Линклар


“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонида сизга ҳавола этадиганимиз – сўнгги икки ҳафта давомида таҳририятимизга бўлган айрим мурожаатлар мазмуни:
- Ўзбекистон мустақил, деб эълон қилинганига 17 йил тўлди, мустақилликдаги 17 йил берган хулосалар,
- мустақиллик йилларида юртига сиғмаган ўзбекистонлик диндор кечмишлари,
- ҳақни излаб хормаган жиззахлик қурувчи арзи,
- кундузи ўтиб бўлмас тўсиқ қўйилган чегарадан тунда ўтган фарғоналик аёл таажжуби.

* * *

Собиқ совет даврида 15 йил ўқиган, қайта қуриш йилларининг аввалида иккита дорихона очган, охирларида эса Қуръон илмини ўзлаштириб, масжид очган бухоролик диндор бугун Эрон тоғлари бағридаги кичкинагина масжидда имомлик қилиб кун кечирмоқда.

У куни кеча таҳририятимизга сим қоқиб, Озодлик эшиттиришлари ҳақида фикр билдиришни истади. Биз дастлаб, унинг нима сабабдан Бухорои шарифдан Эронга бориб қолгани билан қизиқдик.

Маълум бўлишича, бу суҳбатдошимиз диний эътиқодига бўлган тазйиқлар туфайли Ўзбекистонни тарк этишга мажбур бўлган фуқаролардан бири экан.

- Мен Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятиданман. 1965 йил туғилганман. Исмим Ҳазрат. Фармацевтика институтини тугатиб, дорихонада ишладим. Горбачëв бошлаган қайта қуриш даврида диндор бўлдим.

Озодлик: Яъни, Ислом дини билан танишиб, мусулмон бўлдингиз?

- Ҳа, қуръон, ҳадис, тафсир илмини ўқидим. Кейин масжид ташкил қилдим. Болаларга намозни ўргата бошладим. Кейин мени Ички ишлар бўлимига чақиртира бошладилар. “Соқол қўйма, намозни уйингда ўқи, одамларга динни тарғиб қилма, болаларга дарс берма, керак бўлса, мадрасада ўқишсин” дейишди. “25 миллион аҳолининг қай бири мадрасага бориб ўқийди? Мадраса 50, 60 нафар бола қабул қилса, қолган ўқишни истовчилар нима қилиши керак”, десам, “Улар билан сенинг ишинг бўлмасин, сен бориб дорингни сот” дейишди.

2000 йил 16 феврал куни мени милиция бошлиғи чақиртириб менга “Ҳазрат ака, агар Бухоро вилоятида бирон нохуш воқеа бўлса, биринчи галда милиция сизни олиб кетади. Мен сизни огоҳлантираяпман” деди. Кейин мажбур бўлиб, юртни ташлаб чиқиб Тожикистонга бордим. У ерда яшашнинг имкони бўлмади. Кейин Афғонистонга кетдим. У ерда ҳам имкон бўлмагач, Покистонга, кейин Эронга кетдим. Ҳозир шу ерда тоғли жойдаги масжидда имомман”.

Озодлик: Тожикистон-ку Марказий Осиёдаги мамлакат. Бу ерда одамлар билан тиллашиш мумкин. Афғонистон эса мутлақо бегона юрт. У ердан қандай қилиб бошпана топдингиз? Қандай қилиб одамлар билан алоқа ўрнатдингиз?

- Мен Оллоҳга таваккал қилиб чиқдим. Оллоҳни ўзи йўл кўрсатди. Менинг оллоҳдан бошқа ҳеч кимим йўқ эди.

Озодлик: Тожикистондан Қундузга борибсиз, Қундуздан Покистонга. Покистонда ўзбеклар бор эканми?

- Афғонистонда ўзбеклари бор экан. Аввалига иложсиз ўша ердаги мадрасада қолиб ўқидим.

Озодлик: Қанақа илм ўқидингиз?

- Покистонда сарф ва наҳв, тажвид ўқидим. Булар, асосан, Қуръон ва ҳадиснинг маънолари ҳақидаги илм. Ўша ердан Эроннинг Зоҳидон шаҳрига келиб у ерда бир йил дарс олиб, Қуръон ëд олдим. 2004 йилда
эса БМТ га учраб, қочқинлик мақомини олдим. Ҳозир менинг масжидим тоғлар ичида. 15 - 16 нафар намозхон масжидга қатнайди.

Озодлик: Эндиги ҳаётингиз қандай? Яхшими?

- Ҳаётим диний жиҳатдан яхши. Намозимни бемалол ўқийман. Лекин ватанни, фарзандларимни, ота-онамни соғинаман. Уларни, баъзан, тушларимда кўраман. Она юртим ҳаётидан хабардор бўлиш, она тили ва ватандан узилиб қолмаслик учун Озодлик, Би-би-си радиоларини мунтазам эшитиб бораман.

Шу орқали Ўзбекистондаги одамлар ҳаëтини АҚШ, Европа, Арабистонда яшаëтган одамлар ҳаëти билан солиштираман. Ўзбекистон одамлари жуда аянчли аҳволга тушиб қолганидан қайғуга тушаман. Биласизми, кузатувларимдан ўзимча хулосалар қиламан.

Биринчидан, Ўзбекистон ҳукуматини халқнинг турмуш тарзи, ташвиши умуман қизиқтирмайди. Иккинчидан, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқини ҳимоя қиладиган конституциянинг ўзи йўқ. Учинчидан, у ерда ўз ҳақ-ҳуқуқини биладиган, талаб қиладиган одамларни режим ўзига душман деб ҳисоблайди ва уларни йўқотишга ҳаракат қилади. Тўртинчидан, халқнинг додига қулоқ соладиган бирон идоранинг ўзи йўқ.

Ўзбекистондаги одамлар ўз норозилигини ë намойиш қилиб, ëки митинг қилиб билдиришининг ҳеч бир имкони йўқ. Юсуф Жуманинг қўлга олиниши ëки Андижонда бегуноҳ одамларнинг отиб ташланиши бунга мисол бўлади. Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичида бўлаëтган адолатсизликлар, зўравонликларни яшириб, ниқобланиб бир тарафдан ўз халқини, бошқа тарафдан дунë жамоатчилигини алдайди. Яъни, диндорларни қатағон қилиб “экстремистларни ушлаяпмиз” деб ўзбек халқини алдайди. Каримовнинг қуллари ишлайдиган диний идора ëки мадрасани рўкач қилиб, дунë жамоатчилигини алдайди. Яқинда НАТО саммитида эса Каримов гўë ўзини дин ҳимоячиси қилиб кўрсатди.

Ўзбек халқи иқтисодий жиҳатдан ҳам тўла инқирозга учраб бўлган. Йилига қанча ғалла, пахта, нефт, газ, олтин олинади, ундан келадиган пуллар қаерга кетаяпти? Бу саволларга жавоб йўқ. 27 миллион аҳолининг 5 миллиони хорижда ишлаëтгани, Ўзбекситон ичкарисида, ташқарисида ўзбек фоҳишалари кўпайиб кетаëтганини эшитиб ҳам қайғуга тушаман.

Сабр қилса яхши бўлиб кетар, АҚШ, Европа ëрдам берар, деб ўтириш билан ҳеч ўзгариш бўлмайди. Каримовнинг тахтга келаганига деярли 20 йил бўлди. Ҳеч яхши ўзгариш бўлиб кетган эмас. Халқнинг аҳволи кундан-кунга бадтар бўлаяпти, холос. Европа иттифоқига раислик қилган Португалия, Германия ҳам, ҳозир раислик қилаëтган Франция ҳам Ўзбекистонга нисбатан босим ўтказгани йўқ. Ҳаммаси ўзининг геополитик манфаатини кўзлаб, Ўзбекистон билан яхши муносабатда бўлиш ҳаракатини қилаяпти.

* * *

Жиззахлик қурувчи Анорбой Холиқулов таҳририятимизга мурожаат қилиб, сўнгги бир йил ичида ҳалол ишлаб топган ҳаққини ундириш дардида юргани, аммо, шу кунга қадар бош уриб борган бирорта идорадан жавоб ололмагани ҳақида сўзлади.

Маълум бўлишича, Жиззахдаги мактаблар таъмири билан шуғулланадиган “Йўлдош” фирмаси ўтган йили 22 қурувчи билан шартнома тузиб, уларни ишлатган ва мана бир йилдирки иш ҳақини бермай алдаб келмоқда.

“Уйимизга келиб бизни ишга қабул қилиб олиш, - дейди Холиқулов. - Машина билан олиб кетишди. Мактаб қурилиши битишига 15 кун қолганида ўзидан-ўзи низо чиқара бошладилар. Биз режани бажариб бўлганимиздан кейин “15 сентябрда иш ҳақингизни бераман” деб бизга рухсат бериб юборди. Мана шу кунгача фақат пул бермаслик пайидан бўлиб, бизни турли йўллар билан алдаб келишаяпти”.

Анорбой Холиқуловнинг оддий қурувчи иш ҳақини еб кетган фирма раҳбари устидан арз қилмаган жойи қолмади. Бири сен ҳақсан деди, бири яна шаштини қайтарди, бошқа бири эса оғзига талқон солгандай жим.

“Биринчи бўлиб, Жиззах вилоят прокуратурасига мурожаат қилдик. Улар билан ҳал қила олмагач, Ғаллаорол тумани прокуратурасига бордик. Ғаллаорол туман прокуратураси бизни Жиззах туманлараро судига юборди. Суд раиси Умрзоқов бизга қонуний қилиб ҳукм чиқариб берди ва апелляция тартибида вилоят судига ишни оширди. Вилоят суди эса яна аввалги ҳукмни қонуний деб топиб, ҳаракатни тўхтатди. Кейин вилоят ҳокимлигига чиқдик. Жавоб келмагандан кейин яна қайта вилоят прокуратурасига чиқдик”.

Анорбой Холиқулов бугунги жамиятда бу тариқа иш юритилишидан норози. Ўз кечмишидан сўнг бу жамиятда инсоннинг қадри йўқлигига, фақат амалдорлар айтган гап бўлишига, пули борнинг ошиғи олчи эканига яна бир карра иймон келтирганини айтади.

“Бизда демократия қўлида пули борлар учун бор. Лекин бизга ўхшаган қўли калта қора меҳнатчига демократия йўқ. Бу фикримиз учун ҳамюртларимиз бизни нотўғри тушунмасинлар, ўз ватанини ёмонотлиқ қилаяпти, деб. Бу бизнинг озод сўзимиз, эркин фикримиз. Шу вақтга қадар президентимизга етказолмаган гапларимизни унга етказиб қўйсангиз, шахсан мен хурсанд бўламан.

Президент эшитсин менинг овозимни. Мен тортган хўрлик, зорликни билсин. Ахир мен Қозоғистонга бориб, ўзимни қул қилиб сотмадим. Лекин мен ўз юртимда қул бўлиб сотилдим. Қарангки, ҳалол иш ҳақимни олиш учун пора беришим керак экан. Бор-йўғи 319 минг сўм ойлигим бор. Унинг ҳам қанчадир қисмини иш берганга берадиган бўлсам, уйга нима олиб келаман? 1 килограм шакарга ҳам пулим етмай қолади-ку?! Карлар бўлса, бу арзим ҳақида интернетда ўқисин, кўрлар бўлса радиода эшитсин аҳволимизни!”

* * *

Тингловчи минбари эшиттиришинниг эндиги қаҳрамони эса Ўзбекистоннинг Фарғона водийсидан Тожикистонга келин бўлиб тушган Дилафруз. Хорижий паспорти йўқлиги ва виза муаммоси билан ота-онасини икки йил кўра олмади. Охир-оқибат, таниш-билишларидан сўраб-суриштириб шу йил ëзда 3 боласи билан Ўзбекистонга ўтишга имкон топди. Сафари чоғида Дилафруз кундуз куни ўтиб бўлмас тўсиқ қўйиладиган чегарада тунлари ҳукм сурадиган вазиятга гувоҳ бўлиб, чуқур таажжубда қолди.

“Кечаси соат 2 яримда Ўзбекистон постига бордим. Борсам ҳамма донг қотиб, ухлаб ëтибди. Бемалол ўтиб кетсангиз бўлади. Деярли ўтиб бўлаёзганимда қўлимдаги сумкам товуш чиқариб, битта соқчи уйғониб кетди ва қўлга тушдим. Акс ҳолда, бостириб борсангиз ҳам ҳеч ким билмай қолар экан назаримда.

Лекин аскарларнинг одамларга муносабати жуда ëмон. Худди ҳайвонга ўшқиргандай, дўқ уриб гапиради. “Қаëқдан келган бўлсанг ўша ëққа кетгин” дейди. Фалон сўм берсанг ўтасан, бўлмаса йўқ, дейди. Бир одамни Ўзбекистонга ўтиши 100 доллар. Ҳамма ҳужжатингиз жойида бўлса ҳам камчилик топади. Менга эса 200 минг берасан, деди.

Болам бечора менга “Ойи, ким сизни бунча узоққа турмушга берган? Нимага жуда узоққа турмушга чиққансиз?” дейди. Қизчам постда қолиб кетганимизда, нон деб талпинаëтганини кўриб, одамлар битта нон олиб беришди. Бошимда шу кунлар ҳам бор эканми, деб ўтириб йиғладим. Тожикистонга келин бўлиб тушганимга жуда афсусландим”.

Эслатма: "Тингловчи минбари" махсус дастуридаги фикрлар¸ Озодликка мактуб йўллаган ëки қўнғироқ қилган муштарийларимизнинг шахсий мулоҳаза ва баҳолари ва улар Озодлик таҳририяти нуқтаи назарини акс эттирмайди.


XS
SM
MD
LG