Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:21

Яна соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар ҳақида


Тиббиёт янгиликлари

Хитойда заҳарланган сут жанжали авж олмоқда
Хитойда болалар учун сунъий озиқа билан боғлиқ жанжал авж олмоқда. Хитой расмийлари меламин кимёвий моддаси қўшилган сутдан заҳарланиб, касалхонага ётқизилган болалар сони қарийб 13 мингга етганини эълон қилди. Шу пайтгача меламин моддаси қўшилган қуритилган сутдан заҳарланган болаларнинг умумий сони 54 мингдан ошиб кетди.

Гўдаклар учун сунъий озиқа ишлаб чиқаридиган бир неча ширкат маҳсулотга заҳарли модда қўшгани билан боғлиқ воқеа “Хитойда чиқарилган” тамғаси остидаги маҳсулотлар билан боғлиқ жанжалларнинг сўнггиси ва энг каттаси бўлди. Шу сабабли вужудга келган вазиятни шахсан Хитой бош вазири Уэн Жибао ўз назоратига олишини баён қилди.

Семиз болалар ва ўсмирларда сурункали бошоғриғи ҳолатининг пайдо бўлиши эҳтимоли юқори бўлади, демоқда АҚШдаги Цинцинати Болалар касалхонаси тадқиқот марказининг мутахассислари. Америкалик шифокорлар бу хулосани мингга яқин болалар орасида ўтказган тадқиқот натижаларига асосланиб бермоқда. Айни пайтда, семиз болалар ортиқча вазнни ташлаган сари бошоғриғи ҳолатлари ҳам камаяр экан.

Ўтказилган тадқиқотда “тана массаси индекси” ортиб бораётган болаларда бошоғриши ҳолатлари кўпайиши кузатилган. Тана массаси индекси одам вазнининг унинг бўйига нисбатан бўлган мутаносиблиги ўлчовидир.

Шу пайтгача тана массаси индексининг бошоғриқ ҳолатларига боғлиқлигига оид тадқиқотлар катталар орасида ўтказилган, лекин болаларга оид маълумотлар жуда кам бўлган.

Тадқиқот муаллифлари раҳбари Доктор Эндрю Херши, бу борадаги янги маълумот бошоғриғи билан шифокорларга мурожаат қилган болаларни даволашда қўл келишига умид қилмоқда.

Яна соғлиқни сақлаш ислоҳотлари ҳақида
Бундан қарийб 10 йил аввал Ўзбекистон президенти “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш давлат дастури тўғрисидаги” фармонни имзолаган эди. Ана шу дастур доирасида бутун мамлакат бўйлаб, вилоят ва туман марказларида шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий-тадқиқот марказлари ташкил этила бошлади.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг интернет саҳифасида ҳафта бошида “Юқори самардорлик ва обрў” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада ана шу марказлар фаолияти ҳақида гап боради. Мақолада айтилишича, орадан ўтган 10 йил ичида бу марказлар аҳолига юқори малакали, сифатли ва бепул тиббий хизматларни кўрсатадиган муассасаларга айланиб бўлган.

Мақола муаллифига кўра, бу марказларнинг энг замонавий ва қимматбаҳо тиббий ускуналар, авто ва авиа транспорт ва энг сўнгги компьютер технология ва телекоммуникация тизимлари билан жиҳозлангани¸ у ерда энг қийин вазифаларни бажара олиш имконини очиб берган.

Лекин соғлиқни сақлаш ислоҳотлари соҳасидаги мутахассислар, Ўзбекистонда яратилаётган бу тизим самарасига унча ишонмайди. Хусусан Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашган Исроилнинг “МАШАВ” жамғармаси мутахассисларидан бири мухбиримиз билан ўзаро суҳбатда¸ мамлакатдаги ислоҳотлар доирасида ташкил этилаётган шошолинч ёрдам марказлари рентабеллик нуқтаи назаридан, собиқ иттифоқнинг бесўнақай соғлиқни сақлаш тизимиданда самарасизроқдир, деган эди.

Ўзбекистонлик тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла¸ шошилинч ёрдам илмий-тадқиқот марказларининг замонавий тиббий ускуналар билан таъминлангани замонавий тиббиётнинг талабидир, дейди. Лекин бу талабнинг ўзинигина бажариш билан тиббиёт соҳасининг самаралилигини таъминлаб бўлмайди.

“Ҳақиқатан марказларда таъминланиш даражаси яхши. Лекин асбоб-ускуна қўйилгани билан тиббиëт яхши бўлиб қолади деган фикрни ўзи хато фикр. Тиббиëтни¸ тиббиëтдаги маҳорат даражасини асбоб-ускуна ҳал қилмайди. Бу врачнинг билими ҳал қиладиган нарса. Фалон жойга Даниядан¸ Германиядан олиб келинган аппарат қўйилди дегани ўша жойда тиббиëт аъло бўлиб кетди¸ қарияларни яшартирадиган¸ касални йўқ қиладиган даражага олиб борди деган фикрни туғилишини ўзи нотўғри. Аввало бу мутахассисларни маҳоратига боғлиқ. Аппаратлар қимматлашгани ва мураккаблашгани сайин уларда ишлаш малакасининг талаби ҳам оша боради”.

Бу замонавий ва ноёб ускуналарни ишлатиши керак бўлган тиббиёт ходимлари малакаси ҳақида гапирадиган бўлсак, деб давом этади профессор, бугун жуда аянчли аҳволга тушиб қолган.

“Ўзбекистонда кадрлар масаласи жуда паст аҳволда. Олийгоҳларнинг билим даражаси пул билан ўлчана бошлагандан кейин автоматик тарзда орқага кетиш бошланган. Ҳозирги кадрлар иттифоқ давридаги кадрлардан кескин фарқ қилади. Битта-иккита саводли чиқиб қолмаса¸ ëппасига саводсизликни кузатаман мен”.

Ноёб ва қимматбаҳо тиббиёт ускуналарининг бугунги кунда муассасалардаги шунчаки интерьер хизматини бажараётганида қандай самара ҳақида гапириш мумкин, дейди профессор Суҳбат Абдулла.

Тиббиёт кадрларининг малакасизлигига биринчи навбатда тиббий таълим соҳаси, қолаверса бутун соғлиқни сақлаш тизимида авж олган коррупция сабабчидир.

“Оддий касал билан борсангиз ҳам жуда катта пул беришингиз керак. Давлат қўйган баҳосидан ташқари сизни текшираëтган врачни ўзини¸ русчасига айтганда “доля” дейди¸ улушини беришингиз керак. Ўшани бергандан кейингина сизга қараш бор. бу коррупциянинг иши”.

Тиббиёт фанлари докторининг бу фикрини оддий ўзбекистонликлар ҳам тасдиқлайди.

“Катта пул сўрайди. Пули бўлмагани касалини қайтариб олиб кетаверар экан. Мени бир қўшнимни боласи уйида ҳеч ким йўқ пайтда газини ëқиб юборибди. Натижада куйиб кетибди. Мени келиним ўша болани касалхонага олиб борибди. Касалхонага олиб борса¸ пул борми¸ дермиш. Ҳалиги бола додлаб ëтибди дейди. Кейин бир жойда қоровул бўлиб ишлайдиган онаси етиб келибди. Онасига ҳам “Пулингиз бўлса¸ олиб кириб ëтқизамиз¸ бўлмаса кетаверинг” дейишипти. У пул олиб келибди. Ҳозир пули йўққа ажал тайëр бўлиб қолди. Агар ҳоким¸ прокурор ëки унинг қариндош-уруғлари касалахонада ëтадиган бўлса¸ уларники ҳаммаси бепул. Лекин оддий меҳнаткаш касалхонада ëта олмайди ҳозир. Даволанишга имконият йўқ”¸ дейди фарғоналик бу суҳбатдошимиз.

Профессор Суҳбат Абдулла, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларда ҳукумат ғилдиракни янгитдан кашф қилмасдан, мавжуд тажрибани олиб келсагина, самарага эриша олади, деб хулоса қилади.

“Ўзбекистон ҳукумати амалда шошилинч тиббий марказларини ташкил қилиш билан гўëки тиббиëт соҳасидаги баъзи бир муаммоларни ечгандай бўлди. лекин жамоатчилик орасида шаклланган стереотипларни синдира олмади. Шошилинч тиббий ëрдам деган нарсанинг ўзи ўз-ўзидан монстерга айланиб қолди. Бугун нима бўлган бўлса бўлди. Энди бу ëғини тўғирлаш керак. Ëппасига аппарат сотиб олгандан кўра¸ демократик мамлакатларда ривожланган услубни олиб келиб жорий қилишга ҳаракат қилиш керак. Кейин энг асосий нарса халқнинг иқтисодини кўтариш керак¸ халқнинг қорнини тўйғазиш керак”.

Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар танқидчиси бўлган суҳбатдошимизнинг таъкидларига муқобил фикр олиш мақсадида, Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий-тадқиқот маркази раҳбариятига мурожаат қилдик. Марказ раҳбари Абдуҳаким Хожибоев ва у кишининг муовинлари банд бўлганликлари боис¸ улар билан суҳбатлашишнинг иложи бўлмади. Лекин Абдуҳаким Мўминович билан кейинги дастурларимиз учун суҳбат ўтказишга келишиб олдик. Демак, бу мавзуга келгуси дастурларимизда яна қайтамиз.




XS
SM
MD
LG