Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:03

Гулсара опа:"Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан!"


2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида содир бўлган қонли воқеалар Гулсара опа тақдирини ҳам остин-устун қилиб юборди.
2005 йилнинг 13 май куни Андижон марказида содир бўлган қонли воқеалар Гулсара опа тақдирини ҳам остин-устун қилиб юборди.

“Давр менинг тақдиримда” эшиттиришининг бугунги қаҳрамони оддий бир қишлоқ аёли Гулсара опа. “Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан деганларидек жуда қийин экан”. Мустақиллик Гулсара опа тақдирига муҳожирлик юкини ортди. Бугун у турмуш ўртоғи ва уч нафар фарзанди билан Ўзбекистонни тарк этган.

“Яхши бўлганида ўзимизнинг юртимизда яшардик. Мен ҳам ўз юртимда яшашни xоҳлайман”.

Бундан 17 йил аввал Гулсара опа 17 ёшида эди. Бир олам орзулар, режалар оғушидаги қизни қариндошларидан бирининг ўғлига узатишди. Шу билан орзулар ҳам армонга айланди, дейди Гулсара опа.

“Турмуш ўртоғимни уйдагилар танлашган. Қариндошимиз бўлганлар. Шу билан 17 ëшда турмушга чиққанман. Мен ўзи ҳамшира бўлмоқчи эдим. Турмушга чиққанлигим сабабли, ҳамшира бўлиш армонга айланиб қолган”.

Гулсара опанинг никоҳ тўйи айнан Ўзбекистон мустақилликка эришган кунларга тўғри келганди.

“17 йил олдин мустақил бўлганимизни эшитиб “Ҳа,энди биз ҳам мустақил бўлибмиз. Энди биз ҳам Америкага ўхшаб кучаярканмиз. Юксакларда бўлар эканмиз, деб ўйлаган эдик”.

Қўқонлик 17 ёшли қиз орадан 17 йил ўтиб бошига бугунги кунлар тушишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди.

“Бугунги аҳволимни умуман тасаввур ҳам қилмаганман. Ҳозир оғир аҳволдаман. Қочоқ бўлиб, бошқа жойларда учта фарзандим билан қийналиб юришни хаëлимга ҳам келтирмаганман. Мен буни ҳеч кимга раво кўрмайман”.

Гулсара опа Андижон фожеаларини мустақиллик йилларида Ўзбекистон тарихида содир бўлган энг даҳшатли воқеа деб билади. Айнан шу воқеа боис, у оиласи билан муҳожирликда яшашга мажбур бўлаётир.

“Андижон воқеаларидан жуда қаттиқ ларзага тушганмиз. Шу орқали биз қочқин бўлиб юрибмиз. Мен бу даражада катта фожеа бўлади деб ўйламаган эдим. Беайб, бегуноҳ одамларнинг қонини тўкишди. Ҳатто аëллларни, ëш болаларни ҳам аяшмади. Ўқ отилган, унинг кимга тегиши ҳеч кимни қизиқтирмаган. Андижон воқеалари менинг ҳаëтимни ëмон томонга ўзгартирди”.

Маълум бўлишича, Гулсара опанинг отаси инсон ҳуқуқлари фаоли бўлиб фаолият кўрсатган ва Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистонни тарк этиб, Европа давлатларининг биридан сиёсий бошпана олган. Ҳозирда Ўзбекистонда қолган фарзандларимга нисбатан тазйиқлар давом этаётир ва шу боис мамлакатдан чиқиб кетишга қарор қилдим, дейди Гулсара опа.

“Дадам инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси бўлганлар. У киши “Андижон воқеаси ўз-ўзидан бўлгани йўқ. Бу ерда Акромийлар ëки ваҳҳобийлар уруш қилгани йўқ. Бу уюштирилган” деб айтганлар. Кейин бизнинг Қўқонда яшашимизга умуман йўл қўйишмади. Синглим ва укаларим билан бирга жуда кўп тазйиқларга учрадик. Қаëққа борсак, орқамиздан кузатиб юрадиган бўлишди”.

Шу каби таъқиблар натижасида бир ярим йил аввал Гулсара опа оиласи билан Ўзбекистонни тарк этиб, Қирғизистонга келишди ва Бирлашган миллатлар ташкилоти қочқинлар идорасига сиёсий бошпана сўраб мурожаат қилишди. Айни кунларда қочқин мақоми берилишини кутиб яшаётган оила жуда ночор аҳволда кун кечиришга мажбур бўлаётир.

“Қирғизлар ўзбекларни унча ëқтирмас экан. Ҳозир умуман кўчага ҳам чиқа олмаймиз, эмин-эркин юра олмаймиз. Ҳозир қийналиб турибмиз лекин нима қиламиз? Юртимизга сиғмадик-да. Кун кечиришимиз Бишкекка қатнайдиган қариндошларимизнинг ҳисобидан. Ўшалар келса, пул олиб турамиз. Бошқа ортиқча ëрдам йўқ. Бу ерда ижарага жойда яшаяпмиз. Мусофирчиликда ҳеч кимни танимаймиз, кимдан пул сўрашни билмаймиз. Оч қолган кунларимиз ҳам бўлаяпти. Ҳозир кичкина ўғлим ҳам мактабга борадиган бўлиб қолди. Битта ўғлим 3 синф, биттаси 7 синф”.

Лекин учала фарзандим ҳам Қирғизистонга келганимиздан буён мактабга бормаяпти, болаларим билимсиз қолиб кетаяпти, деб ўкинади Гулсара опа.

“Ҳозир учала фарзандим ҳам ўқимаяпти. Бу ерда мактабга жойлаштирмоқчи эдик олишмади. Уларнинг ўқимаëтганлигига 1,5 йил бўлиб қолди. Ҳаммасидан ҳам уларнинг ўқиши қолиб кетганига ачинаман. Билимсиз бўлиб қолишаяпти. Яшаш ҳам жуда оғир. Ҳар 3 ойда бир марта ëрдам сифатида арзимаган пул ва озиқ-овқат беришади. Шунчалик бериб туришганига ҳам раҳмат. Лекин барибир у камда. Масалан 3 ойда 100 доллар пул беришади. Биз камида 150 долларга ижарада турамиз. Иккита, учта оила бўлиб турамиз. Биз улар берган пулни ижарага тўлайликми, қорин тўйдирайликми... Бу ерда пул топиш ҳам қийин. Бу ерларда иш топиш қирғизларнинг ўзига ҳам қийин экан. Қаëққа борсангиз ҳужжат сўрайди. Қочқин деган ҳужжатни кўрсатсангиз, ишга олиши жуда қийин экан. Ҳозир совуқ тушиб қолди. Совуқ хоналарда ҳаммамиз касал бўлиб чиқаяпмиз. Ўзбекистонда, подшомизда бўлмаса ҳам, одамларда инсоф бор. Бу ерда одамларнинг ҳатто болаларга ҳам раҳмлари келмайди”.

Гулсара опа оддий уй бекаси бўлсада, Ўзбекистондаги бугунги вазиятга ўз фикрини билдиришни ҳоҳлайди.

“Ўзбекистон ҳозир жуда оғир аҳволда. Эркакларга иш йўқ. Эркаклар уйда. Рўзғор ташвиши аëлларнинг бўйнида. Қийналган оилалар жуда ҳам кўп. Ҳатто нонга қийналиб қоладиган оилалар ҳам кўп. Халқнинг ўзини-ўзи боқаëтганини ҳам кўра олишмаяпти. Ҳукумат шунга ҳам йўл қўйиб бермаяпти. Милиция, прокурор ва бошқалар арзимаган нарсага одамларнинг пулини олиб еб юриши мумкин. Бизга ўхшаган оддий одамларга иш йўқ. Завод ва фабрикалар умуман ишламайди”.

Гулсара опа айниқса ўзга юртларда мардикорликда юрган юртдошларининг тақдирига ачинишини айтади.

“Ҳамма ўзининг юртида ишлаб, ўзининг юртида юргани яхши эмасми? Мана юртдошларимиз қийналиб Россия, Қозоғистон ва бошқа жойларда юрибди. Ҳозир кўпинча аëлларга қийин бўлаяптида. Совуқ кунларда вагонларда яшаб, пул топиб юришибди. Ўзбекистонда иш ва қулайлик бўлса эди, ҳеч ким бунақа хор бўлиб юрмаган бўлар эди. Уруш вақтида ва урушдан кейин ҳамма “Тошкент нон шаҳри” деб, Ўзбекистонга борган. Ҳозир эса ўзбеклар нон топиш учун бошқа жойларга чиқиб кетаяпти”.

Гулсара опа Ўзбекистонни бугунги шароитдан чиқиб кетиши учун мамлакатда иш ўринларини кўпайтириб, одамларга эркинлик бериш шарт деб ҳисоблайди.

“Ўзбекистонда тўсиқ кўп. Дейлик тижорат қилиб ўз кунини кўраëтганларни ҳам йўлларини тўсишаяпти. Ўзбекистонда шаҳарларимизнинг туришлари чиройли. Ҳар қадамда лицей, коллеж. Бу жойларда ўқиб чиққан болалар иш бўлмаса, нима қилади? Унинг ўрнига иш ўринлари яратилса, одамларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи кўтарилса, бу қийинчиликлардан чиқиб кетсак керак. Шундай қилишга шароит йўқ эмаску. Ҳукумат фақат ўзини ўйламасдан халқни ўйласа ҳам бўларди. Бизни бой давлат деб билишади. Аммо бизда фақат ер бой. Халқимиз эса қашшоқ”.

Гулсара опа Ўзбекистон сиёсатида яқин орада ижобий ўзгаришлар бўлиб қолса, Европадан сиёсий бошпана олишдан воз кечиб, юртига қайтишни орзу қилади. Лекин бу орзуси амалга ошиши қийинлигидан ўкинади суҳбатдош.

“Энди барибир ўзимнинг юртимда яшаганим яхшида. Қани энди фарзандларим ҳам ўз юртида вояга етса. Мен шуни орзу қиламан. Президентимизга инсоф берса, ортиқча тазйиқлар бўлмаса, қайтган бўлар эдим. Лекин мен буни тасаввур қила олмайман. Мен бундан умидимни узганман. Ўзбекистон борган сайин жарликка қуласа қулаяптики, тепага кўтарилиш бўлмаяпти”.




XS
SM
MD
LG