Линклар

"Буюк Чингиз туркни етим қилиб кетди"...


Буюк адиб 1985 йилнинг 1 сенябрида Бишкекдаги ўз уйидаги иш столи ëнида ўй сурмоқда.

Буюк адиб 1985 йилнинг 1 сенябрида Бишкекдаги ўз уйидаги иш столи ëнида ўй сурмоқда.

Ëзувчи Чингиз Айтматов бундан бир йил олдин Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган интервьюсида “Агар Худо умр берса, бир янги нарса ëзсам деган мақсадларим бор”¸ деган эди. Лекин умр вафо қилмади. 10 июн куни асарлари 170 тилга таржима қилинган таниқли қирғиз ëзувчиси Чингиз Айтматов 80 ëшида оламдан кўз юмди. Озодлик радиосининг ижодий жамоаси ҳам Чингиз Айтматовнинг яқинларига ўз ҳамдардлигини изҳор қилиб, ëзувчининг охирати обод бўлишини яратгандан сўраб қолади.

Чингиз Айтматов 1928 йилнинг 12 декабрида Қирғизистоннинг Талас вилоятидаги Шакар овулида туғилган. Бобоси Айтмат оға машҳур қўбизчи бўлган. Чингиз Айтматов рус ва қирғиз мактабларида ўқиган. Шуниси қизиқки, у бошида адабий таълим олмаган балки зоотехникумни ва қишлоқ хўжалик техникумини тамомлаган. Илк қиссаси “Жамила” ëзилган йили, 1958 йилда Москвадаги икки йиллик олий адабиëт институтини тугатган эди. Чингиз Айтматовнинг “Сарвқомат дилбарим”, “Юзма-юз”, “Сомон йўли”, “Алвидо Гулсари”, “Оқ кема”, “Биринчи муаллим”, “Асрга татигулик кун”, “Қиëмат”, “Эрта қайтган турналар” сингари ўнлаб асарлари 100дан ортиқ тилларга таржима қилинган. Бир сўз билан айтганда Чингиз Айтматов дунëни забт этган ëзувчи. Унинг деярли барча асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳаëт ҳақиқати, пок, соф инсоний туйғуларга бой асарлари ҳозир ҳам ҳар бир маърифатли ўзбек хонадонининг китоб жавонидан ўрин олган. Чингиз Айтматовни билмаган ўзбек бўлмаса керак. Айниқса, “Жамила” ëки “Сарвқомат дилбарим” қиссаларидаги пок муҳаббат, “Оқ кема”даги беғубор ҳислар ҳам ўзбеклар учун жуда қадрдон.

Чингиз Айтматовнинг бевақт ўлими унинг юртдошларига ëмон таъсир қилди. Улар буни биз билан бўлган суҳбатларида ҳам таъкидлашди. Бишкек кўчаларидаги кишилар адиб ўлими ҳақидаги хабардан зўр қайғуга тушганларини, буни эшитганларидан кейин кўзëшларини тия олмай қолганларини айтишди. Улардан бири Чингиз Айтматовнинг ўлими қирғиз халқи учун эмас, дунë халқлари учун ҳам катта йўқотиш бўлганини айтди. Бошқа бирови эса Чингиз Айтматовга ўхшаш кишилар минг йилда бир дунëга келишини айтаяпти. Бир аëл ўз сўзида қобирға қайишди деган сўзни ишлатди. Қобирға қайишса қандай азоб беради? Чингиз Айтматовни йўқотиш қирғизистонликлар, туркийлар кўнглида ана шунақа оғриқ уйғотди¸ десак муболаға бўлмайди.

Чингиз Айтматов билан видолашув маросими 2008 йилнинг 14 июн куни Бишкекнинг Ота-Бейит мажмуасида бўлиб ўтди.

Биз билан суҳбатлашган адиб аҳли ҳам, оддий одамлар ҳам Чингиз Айтматовнинг ўлимидан қаттиқ изтиробда эканлигини айтмоқдалар. Ўзбекистон халқ ëзувчиси Шукрулло буюк ëзувчининг ўлимини нафақат қирғиз адабиëти учун балки жаҳон адабиëти учун ҳам мотам деб атади. Шукруллонинг айтишича¸ Чингиз Айтматов барча туркий халқларни бир-бири билан оға-ини, қон-қариндош сифатида кўришни доим орзу қилган. Марказий Осиëдаги туркий давлатларнинг ўзаро бирлаша олмай турганидан азият чеккан. У шу мақсадда “Туркистон” ассоциациясини ҳам тузган эди.

“Чингиз Айтматовнинг Туркистон ассоциациясини тузганлиги, Туркистон жамиятини ташкил қилганлиги, туркий халқларни, шу бешта республиканинг бошини қовуштиришни ният қилганлигини олижаноблик деб аташ мумкин. Чингизни халққа фақат қалами билан хизмат қилган эмас, халқнинг тақдири билан, бахти билан, келажаги билан қизиқиб яшаган буюк одам деб хотирладик. Туркистонни яхлит кўришни Фитрат, Чўлпон, Мунаввар қори, Убайдулла Хўжаевлар орзу қилган эди. Қачон Туркистон аслига қайтади, бир халқ бўламиз, бир мушт бўламиз деган ниятнинг давомчиси Чингиз эди. Афсус ўша ассоциация охирига етмади. Чингиз бундан жуда ранжиди. Биз Чингизча ўйлай олмадик. Фаҳмимиз етмади. Ҳаммамиз ҳам Чингиз бўла олмадик”, дейди шоир Шукрулло.

Қирғиз халқини, қирғиз адабиëтини жаҳонга танитган адиб ҳақида қирғиз адибларининг ўзлари нима демоқдалар? Улар улуғ бир устоздан айрилганликлари тўғрисида гапирмоқдалар. Улар Чингиз Айтматовнинг нақадар олийҳиммат, дунëқараши кенг, ўта иқтидорли ва фавқулодда меҳнаткаш инсон бўлгани ҳақида гапирмоқдалар. Қирғиз ëзувчиси Мар Байжиев эса жаҳонга таниқли ëзувчининг ҳаëт йўли у қадар текис бўлмаганини айтади.

“Менга жуда яхши муносабатда эди. Чунки иккаламизнинг тақдиримиз бирдек эди. Нега деганда у ҳам халқ душманининг ўғли эди, мен ҳам. Шунинг учун баъзан иккаламиз шу нарсалар ҳақида ҳам гаплашиб қолардик”, дейди қирғиз ëзувчиси.

Эътибор берган бўлсангиз бу совет давридаги суҳбатлар. Маҳаллий ëзувчилар Чингиз Айтматовнинг қирғизлар ичидан чиққан иқтидорли ижодкорларни кўп қўллаб-қувватлаган, уларни олий мақсадларга рағбатлантириб турган киши бўлгани ҳақида гапирмоқдалар.

Юқорида айтганимиздек¸ адибнинг ўзбек тилига ўгирилмаган асари қолмаган. Шу билан бирга адибнинг ўзбек адабиëтига ҳам ҳурмати баланд эди. Чингиз Айтматов Абдулла Қодирий романларига чуқур эҳтироми борлигини айтган эди. Одил Ëқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романини ўқиб, “Яхши китоб ҳақида гапириш мароқли, бу юксак ва олийжаноб наср намунаси. Бадиий қуввати жиҳатидан салмоқдор ва тарихий роман мени ларзага солди”¸ деган эди. Биз ëзувчининг яқин дўстларидан бири Одил Ëқубов билан ҳам суҳбатлашдик.

“Ҳаммамиз ҳам бир-бир йиғлаб олдик. Айтиш мумкинки¸ Чингиз Айтматов бутун инсоният фарзанди. Оллоҳ унга шундай бир катта истеъдод инъом этган эдики, нима ҳақида ëзмасин инсоннинг қалбидаги энг нозик торларигача черта олар, агар қайғу ҳақида гапирса, унда йиғлатмасдан қўймас, агар кулдиргиси келса, қотириб-қотириб кулдирар эди. У буюк инсон эди. Унинг асарлари дунëга чиқди. У дардли онларни тасвирлаганда йиғламаган инсон йўқ. Уни танимаган мамлакат йўқ”.

Чингиз Айтматов 1978 йили Бишкекда¸ ижоди айни етуклик палласига кирган бир даврда.

Ëзувчи Нурулла Остон бир мақоласида Чингиз Айтматовнинг мана шу гапларини келтирган эди.

“Одам ер юзидаги барча маҳлуқлар орасида биринчи бўлиб иблис билан топишган ва бу гап мени кўп ўйлантиради”.

Ҳақиқатан ҳам инсон жуда мураккаб мавжудот. Чингиз Айтматовнинг ҳар бир асарида ана шу мураккабликнинг янги бир қирралари очила бошлайди. Ëзувчининг “Асрга татигулик кун” асарини олайлик. Унда ўтмишни эслай олмаслик учун инсонни хотирасидан умрбод маҳрум қилишдек қабиҳ жиноятга қўл уриш ҳақида ҳикоя қилинади. Эдигей Бўроннинг “илгари бош учун эъзозлашарди. Бундан чиқди энди орқаларинг учун эъзозлашар экан-да!”- деган гаплари бутун инсониятга тегишли гапдай.

Шоир Шукрулло ҳам мана шу гапни эслайди.

“Манқуртни ëзган пайтида ҳамма халқ “Бизни ëзибди-ку” деди. Эркини йўқотган қайсики халқ бўлса, бизни ëзибди, деб айтди. Умри узоқ бўлсин, бу буюк одам экан, дейишган эди. Ўша пайтда манқурт дейиш учун катта талант керак эди. Унинг ҳар битта асари дурдона. Унинг ҳеч бир асари халқ дардидан узоқ эмас”.

Ўзбекистон халқ ëзувчиси Пиримқул Қодиров ҳам Чингиз Айтматов билан тенгдош ва дўст бўлганини гапиради. Ўш, Ўзган воқеаларидан қаттиқ ташвишга тушган Чингиз Айтматов ўша куннинг ўзида Москвадан Тошкентга учиб келган экан ва Пиримқул Қодиров ҳамда Одил Ëқубов билан Ўшга жўнаб кетган экан.

“Ўшга бориб кўрган нарсаларимизни, ҳақиқатни айтишга ҳаракат қилдик. Ўзбекни қозоққа, қозоқни қирғизга ëмонлаб уриштиришган. Биз буни фактлар билан одамларга тарқатишга ҳаракат қилдик”.

Ўшанда қирғиз-ўзбек халқлари орасига нифоқ солмоқчи бўлишган эди. Лекин ўзбек адибларининг сўзларига кўра, Чингиз Айтматов фақатгина бу дўстликни қўллаб-қувватлабгина қолмай¸ балки собиқ иттифоқ даврида ўзбекларнинг пахта далаларида қулдай ишлашларини кўриб, азият ҳам чеккан. Бу ҳақда ëзувчининг дўсти, Ўзбекистон халқ ëзувчиси Одил Ëқубов шундай эслайди.

“У ўзбек халқининг бутун ташвишлари, бутун қийинчиликлари, бутун роҳат ва азобларини ҳаммасини билар эди. Ўзининг “Ойгача пахта йўли” деб номланган бир машҳур мақоласида ўзбек ойдан ерга етгунга қадар дунëга пахта беради деган. Бу пахтани ишлаш, уни териб олиш нақадар азоб. Буни ишлашдан кўра тасаввур этиш қийин. У худди ўз халқи дардини гапиргандай ëзган. Мен бу мақолани ўқиганимда ўзининг ҳам кўзидан ëш томган бўлса керак деб ўйладим. Сизларнинг азобларингизга мен шерикман¸ қалбимдан сизлар учун азоб чекаман¸ қувончларингизга қанча шерик бўлсам, қийинчиликларингизга ҳам шундай шерикман, дер эди унинг ëзганлари”.

Ўзбекларда “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деган гап бор. Чингиз Айтматовнинг бошига ҳам шундай кунлар тушган эди. Унинг биринчи асарларини Қирғизистонда чоп қилишмаган. Кейин у ўз қиссаларини Москвада чоп қилдирган. Кейин эса рус тилидан қирғиз тилига таржима қилинган эди. Афсуски шунақа. Биз қирғиз зиëлиси Бектош Шамшиевга шу саволни берганимизда у киши бу гапда жон борлигини айтди.

“Ўша даврдаги қирғиз адабиëти дарғалари социалистик реализмни бир ëқлама, ўта тор тушунганларидан Чингиз Айтматов ижодининг бошланишида шунақа қийинчиликларга дуч келинган. Унинг ижодида Ғарб ва Шарқнинг энг яхши анъаналари жам бўлган эди. Унинг асарларидаги фалсафий тушунчалар ўша давр дарғаларига тушунарсиз бўлган. Шунинг учун у Москвага кетиб қолган эди”.

Менимча, адабиëтга янгилик олиб кирган ҳар бир ижодкор бундай қаршиликларга дуч келади. Ўзбек адабиëтида ҳам бунга мисоллар кўп. Ҳар бир замоннинг ўз хони, ўз ҳукмрони бўлади. Чингиз Айтматов ҳам турли хил ҳукмронлар замонида яшади. Шоир Шукрулло айтганидек ҳар замонда халқ дардини айта олди. Келинг “Оқ кема” асаридаги Мўмин чолнинг бу гапи билан бугунги суҳбатимизга якун ясайлик.

“Эй бўтам. Ҳофизлар ҳамду сано ўқишда баҳслашса, бу қандай ярамаслик. Улар қўшиқчидан қўшиқ кушандасига айланади. Эй бўтам. Қадимги одамлардан қолган гап бор. “Бойлик такаббурликни, такаббурлик эса телбаликни туғдиради”.Эй бўтам. Пулдор ҳукмрон бўлган жойда эзгу сўзга ўрин йўқ, гўзалликка ўрин йўқ”.


XS
SM
MD
LG