Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:58

"Алла айтай жоним болам¸..."


Сўнгги илмий тадқиқотлар ҳам¸ она алласи гўдакнинг янги дунëга мослашишини осонлаштириши¸она ва бола ўртасидаги муҳҳабат ришталарини мустаҳкамлашини тасдиқлайди.
Сўнгги илмий тадқиқотлар ҳам¸ она алласи гўдакнинг янги дунëга мослашишини осонлаштириши¸она ва бола ўртасидаги муҳҳабат ришталарини мустаҳкамлашини тасдиқлайди.

Чодирхаёлнинг бугунги сонида энг қадимий қўшиқ ва куй бўлмиш алла ҳақида гаплашамиз. Суҳбатимиз алланинг икки талқини ҳақида - оналар айтган алла ва машҳур қизиқчи, марҳум Ҳожибой Тожибоев талқинидаги алла ҳақида бўлади.


Машойихлар “Она алласидан бошланган дунë” дейишади.
Алланинг ўзига хос куйи, ўзига хос оҳанги бор ва бу оҳанг ҳеч қаерда такрорланмайди. Бу оҳанг оналардан болаларга меҳр билан ўтади. Бу оҳанг фақат оналарда бўлади, бу оҳангни онадан бошқа ҳеч ким жойига қўйиб ижро этолмайди. Бу оҳанг овоз танламайди, бу оҳанг одам танламайди.

Алла айтай жоним болам
Қулоқ солгин алла.
Ширин аллаларим тинглаб
Ором олгин алла.

Бу аллани ижро этган Аноржон опанинг алла ҳақидаги фикри шундай:

“Алла одамзоднинг ичидан боласи учун чиқадиган бир дард. Онанинг меҳри алла билан боланинг суяк суягига сингади. Лекин тўғрисини айтадиган бўлсак, ҳозирги ëшларимиз алла айтмайдиган бўлиб қолган. Буларга ë алла етиб келмаган ëки ҳафсаласизлик. Ҳозирги қўшиқларни куйлаши мумкинку лекин аллага келганда билишмайди”.

Аноржон опанинг ана шу лекини марҳум, таниқли қизиқчи Ҳожибой Тожибоевнинг кузатишларида ҳам ўз аксини топди. Бу энди алланинг иккинчи, қизиқчи нуқтаи назаридаги талқини бўлади. Қизиқчи бу ҳақдаги кузатишларини аввало бешикдан бошлайди:


“Бешикнинг фойдаси ҳам бор. Энди ҳалиги қадди-қомати тўғри бўлсин, суяк тўғри ўссин дейди. Лекин бешикни тебратаëтган пайтда баъзи бир асабий келинлар бор. Шу дақара-дуқур, дақара-дуқур, дақара-дуқур. Эри билан уришиб қолса ҳам бола айбдор, қўни-қўшни билан жанжаллашиб келса ҳам бола айбдор, иши юришмаса ҳам бола айбдор. Бола мана шунақасидан калласи у ëққа, бу ëққа бориб келаверади. Суякнинг ичида энди қотаëтган мия у ëққа, бу ëққа урилиб жойини топа олмасдан охири шундай қолиб кетади. Марказдан қочиш кучи пайдо бўлади. Болани бўш бойлаб қўйган. Бешикни у ëққа тортса, бола бу ëққа учиб кетади, бу ëққа тортса, у ëққа учиб кетади. Ухламаса бешикнинг тепасига уриб ҳам қўяди”.

Хўш, бола нима учун ухламаяпти, дейди қизиқчи ва бунинг сабабларини оча бошлайди:

“Онахонлар келинларга эътибор беринг: сўзсиз ашула айтаяпти. Масалан ҳи,ҳи,ҳи,ҳи,ҳи. Алланинг сўзи йўқ. Юракдан чиқариб болам катта бўлгин деб ниятлар қилиб айтиладиган ашула қани? Бола бориб келаверади, катта бўлса ким бўлади, уни Худонинг ўзи билади”.

Ҳожибой Тожибоев талқини бўйича, аллада авж бўлмаганлиги учун ҳам бола тез ухлаб қолади:

“Бола бекорга ухламаган. Нега ухлаган? Чунки аллада авж йўқ. Бир текисда айтилаверади. Шунинг учун бола зерикиб ухлаб қолади. Бу қанақа қўшиқ экан бу деб эшитиб ëтиб ухлаб қолади. Алланинг сўзида шундай бир сеҳр бор”.

Ҳожибой Тожибоев одамларни кулдиришда давом этиб, бир эстрада хонандасининг алла айтишини мисол келтиради:

“Шўх-шўх қўшиқларни айтиб юрган зўр эстрада хонандаси турмушга чиқибди ва битта фарзандли бўлибди. У энди боласини алланинг сўзи билан ухлатишга мажбур. Унинг энди овози бор, саҳналарни кўп кўрган ва қандай ашула айтишни билади. Энди ашулачиларни биласизлар ҳаммасида бир қамчидан бор барибир. Худо берган дейдию. Бошқалардан барибир ажралиб туради. Доирачиларнинг деви бор, тутиб қолади дейди. Ҳалиги эстрада хонандаси алла айтаяпти: Алла айтай, жоним болам, бола мазза қилиб ëтган эмиш, ухлаб қолгин алла, хўп деб қўярмиш. Билмай қолибди-да. Бола уйғониб кетармиш. Эстрада хонандаси ҳайрон нимага мен аллага хўп деб юбордим деб. Ашула бошланиши билан булар бошқа оламга кетади-да. Ўзини йўқотиб қўяди. Алла айтай, жоним болам, ухлаб қолгин аллаëëëë, ҳўп, бале-бале-бале хўп. Бешикни шундай очиб қараса, бола кўзини катта-катта очиб ëтганмиш-да. Боланинг бетига сув уриб ўзига келтириб, “Болам¸ билмасдан қийқириб юбораяпман, узр. Мен эстрада хонандасиманда, ўрганиб қолганман. Мажбур, тирикчилик, хўп демасак бўлмайди”. Эшикнинг тагида боланинг отаси сигарет чекиб турган экан. “Бўлди энди хўпингни йиғиштир. Боланинг юрагини ëриб юбординг-ку! Хўп деган жойида индамасдан ўтиб кетавер. Соат 4 бўлди. Бола ҳалигача ухламаяпти. Икки пачка сигарет тугатдим. Унақамасда энди! Мен қўшнилардан бирортасини уйғотиб, сигарет олиб чекиб келаман. Илтимос ўша авжини айтмагин. Мен ҳам қўрқиб ўрнимдан туриб кетаяпман. Бу сенга саҳна эмас-ку!” - дебди”.

Хўжанддаги 650 йиллик арча

Энди Хўжанд шаҳрининг марказидаги 650 йиллик арча ҳақида гаплашамиз. Бу оддий арча дарахти эмас. Балки Соҳибқирон Амир Темур ўтказдирган арча дарахтидир. Арча бундан минг йил олдин яшаб ўтган Ҳазрат Бобо мақбарасининг ёнига Қашқардан олиб келиб ўтказилган.

“Амир Темур 650 йил олдин шу ерга зиёратга келади. Чунки Хўжандда Шайх Маслаҳатдин ва Ҳазрат Бободек исломий уламолар яшаб ўтган. Соҳибқирон бу авлиёларни зиёрат қилгандан сўнг, ҳар икки уламонинг маркадлари жойига мақбара қурдиради. Ҳазрат Бобонинг мақбараси ёнига эса Қашқардан келтирилган учта арча дарахтини ўтказади”, дейди мақбара шайхи Мирзо Алихон Охунзода.

Унинг сўзларига кўра, даврлар шамолида Ҳазрат Бобонинг мақбараси бир неча бор бузилиб, яна қайта қурилди. Лекин мана шу уч қашқар арчаси ўша йилларнинг тирик хотираси.

Тўрт қаватли уй томи баландликдаги уч дарахтнинг иккитаси ҳозир қуриб қолган. Фақат биттасининг бир шохида кўм-кўк арча барглари яшнаб турибди. Бу дарахтларнинг улканлигига бир қиёс. Уларнинг ҳар бирига икки кишининг қулочи етмайди. Биттасининг биқинидан бир шиш чиққан. Мирзо бобонинг айтишича, фарзанд кўрмаган аёллар келиб шу дарахтни тавоф қилишаркан.

“Шундай ривоят бор. Дарахтларнинг энг каттаси ота, мана бу кўкариб тургани она. Ўртадагиси фарзанд. Фарзанд кўрмаган аёллар келиб ана шу ўртадаги дарахтни қучоқлаб, астойдил Худога илтижо қилса, Худо унга фарзанд берармиш. Билмадим, бунда қанчалик ҳақиқат бор, лекин мен ўзим тўққиз йил фарзанд кўрмаган бир аёлнинг, шундан сўнг кўзи ёриганига гувоҳман”, дейди Мирзо бобо.

Хўш, Амир Темурдек бир соҳибқирон зиёрат қилиб турадиган Ҳазрат Бобо ким бўлган? Бу ҳақда Ҳазрат Бобонинг йигирманчи авлоди, Мирзо бобо шундай дейди:

“Валиуллоҳ Ҳазрат Бобо бундан яқин минг йил олдин Хўжандда яшаб ўтган исломий уламолардан бири эди. Буюк форс классик шоирлари Шамс Табризий ва Жалолиддин Румий уни ўз устозлари деб билишган. Ҳазрат Бобонинг асл исми Мирзо Камол Хўжандий. Улар 114 йил умр кўрганлари учун Ҳазрат Бобо деб айтишган”, дейди Мирзо Бобо.

Унинг айтишича, Амир Темур қурдирган мақбарадан ҳозир ҳеч нарса қолгани йўқ. Бутун тарих давомида ана шу мақбара атрофидаги қабристонга Ҳазрат Бобонинг авлодлари дафн этилиб келинган. Мирзо Заҳириддин Бобурнинг бир холаси ҳам шу ерга дафн этилган. Мирзо Бобур Афғонистонга юришидан олдин шу ерда бир неча кун бўлган.

XS
SM
MD
LG