолиб,
Виждон бугун пулга сотилди.

Ўчди, ўчди бир нурли чироқ,
Оппоқ руҳга айланди дўстим,
Бунча аччиқ бўлмаса фироқ,
Нега сени қучоқлар ўлим.

Журналист ва шоира Матлуба Азаматова айтаётган чироқнинг Ўшда ўчганига роппа роса 1 йил тўлди.

Бугун 2008 йилнинг 24 октябри. Бундан роппа-роса бир йил аввал ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов Ўша шаҳрининг марказий кўчаларидан бирида номаълум шахслар томонидан отиб кетилган. У тириклик чоғида жамоатчилик учун муҳим бўлган кўплаб ижтимоий, сиëсий мавзуларни ëритган. Бундан ташқари 2005 йил Қирғизистондаги март воқеалари ва Ўзбекистондаги 2005 йилдаги май воқеаларини кенг ëритиб, чет эл журналистлари орасида ҳам машҳур бўлди.

Баъзи тутумларидан ҳануз ўсмирлик ҳиди келиб турган Алишер жуда ёш, бор-йўғи 26 сида кетди.

Бир қарашда Алишер ўзи тенгию, ўзидан катта ўнлаб ҳамкасблари қиладиган қора меҳнатни қилар – оёқ-қўли чаққон бир репортёр эди.

Овоз қолди Алишердан. Ўнлаб мақолалари қолди. Битта қизчаси қолди. Есири қолди. Ота-онаси, ака-укалари қолди.

Ва улкан бир савол қолди. Мана бир йилдирки жавобсиз қолаётган савол қолди.



Алишер Соиповни ким ўлдирди, деган савол қолди.

“Унинг ўлими юзасидан олиб борилган тергов ишлари шахсан Қирғизистон президенти Курманбек Бакиев назоратида бўлишига қарамай охирига етмай тўхтаб қолди”.

Ҳар сафар “Жамият ва қонун”ни бошлар эканмиз, коса тагидаги нимкосаларни кўрсатиб берамиз, деймиз. Бироқ бугун ўша иддаомизни қайтиб олдик.

Нимкосаларни кўрсата олмаймиз. Фақат тахмин қилишимиз, Алишернинг яқинлари, ҳамкасблари, бу ёлғон дунё қонуниятларини яхши биладиган кўзи очиқларнинг тахминларинигина айта олишимиз мумкин.

Бундан роппа-роса бир йил олдин Алишерни отиб кетдилару орадан кўп ўтмай қирғизистонлик таниқли сиёсатчи, республика ҳақиқатчиси (ҳақиқатчи -Қирғизистон омбудсменининг расмий номи) Турсунбой Бакир ўғли бундай деган эди:

“Ҳозир Алишерни отиб кетилиши бўйича ишни Ўш вилоятини губернатори ва президент назоратга олди. Сабаби¸ улар ҳам бу ўлдирувда қўшни давлатларнинг махсус хизматларининг қўли борлигини тушуниб туришибди”.

Деярли ўзбекча гапирган бўлса ҳам, Турсунбой Бакир ўғлининг энг сўнгги фикрини соф ўзбекча такрорлаш зарурати бор. Бу қотилликка қўшни давлат махсус хизматларининг алоқаси бор, деди у Ўзбекистонни назарда тутиб.

Бундай фикр жуда кўплардан чиқди. Лекин мамлакат миқёсидаги давлат амалдори бўлгани учун эслаяпмиз, Бакир ўғлининг гапини.

Орадан бесамар ойлар ўтди. 2008 йилнинг сентябри келди. Тирик бўлганида сентябрнинг дастлабки кунларида Алишер 27 га кирган бўларди. Ўша кунлари унинг отаси – Аваз ака Соипов мана бундай деди.

“Бу аниқ. Шахсан Ислом Каримовнинг буйруғи билан Алишер отилди”.
Алишернинг ортидан бўзлаб қолган бувиси Розахон ая¸отаси Аваз ака ва қизчаси Зулайҳо учун бу йўқотиш вақт ўтган сари салмоқлашиб бормоқда.


Ёзда камина Ўшга бордим.

Аваз акаларникига учраб, ҳамдардлигимни билдирдим.

Алишернинг отаси ёши 50лардан эндигина ҳатлаган, ҳали бақувват, бирон-бир наслдор буқанинг шохини бир қўллаб бўлмасаям, икки қўллаб қайириб қўядиган қувватга эгадай кўринди.

Лекин бу суратгина эди. Сийратни эса, ўғилнинг дарди ўртаб ташлаган.

Тоғдай одамнинг пиқиллаб йиғлаганини кўриб-эшитиб ўтиришдан баттарроқ азоб йўқ экан.

Лекин Аваз ака ўғилсиз ўтган бир ичида йиғлоқи чолга айланиб қолган эмас, қўлида бир даста қоғоз-ҳужжат, ўзининг мустақил терговини ўтказиб юрибди.

Бир неча кундан кейин Аваз ака менинг уйимга келди. Камида 4 соат гаплашдик. Бир дунё гапни айтиб берди. Гумонларини айтиб берди. Алишерни деб келиб юрган бир ўзбекистонликни, унга ҳамроҳ бўлган бир-икки ўшликни айтиб берди. Улар Алишерни бир нарсаларга кўндирмоқчи бўлгани тўғрисида айтиб берди. Кейин, сўнгги учрашувда ўғлию меҳмонлар бир нарса устида келиша олмаганини, ўғли отилиши биланоқ уларнинг ҳам қадами узилгани тўғрисида айтиб берди. Катта йигит бўлиб қолди, битта газетанинг бошлиғи, деб ўғлимни ўша меҳмонлар билан бўлган гапларига аралашмабман, деди афсус билан Аваз ака.

Хўш, нима учун кўпчилик, ҳатто марҳумнинг сиёсатдан узоқ отаси ҳам қотиллик излари Ўзбекистонга олиб боради, деб ҳисобламоқда.

Бу саволни Алишер Соиповнинг дўсти, фожеа юз берган куни у билан бирга бўлган, асли ўзбекистонлик, бир неча йилдан буён Британияда яшаб ишлаётган журналист Шоҳида Ёқубга бердик.
Шоҳида Алишерни унинг ўлимидан саноқли соат бурун кўрган дўстларидан биридир.


“Шу саволга жавоб шунақа: Алишер Соиповнинг Қирғизистонда душманлари йўқ эди. Алишер Соиповнинг мақолалари, Қирғизистонда ҳам лекин айниқса Ўзбекистонда тарқатилган эди. Алишер Соипов масалан Андижон воқеаларидан кейин жанубий Қирғизистондаги ягона журналист эди. У бошқа журналистларга Андижонда нима бўлганлиги тўғрисидаги ҳақиқатни аниқлашда ëрдам берган эди. Ferghana.ru га ëзилган мақолаларини ҳамма билади. Чунки фақатгина Алишер маълумот берган. Алишер туфайли кўпчилик Андижонда нима бўлганлигини билади. Иккинчидан Алишернинг “Сиëсат” газетаси феврал ойида чиқа бошлагач, ëзга қадар Ўзбекистонда ҳам тарқатила бошлади ва умуман олганда Ўзбекистонда шовқин кўтарилди. Масалан Намангандаги бир телевидениеда Алишерга қарши кўрсатув намойиш қилинди. Шу кўрсатувда Ўзбекистон журналистлари ва ҳукумати Алишерни хоин деб айтишган. Бундан ташқари Алишерга қарши Ўзбекистон расмий веб саҳифаларида Алишерга қарши кўп мақолалар чиққан эди. Ҳаттоки уни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муносабатларни ëмонлашишида айблашган. Бу шуни англатадики, Алишернинг ўлимидан фақат Ўзбекистон ҳукумати манфаатдор бўлган”.

Ҳар қандай жиноят тергови бошланар экан, дастлабки қадам ана ўша Шоҳида айтаётган жиҳатдан – ким манфаатдор деган саволга топилган жавобдан бошланади.

Ўзбекистонинг Фарғона водийсидаги вилоятлари ТВлари орқали намойиш қилинган Алишерга қарши кўрсатувлар кўпчиликнинг ёдида бўлса керак, ҳали.

Уларда иштирок этган кишиларнинг ғирт 1937 йил усулида Алишернинг устига ёғдирган мағзавалари ҳам кўпчиликнинг ёдидан чиқмагандир.

Ўша кўрсатув муаллифлари ҳатто Алишернинг ўлимидан кейин ҳам яна махсус кўрсатув қилиб ажаб бўлди, баттар бўл қабилида кўрсатув қилдилар.

2006 йил, 26 август куни ҳавога узатилган “Қурултой” эшиттиришида иштирок этар экан, Алишер Соипов қорасувлик таниқли имом Рафиқ қори Камоловнинг ўлдирилиши юзасидан мана бу гапни айтган эди.

“Муҳаммадрафиқ Камолов тасодиф қурбони бўлмади. Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати балки Ўзбекистон ҳукумати буйруғи билан ўлдириб қўйгандан кейин Қорасув халқида бошланган норозилик тўлқинидан қўрқиб кетди деб баҳолаш мумкин. Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати Ўзбекистон махсус хизматлари қўйган тузоққа тушди. Ўзлари ҳам қовун туширди деб баҳолаш мумкин”.

Рафиқ қори Камоловнинг қатлидан 14 ой ўтгач, бу гапларни айтган Алишер Соипов ҳам ўлдирилди.

Мана бир йилдирки, бугун эшитганингиздай, Алишернинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларининг қўли борлиги тўғрисида айтилмоқда.

Бундай жиддий айбловга нисбатан расмий Тошкент шу пайтгача лом-мим демади. Бунинг боисини ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов мана бундай изоҳлади.

“Расмий ташкилотлар, бирор-бир давлатнинг парламентлари ëки Қирғизистон тарафи ҳукумат миқëсида Ўзбекистонга биронта бир расмий айблов билдиргани йўқ. Шу нуқтаи-назарданми ëки бошқа сабабми жуда кўп бунақа саволларни очиқ қолдиради”.

Расмий Бишкек чиндан ҳам жорий йил ёзида ички ишлар вазири тили билан қилинган бир баёнотни айтмаса, Тошкентга ҳеч нарса деган эмас. Ўшанда, Тошкент-Бишкек муносабатларига навбатдаги марта соя тушиб турган пайтда, вазир қандай сиёсий оқибатларга олиб келишидан қатъий назар, Алишер Соиповнинг қотилларини топамиз, деган эдики, ўша кунлардаги вазиятдан келиб чиқилса, Бишкек нимага шама қилаётгани аниқ эди.

Мана орадан бир йил ўтди. Қотиллар топилмади. Қирғизистон ички ишлар вазирлиги марҳумнинг оиласини, унинг ҳамкасбларини ваъдалар билан боқиб келаяпти. Ҳатто қотил деб гумон қилинган бир шахснинг сурати ҳам матбуот юзини кўрди. Қотилнинг ўзини ҳеч ким кўрмади. Биров ушламади. Ушламаяптими, ушлолмаяптими – буни ҳеч ким билмайди.

Нега?

Ўшлик сиëсий кузатувчи Ғанижон Холматов сўнгги пайтларда Алишер Соипов таъсис қилган “Сиëсат” газетасида ишлаган. У Алишер Соиповнинг қотиллари топилишига яна бир неча йиллар керак бўлади деб ҳисоблайди.

“Бу бутун жамиятнинг юқорисида ўтирганларга боғлиқ. Улар ҳеч қачон Алишерни қотилини топа олишмайди. Тўртинчи ҳокимиятдан чўчиб турганлиги учун онда-сонда “Биз излаяпмиз, биз қидираяпмиз” деган нарсаларни айтиб туради. Унинг жиноятчиларини топиш учун бу жамият ўзгариши керак. Сиëсат ўзгариши керак. Шундагина янги кучлар пайдо бўлади ва улар Алишернинг қадр-қийматини тушунади. Фақат шулар топиши мумкин. Бунинг учун эса жуда кўп вақт керак”.

24 октябрь куни бир қатор маҳаллий ва халқаро ташкилотлар Алишер Соиповнинг қотилларини тезроқ топиб жазолаш талаби битилган баёнотларини эълон қилдилар.

Чегара билмас мухбирлар ташкилоти:

Бу жиноят иши бўйича олиб борилаётган терговда олға силжиш йўқлиги шармандаликдир. Терговчилар Соиповнинг ўлими касбий фаолияти билан боғлиқ деган версияни яна ўрганиб чиқишлари лозим.

Халқаро амнистия ташкилоти:

Алишер Соиповнинг ўлими нафақат Қирғизистон ва Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда сўз эркинлигини музлатиб қўйди.

Алишер Соиповнинг юртдош – ҳамкасблари – қирғизистонлик журналистларнинг 24 октябрь кунги баёнотида эса, жумладан мана бундай дейилган:
Aлишернинг ҳамкасблари Қирғиизстон ички ишлар биноси олдида тўпланиб¸ қотилларни топиш талаби билан қатор тадбирлар ўтказмоқдалар.


“Ҳамкасбимиз ўлимига бир йил тўлган ушбу қайғули кунда биз мамлакат ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарларига яна бир бор мурожаат қилиб, уларга қалбимизда нафақат ҳамкасбимизнинг ёрқин хотираси, балки ваъдаларингизни унутмагансиз деган умид ҳам яшаётганини эслатиб қўймоқчимиз. Биз ҳануз қотилларни топасиз, деган умиддамиз”.

Алишернинг ўлимидан кейин унинг хотирасига кўплаб шеърлар битилди, фильмлар суратга олинди, унинг хотирасини халқаро миқёсда абадийлаштириш учун баъзи ишлар қилинди. Масалан, унинг исми Вашингтондаги Журналистика музейидаги профессионал фаолияти учун ўлдирилган 1800 журналист рўйхатига киритилди.

Эшиттиришимизни шоир Ёдгор Обиднинг Алишер Соипов хотирасига битган шеъри билан якунламоқчимиз.

Қанча қурбон керак, сенга адолат,
Орзусан йўлларинг, шунчалар оғир,
Интилдик, изладик кесди разолат,
Қотиллар тиғ санчди, қон бўлди бағир.

Бу қандай кўргилик, бу қандай таҳқир,
Қонига қорилиб, ëтар жасорат,
Нияти қалбидай, соф эди, ахир,
Умиди эзгулик, элга шафоат.

Бугун шундай бўлди, бизларнинг луғат,
Алишер курашдир, Алишер орзу,
Алишер эзгулик, Алишер даъват,
Виждон у виждонга, тутилган кўзгу.

Залолат бўлолмас, ҳамиша устун,
Жоҳил золимларга ҳукми олий бор,
Кун келар, кун келар, келар ўша кун,
То мардлар кўксида, яшаркан виқор.

Кўзимда ëш билан, қилурман хитоб,
Гарчи ëв кўксимиз, олмиш нишонга.
Ҳар томчи қон учун, у бергай жавоб,
Минглаб Алишерлар, чиқар майдонга.
XS
SM
MD
LG