Линклар

Ўзбекистонда йод танқислиги билан боғлиқ касалликлар урчимоқда.



Тиббиёт янгиликлари

Физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофоти эгалари эълон қилинди

Олтинчи октябр куни Стокҳолмда физиология ёки тиббиёт бўйича Нобел мукофотининг 2008 йилги лауреатлари эълон қилинди. Қарийб бир ярим миллион АҚШ долларига тенг мукофот бу йил одам иммун-тақчиллиги вирусини аниқлаган фрунцуз олимлари Франсуа Барре-Синусси ва Люк Монтениер ҳамда бачадон саратонига сабаб бўлувчи вирусни топган немис олими Ҳаралд зур Хаусенлар ўртасида бўлиб берилди.

Бир ярим миллион долларнинг немис олимига тенг ярми тегди, мукофотнинг қолган қисмини франциялик олимлар бўлишиб оладиган бўлди.

Физиология ва тиббиёт бўйича Нобел қўмитасининг раиси доктор Ҳанс Йорнвалл ҳайъат қарори ҳақида жумладан бундай деди:

“Каролинска институтидаги Нобел кенгаши физиология ёки тиббиёт соҳасидаги 2008 йилги мукофотнинг ярмини Ҳаралд зур Ҳаусенга бачадон саратонини келтириб чиқарадиган одам папилома вирусини аниқлагани учун, иккинчи ярмини эса одам иммун тақчиллиги вирусини топган Франсуа Барре-Синусси ва Люк Монтениерларга топширишга қарор қилди”, деди Нобел мукофоти ҳайъатининг аъзоси.

Айни пайтда, 1980 йилларда одам иммун-тақчиллик вирусини топганликни даъво қилиб, доктор Люк Монтениер билан тортишган америкалик тиббиётчи олим доктор Роберт Галло¸ Нобел ҳайъати уни ҳам мукофот совриндорлари қаторига қўшмаганидан ҳафсаласи пир бўлганини таъкидлади.

Нобел Академияси Франсуа Барре-Синусси ва Люк Монтениернинг 1980 йиллардаги кашфиёти ОИТС биологиясини ўрганиш ва касалликни ретровирус препаратлари билан даволашга ҳисса қўшгани ҳақидаги хулосага келди.

Немис олими Зур Ҳаусен одам папиллома вирусининг иккита хавфли турини аниқлаган ва унга қарши дорининг ишлаб чиқилишига ҳисса қўшган.

АҚШ озиқ-овқат ва дори-дармон вазирлиги 2006 йилда Гардасил, деб номланган препаратнинг 9 ёшдан 26 ёшгача бўлган қизларда бачадон саратонининг олдини олишда қўлланишига рухсат берган.

Хитойда заҳарланган сут жанжали давом этяпти

Хитой расмийлари, мамлакат сут ишлаб чиқариш соҳасида сифат назорати яхши йўлга қўйилмаганини эътироф этиб, бу борада кескин чоралар кўрилишини ваъда қилди. Расмий Пекиннинг бу қарорига ўтган ойда болалар учун мўлжалланган қурутилган сутга меламин кимёвий моддаси қўшилгани оқибатида, минглаб бола заҳарлангангани сабаб бўлди.

Расмий хабарда айтилишича, Хитой Бош вазири Уэн Жибао сут маҳсулотларининг хавфсизлигини таъминлашга бағишланган вазирлар маҳкамаси мажлисига раислик қилган.

Ўтган ойдаги воқеа “хитойда чиқарилган” тамғаси остидаги маҳсулотларга ишончни янада камайтирди ва Пекин ҳукуматининг сўнгги баёноти мамлакат ичкариси ва ташқарисидаги истеъмолчиларни тинчлантириш уринишларининг навбатдагиси бўлди.

Меламин моддасидан 60 мингга яқин бола заҳарланганидан кейин, Хитойда ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларини импорт қилувчи ўнлаб мамлакатлар, бу маҳсулотларга таъқиқ қўйиш, уларни савдодан олиб ташлаш бўйича кескин чораларни кўрди.

Хитой ҳукумати тарқатган расмий баёнотда, рўй берган воқеада масъулиятсиз тадбиркорлар айбдор экани ва ҳукумат бундан кейин сифатни кафолатлаш бўйича барча чораларни кўриши таъкидланади.

Пекин ўтган йили ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармонлар ва болалар ўйинчоқларида заҳарли моддалар топилганида шундай ваъдаларни берган эди.

Хитой ҳукумати навбатдаги ваъдани эълон қилган куни, Жанубий Корея озиқ-овқат вазирлиги Хитойда ишлаб чиқарилган сут маҳсулотларининг яна 10тасида меламин моддаси топилганини маълум қилди.

Айни пайтда, Эрон ҳам Хитойда ишлаб чиқилган сут маҳсулотларини импорт қилишга таъқиқ жорий қилди.

Асосан пластик жиҳозлар ишлаб чиқарилишида ишлатиладиган меламин моддаси кўп миқдорда ҳаёт учун хавфлидир. Ўтган ойдаги воқеада Хитойда 4 бола ҳалок бўлди.

Асосий мавзулар

Дастуримизнинг Ўзбекистонга оид мавзуси йод танқислигидан келиб чиқадиган эндокринологик касалликлар, яъни буқоқ касаллиги ҳақида. 7 октябр куни Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий интернет саҳифасида Ўзбекистон Респебликасининг “Йод танқислиги касалликларининг олдини олиш” тўғрисидаги қонуннинг бажарилишига оид мақола эълон қилингани ушбу масалани дасутримизда кўтаришимзга сабаб бўлди.

“Йод танқислиги бартараф этилади” сарлавҳаси остида берилган мақолага кўра, бу борада республика бўйлаб йодланган тузни ишлаб чиқариш бўйича янги корхоналарнинг ишга туширилиши, таркибида йоди йўқ тузларнинг савдодан мусодара қилиниши, ҳомиладор аёллар орасида тушунтириш ишлари олиб борилаётгани каби ишлар амалга оширилмоқда.

Лекин мақолада, бу ишлар қандай натижа бераётгани ҳақида индалмаган. Йод танқислиги касалликлари, яъни буқоқ, қанд касаллиги ва бошқа ҳолатлар камаймоқдами¸ йўқми, деган саволга мақола муаллифи жавоб бермаган.

Бу саволга жавоб олиш учун соғлиқни сақлаш вазирлигининг мутасаддиларига мурожаат қилдик.

“У ҳар доим муаммо. Ҳозир бутун дунë бўйича муаммо у. Лекин бу касалликни бизни бошқарма олиб бормайди. Шунинг учун бирон нарса дейиш қийин”, деган соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси йод танқислиги касалликларининг олдини олиш бўйича олиб борилаётган ишлар қадай натижа бераётгани ҳақидаги саволга жавобни билмаслигини таъкидлади. Балки “Йод танқислиги бартараф қилинади” номли мақола муаллифининг бу саволни четлаб ўтганига ҳам шу сабаб бўлгандир, деган хаёлда, соҳадан хабардор мустақил мутахассисларга мурожаат қилдик.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла Ўзбекистонда бу муаммога оид алоҳида қонун қабул қилингани билан, мустақиллик йилларида уни бартараф этиш бўйича жиддий чоралар кўрилмаган, дейди, Озодлик билан суҳбатда.

“Бўқоқ касалликлари¸ қанд касалликлари ҳамда гармонад безлари билан боғлиқ бўлган бошқа касалликлар хусусида ҳали Ўзбекистонда бирорта катта қадам қўйилган эмас. Лаборатория анализлари бўйича ҳам жуда катта қусурлар мавжуд. Реактивлар етишмайди¸ кадрлар етишмайди. Кадрлар етишса ҳам асбоб-ускуналар етишмайди. Бу соҳада Ўзбекистон ҳали оқсаяпти. Қонун қабул қилингани билан бунга ҳукумат ўз назарини қаратмас экан¸ бу масала қандай бўлган бўлса¸ шундайлигича қолаверади. Бошқа янгилик бўлгани йўқ”¸ дейди профессор Суҳбат Абдулла.

Фарғона вилояти, айниқса Қўқон шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар йод танқислиги касалликларининг ўчоқларидан бири ҳисобланади. Бундан бир неча йил аввал Қўқондаги бир неча нодавлат ташкилоти хорижий ташкилотлар берган грантлар ҳисобидан бир неча лойиҳаларни амалга оширган. Озодлик радиоси билан исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган қўқонлик эндокринолог шифокорлардан бири¸ ҳозир бу нодавлат ташкилотларнинг аксарияти фаолиятини тўхтатганини айтади. Бунинг сабаби, грант берувчи халқаро ташкилотларни Ўзбекистондан ҳайдалгани, дея қўшимча қилди мутахассис. Унинг айтишича, кейинги йилларда йод танқислиги муаммоси янада кескинлашган. Лекин, ҳукумат томонидан ҳам муайян дастурлар, масалан қанд касаллиги билан оғриган беморларга маълум миқдордаги дориларни бепул беришга оид дастурлар амалга оширилмоқда, деди яна суҳбатдошимиз.

Йод танқислиги болаларда кретинизм, яъни телбалик каби жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

“Йод инсон организмида онгни шакллантирадиган асосий фундамент ҳисобланади. Йод моддаси организмда мавжуд бўлар экан¸ фикрлаш тарзи¸ одамнинг ақли нормага келади. Шу нормада қолиб¸ ривожлана бошлайди. Агар йод моддаси организмда етишмаса¸ бу суякларнинг емирилишига олиб келади. Йод яна организмда калий билан бирлашиб суякларни мустаҳкам қилади. Организмни асосий ëғлаб турадиган ҳамда асосий молекуляр ҳолат ҳисобланган гармонларнинг тўлиқ бўлишида йоднинг беқиëс хизмати бор. Қайси организмда йод етишмаса биринчидан¸ инсоннинг ақли заиф бўлади¸ иккинчидан кўриш қобилияти йўқолади¸ учинчидан суяклар мўрт бўлади¸ тўртинчидан иммун системаси кетади. Йоднинг организмдаги энг катта аҳамияти шундаки¸ қандайдир ҳукумат ўз миллатининг соғлом бўлиб ўсишини ҳоҳласа¸ у ўз миллатининг фарзандларини йод билан тўлиқ таъминлаш чораларини кўриши керак”¸ дейди профессор Суҳбат Абдулла.

Йод танқислиги билан боғлиқ касалликлар нафақат Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатлари учун муаммодир. Лекин бу муаммони ҳал қилиш нисбатан осонроқ бўлган Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, бошқа давлатлар ҳукуматлари муаммога жиддий ёндашади, дейди профессор.

“Бу муаммонинг ечими бизда бошқа мамлакатларга нисбатан осон. Сабаби Ўзбекистоннинг ўзида йод конлари мавжуд. Фақат мана шу йодни қайта ишлаб организмга шифобахш модда сифатида киритадиган механизмни ишга тушириш керак. Ана шунда Ўзбекистон йод танқислиги деган балодан ўз-ўзидан қутилган бўлади. Лекин ҳукумат негадир бунга эътибор бермаяпти. Билмадим нимага шунга ҳаракат қилишмаяпти. Буни энди тепадагилар билса керак”.

“Йод танқислиги бартараф этилади” номли мақолада Жиззахда бу муаммони бартараф қилиш мавзусидаги семинар ўтказилгани¸ унда амалга оширилган ишлар таҳлил қилингани ва аҳолини йодланган туз билан тўла таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олингани ёзилди.

7 октябр куни Душанбе шаҳрида «Саломатлик 2008» халқаро кӯргазма иш бошлади.

Дунёнинг 15 га яқин давлати қатнашаётган тадбирнинг асосий мақсади Тожикистон бозорларига сифатли ва арзон дори-дармонлар ва замонавий тиббиёт ускуна ва жиҳозларни олиб кириш ҳамда тиббиёт соҳасида илмий тадқиқотлар ӯтказилишини хорижий сармоялар билан рағбатлантиришдан иборат эканлиги айтилмоқда.

Тожикистон пойтахтидаги Ваҳдат қасрида ташкил этилган кўргазмада Венгрия¸ Белгия¸ Эрон¸ Россия¸ Украина¸ Швеция¸ Арманистон¸ Япония¸ Германия¸ Белоруссия¸ Туркия¸ Қозоғистон¸ Финляндия ҳамда Ўзбекистондан келган 30 та ширкатларнинг 4000дан ортиқ вакиллари ўз маҳсулотлари билан қатнашноқдалар. Кўргазмада қатнашаëтган Ўзбекситондаги “Магзил фарма” ширкат директори Аббос Валиев халқаро тадбирнинг ҳар иккала республика соҳа мутахассислари учун фойдали томонларига тўхталар экан мана буларни айтди.

“Ҳозир қизиқиш яхши бўлаяпти. Бу кўргазма ҳар йили борган сари қизиқ бўлиб ўтаяпти. Одамлар орасида маълумотлар кўп тарқалиб¸ кўпчилик келаяпти. 13 хил дорини Тожикистонда рўйхатдан ўтказганмиз. Шундан 7¸ 8 тури ҳар доим сотувда бор. Сотилишлари ҳам ëмон эмас”.

Ўзбекистонлик фармацевтлар ишлаб чиқарган дори-дармонларга тожик жамиятида талаб ошаëтганини назарга олган ҳолда¸ ўзбекистонлик вакил яқин келажакда ўзбекистонлик соҳа мутахассисларининг Душанбе шаҳрида бир қатор бўлимлар ташкил қилиниши режалаштирилаëтганини билдирди.

Финляндиянинг “Пелкен элмер” ширкати эса халқаро кўргазмада қатнашишларидан мақсад Тожикистонда ҳомиладор аëлларда ҳомиланинг ривожланиши ва туғилган чақалоқлар умрининг дастлабки икки ҳафтаси давомида келажакда вужудга келиши мумкин бўлган касалликларга ташхис қўйиш билан боғлиқ муаммоларга ечим топишга кўмаклашишдан иборат эканлигини таъкидлашди. Мазкур ширкат вакили Вячеслав Мечскин Тожикистонда туғилаëтган чақалоқларда мавжуд турли нуқсонларни аниқлаш учун замонавий ускуналар ва махсус дастур йўқлигини айтар экан¸ тожикистонлик болаларнинг оммавий ташхисдан ўтказишга доир дастур республика ҳудудида ишламаслигини айтди. Яъни бола туғилган кундан бошлаб кейинги икки ҳафта давомида чақалоқда мавжуд нуқсонлар касалликларни аниқлаш ва даволаш учун тожикистонлик шифокорларнинг имкониятлари йўқ. Аммо биз билан яқин ҳамкорликда бўлган Россия¸ Ўзбекистон¸ Қозоғистон ва БААда бу дастур аллақачон яхши натижалар берган¸ деди. Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги бу дастурнинг амалга оширилишига бефарқ қолаëтгани афсусланарли ҳолдир¸ дея қўшимча қилди финляндялик тиббиëтчи.

Шу ерда айтиш жоизки¸ Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги учун бугуннинг асосий муаммоларидан бири сил¸ саратон ва қанд касалликларининг кўпайиб бораëтганидир. Аммо сешанба куни бошланган халқаро кўргазмада қатнашаëтган ширкатлар тожикистонликларга бу касалликларни даволашда қўл келадиган дори-дармон ëхуд даволаш ускуналарини таклиф қилгани йўқ.


XS
SM
MD
LG