Линклар

Гўзал Тошпўлатова фирибгарми ëки....


Кейинги пайтларда панжара ортига ташланаëтган ўзбек аëллари сони ошиб бормоқда.

Кейинги пайтларда панжара ортига ташланаëтган ўзбек аëллари сони ошиб бормоқда.

Гўзал Тошпўлатова Ўзбекистон жиноят кодексининг бир нечта моддаси бўйича, жумладан фирибгарликда айбланмоқда. Uzmetronom.com интернет сайти судя Қурбонова раислигидаги маҳкама жараёнининг жабрланувчи ва гувоҳлар иштирокисиз ўтказилаётгани ҳақида хабар қилади. Бу борада Мирзо Улуғбек туман жиноий ишлар судидан бирорта маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Айни пайтда фирибгарликда айбланаётган собиқ ҳуқуқ фаоли Гўзал Тошпўлатова бир ярим йил мобайнида “Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти” да фаолият кўрсатган. Айни жамиятнинг Ўзбекистон бўлими раҳбари Марат Зоҳидовнинг Озодликка билдиришича, Гўзал Тошпўлатова уч йил аввал жамият аъзолигидан ўчирилган.

“Ғирт фирибгар экан. Кейин билсам икки марта судланган экан. У ўз туманида милицияга ҳар хил хабарлар берарди. Биз буни ҳам билдик. У бир қанча одамларни алдаб, пул олиб юрган-да. Кейин биз уни ҳайдаб юбордик”.

Маълум бўлишича, Гўзал Тошпўлатова мухолифатдаги “Эрк” партияси билан маълум муддат ҳамкорлик қилган. “Эрк” партияси бош котиби Отаназар Орипов фикрича, Гўзал Тошпўлатовага нисбатан сохта айбловлар илгари сурилмоқда.

“Мен бу қўйилган айбловларга ишонмайман. Ҳукумат уни айнан “Эрк”нинг одами бўлганлиги учун ëмонлик қилиш мақсадида ўйлаб топган буни. Уни солиқчиларга ишлайди деб Марат ëзиб юрди. Унинг устидан деярли ҳар ой суд бўлар эди. У ўзи яхши ва ишончли аëл. Унинг фирибгарлик қилди деганларига мен ишонмайман. Бу судни ҳам, бошқасини ҳам Маратлар қилган бўлиши мумкин”.

Бу каби айбловларни Марат Зоҳидовнинг ўзи инкор қилар экан, жумладан шундай деди.

“У профессионал даражадаги фирибгар. Лекин биз ҳеч кимга мурожаат қилганимиз йўқ. Бу бизнинг ишимиз эмас. Биз фақат одамларни ҳимоя қиламиз. “Бу одам ëмон экан. Қани судга ëки милицияга ариза ëзамиз” дейиш бизнинг ишимиз эмас. Бунақаларни текширадиган ИИВ, МХХ чилар етарли. Биз 12та одамни ҳайдаб юбордик. Кейин билсак ҳаммаси ë милицияни туман бўлимига ë шаҳар бўлимига ишлаб юрган экан”.

Гўзал Тошпўлатова “Инсон ҳуқуқлари халқаро жамияти”дан кетгач, Ўзбекистон ногиронлар жамияти қошида “Уйғунлик” номли хусусий корхона ташкил қилиб, ногиронларни иш билан таъминлаш масалаларига кўмаклашиб келган.
Ўзбекистон ногиронлар жамияти раҳбари Ойбек Исҳоқов Гўзал Тошпўлатова ҳақида ижобий фикрда эканлигини айтади.

“Бу аëл ҳақида мен ëмон фикр айта олмайман. Бу аëл ўтган йили бизнинг корхонага кирди. Сумалак ва бошқа шунга ўхшаган тадбирларни ўтказганимизда бизга хайрия молларини олиб келиб берган. Бу корхона бизнинг жамиятимизга ажратма тўлаши керак. У шу ажратмаларни тўлаб келарди. Ажратмаларда қарзи йўқ эди”.

Маълумотларга кўра, Гўзал Тошпўлатова аввал ҳам бир неча бор фирибгарликда айбланиб, жазога тортилган. Бироқ кейинчалик, унга нисбатан амнистия қўлланилган.


XS
SM
MD
LG