Линклар

logo-print

Мигрантлар орасида касалликка чалинганлар кўпми?

  • Сарвар Усмон

Москва областига иш излаб келаётган чет элликлар орасида турли касалликларга чалинганлар кўп ва Россия фуқароларига улардан сил ва заҳм каби хавфли касалликлар юқиш хавфи жуда катта. Москва область бош санитар врачи Ольга Гавриленконинг бу баёнотини “ЦентрИнформ” ахборот агентлиги ёйинлади.

Ольга Гавриленкога кўра, деб ёзди агентлик, 2008 йилнинг 9 ойи мобайнида ишга рухсат бериш учун медицина кўригидан ўтказилган 50 минг мигрант ишчи орасида 164 кишининг сифилис билан, 224 кишининг сил билан оғриётгани, 86 кишида одам иммун тақчиллиги вируси борлиги аниқланган.

Умуман олганда эса, мигрант ишчилар орасида маҳаллий аҳолига нисбатан силга чалинганлар 5 ярим марта, сифилисга чалинганлар 6 ярим марта кўпдир.

Маълумки, Москва областидаги мигрант ишчиларнинг кўпчлигини марказий осиёликлар, шу жумладан ўзбекистонликлар ташкил қилади.

Москва область бош санитар врачи эълон қилган қўрқинчли маълумотларни билгач, Москвада ишлаётган ўзбекистонликлардан бири билан боғландик.

Исмини айтишни истамаган суҳбатдошимизнинг сўзларига қараганда, ваҳимага ўрин йўқ.

“Масалан мен шу ерда 3 йилдан бери ишлаяпман. Ҳар йили бир марта уйимга бориб келаман. Тиббий кўрикдан ҳам ўтаман. Биз масалан 100тамиз. Шуни орасидан битта чиқиши мумкин. Бу чиқадигани ҳам сифилис, сил ëки ОИТС эмас. Қанақадир ўпкасида суви бор, шамоллаган бўлиши мумкин”.

Иш жараёнида ҳам агар оғриб қолсак, докторлар бепул даволайди, дейди суҳбатдошимиз.

“Бизни ўзимизни ташкилотимизда врачимиз бор. Ўшанга учрашамиз. Текинга даволайди. Бизни ҳужжатларимиз жойида. Ишга рухсатномамиз ҳам бор. Бу ерда медицинский полис дейишади. Шу нарсамиз ҳам бор. Агар ўзимизни врачимиз даволай олмаса, поликлиникага борсак бепул даволашади. Ҳатто бепул операция ҳам қилди. Ўзим кўзим билан кўрдим”.

Бу гапларни эшитган одамни ҳамма ишни йиғиштириб қўйиб Москвага бориб ишлагиси келиб кетади. Бироқ мигрант ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев хулоса қилишга шошилмаслик керак, дейди.

“Албатта бундай ҳолатлар айрим ташкилотларда бор лекин асосий қисмига тиббий ëрдам кўрсатилмайди. Москвани марказида жойлашган биноларда ишлаëтганларга албатта тиббий ëрдам кўрсатиши мумкин”.

Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, бояги суҳбатдошимизга иш берган ташкилот унинг соғлиғидан ҳам хабар олиб туради, бироқ бунинг эвазига иш ҳақини озроқ тўлайди. Мигрант ишчиларнинг аксарияти эса, бепул тиббий хизматни ҳавас қилиши мумкин холос.

Лекин шундай бўлсада, дейди Баҳром Ҳамроев, Москва область бош санитар врачи тарқатган маълумотлар синчиклаб ўрганиб кўрилиши лозим.

“Чунки ҳозирги кунда Россия ҳукумати учун бу бир баҳонага айланиб қолди. Россиядаги қурилиш биноларида 5, 10 йиллаб ўзбек мардикорлари сувтекинга ишлаб берди. Бу Россия ҳукумати ўйлаб топган баҳона. Уларнинг мақсади мигрантларнинг йўлини тўсиш, уларни иш шароитлари ëмон бўлган ва пули кам тўланадиган регионларга жўнатиш. Бу анчадан бери қилинаëтган ҳаракатлар”, деди Москвадаги ўзбекистонлик мигрант ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроев.
XS
SM
MD
LG