Линклар

Франциядаги ташкилот ҳуқуқ ҳимоячисига белгиланган ҳукмдан хавотирда

  • Ҳурмат Бобожон

http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_w203.jpg --> http://gdb.rferl.org/6BE2211B-1DD6-4345-B4F9-86D21E3C6265_mw800_mh600.jpg Франциядаги Қийноқларга қарши курашувчи халқаро ташкилот ҳамда Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси Ўзбекистонда ҳуқуқ фаолининг 10 йилга озодликдан маҳрум этилишини қоралаган. Ташкилот баёнотида Аъзам Турғуновга белгиланган қамоқ жазоси, энг аввало унинг ҳуқуқ ҳимоячиси сифатидаги фаолияти билан боғлиқлиги айтилади. "Ўзбекистондаги режим бу билан ҳар қандай ўзгача фикрни янчишга тайёрлигини намоиш этмоқда. Бундай ҳукмнинг Европа Иттифоқи санциялари юмшатилиши ортидан эълон этилиши янада хавотирлидир", - дейилади ташкилот баёнотида.

13 октябр куни Европа Иттифоқи 2005 йил 13 май Андижон воқеалари ортидан ўзбек мулозимларига қўйилган виза чекловини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида "ўсиш кузатилди", дея бекор қилган эди. Холбуки, дейилади баёнотда, икки кун аввал Ўзбекистонда бошқа бир ҳуқуқ фаоли ва журналист Солижон Абдураҳмонов ҳам 10 йилга озодликдан махрум этилган эди.
"Бу жазосизликнинг намойишидир", - дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Отаева. "Европа Иттифоқи гўёки Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ўсиш кузатилди, деб санкцияларни юмшатди. Европа Иттифоқининг бундай аҳмоқона баҳосига Ўзбекистоннинг жавоби бу", - дейди Отаева.
Аъзам Турғунов шу йилнинг 11 июл куни Нукусдаги фуқаро маҳкамасида ҳимоячи сифатида иштирок этиш учун борган пайт ҳибсга олинганди. У уйсиз қолганидан шикоят этган қорақалпоғистонлик аёлнинг ҳимояси учун 20 миллион сўм пулни товламачилик йўли билан олганликда айбланди. Ҳамкасбларининг айтишича, Аъзам Турғунов сўнгги пайтларда бир қатор маҳкама ишларида ҳуқуқлари поймол этилган фуқароларни ҳимоя қилган. Улар 56 ёшли Аъзам Турғуновнинг ҳибсга олиниши унинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти билан боғлиқ эканини айтишади. Мухолифат фаоли Дилором Исҳоқова Турғунов устидан ўтган маҳкамани томоша деб атади.
Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Ўзбекистон ҳукуматини ўзгача фикрловчилар ва ҳуқуқ фаолларини таъқиб қилишда айблашади. Хьюман Райтс Уотч ташкилоти Аъзам Турғуновга нисбатан чиқарилган ҳукмни Ўзбекистондаги адолат учун фаолият олиб бораётганларга аччиқ огоҳлантириш дея таърифлаган.
XS
SM
MD
LG