Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:48

Алишернинг ўлими ўзбек журналистикаси учун энг катта йўқотишдир


26 яшар Алишер Соипов Марказий Осиëдаги энг жасур журналистлардан бири эди.
26 яшар Алишер Соипов Марказий Осиëдаги энг жасур журналистлардан бири эди.

Бугунги эштиришимиз мавзулари. - 24 октябр куни Қирғизистонлик ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг ўлдириб кетилганига бир йил бўлади. Алишернинг ўлими ким учун қулай эди ва бу билан нимага эришилди? Афғонистонда сиёсий партияларга қарашли телеканаллар ўртасида сиёсий уруш авж олмоқда. Сиёсий партиялар ўз телеканалларидан маҳрум этилади-ми?

24 октябр куни қирғизистонлик ўзбек журналисти Алишер Соиповнинг ўлдириб кетилганига бир йил бўлади. Ўзбекистондаги тузум танқидчиси журналист Алишер Соипов ўлдирилганида 26 ёшда эди.

Қирғизистон президенти журналистнинг ўлдирилиши бўйича тергов ишларини шахсан ўз назоратига олгани ҳақида айтган эди. Бироқ бир йил давомида тергов айтарлик натижа бермагани эътироф этилади.

Алишер Соиповнинг ҳамкасблари унинг қотили ва қотиллик буюртмачиларининг топилишига шубҳа билан қарамоқда.

24 октябр кунги “Озодлик” радиосининг кечки дастури одатдагидек куннинг энг асосий янгиликлари билан бошланаётганди:

- Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори 16 ноябрдан бошлаб 20 фоизга ошади.
- Қирғизистон президенти Қурманбек Бакиев ҳукуматни истеъфога чиқариш тўғрисидаги фармонни имзолади....

Ўша кунга дастуримиз режалаштирилганидек давом этар экан, Алишер Соиповнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарни олгач, дастуримизнинг иккинчи ярмини шошилич хабар билан бўлишга мажбур бўлдик.

- Озодлик радиосини тинглаяпсиз шошилинч хабар: Ҳозиргина Ўшдан олинган хабарга кўра, таниқли журналист “Сиёсат” газетасининг бош муҳаррири Алишер Соипов 24 октябр куни тушдан сўнг ўлдириб кетилган. Мен билан тўғридан тўғри алоқода ҳозир Бишкекдан ҳамкасбим Элмурод ва мен ундан дастлабки тафсилотлар ҳақида сўрайман.
Элмурод: Алишер Соиповга ўқ отар қуролдан ўқ узилган ва мана шу узилган ўқ натижасида у ҳалок бўлган. Ҳозирча милиция расмийлар бу борада ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Лекин мен Алишер билан бундан бир ҳафта олдин Бишкек шаҳрида учрашган эдим ва у Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот тизимлари ва ўзбек матбуоти томонидан ўзига босимлар бўлаётганини айтган эди.”

Демак,Алишер Соипов ўлдирилган заҳотиёқ унинг айниқса Ўзбекистон ҳукумати учун ноқулай одам бўлгани ҳақидаги версиялар табиий бир равишда илгари сурилди. Баъзилар Алишер Соиповнинг ўлдирилиши унинг фаолияти билан боғлиқлигини айтиб, эҳтиёткорлик билан Ўзбекистонга ишора қилган бўлса, бошқалар унинг ўлимида Ўзбекистон махсус хизматларини очиқдан очиқ айблай бошлади. Бироқ иккала ҳолда ҳам Алишер Соиповнинг фаолияти асосан Ўзбекистон билан боғлиқ бўлгани ва Қирғизистон ичида унинг душмани бўлмагани таъкидланган.
Кўп ўтмай Қирғизистон парламентининг омбудсмани Турсунбой Бакир ўғли Бишкек расмийларидан биринчи бўлиб Соиповнинг ўлдирилиши ортида Ўзбекистон махфий хизматлари турганини баён қилди.
Алишер Соиповнинг ўлимидан сўнг бир йил ўтиб ҳам бундай анча жиддий иддаоларга Ўзбекистон ҳукумати ўз жавобини бермади. Маҳаллий журналист Абдураҳмон Ташанов бунинг сабабини расмий Тошкентга бу каби иддаоларнинг юқори даражада билдирилмагани билан изоҳлайди.
Соиповнинг ўлдирилиши юзасидан ўтган бир йил давомида олиб борилаётган тергов эҳтимолий қотилининг фотороботини эълон қилиш билан чекланди ва қўшни давлат ҳамкорлигисиз боши берк кўчага кириб қолди.
Ўш вилоят ички ишлар бошқармасининг вакили Жениш Аширбаев гумонланувчи шахсларнинг Қирғизистон ҳудуда эмаслигини билдирди.
Қирғизистон ички ишлар вазирлиги Соипов қотилларини қўшни Ўзбекистон ҳудудидан қидириш кераклигига ишора қилиб, терговга кўмак кўрсатишларини сўраб, Ўзбекистон ва Қозоғистон томонига мурожаат этган эди.
“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини терговга ёрдам беришга чақирди. Ташкилот вакиласи Элса Видалнинг айтишича, Ўзбекистон томонининг бу ишга лоқайд қараётгани баъзи ҳулосаларга етаклайди.

Э. Видал: “Албатта бирдан ҳулоса чиқаролмаймиз. Лекин жуда кўп одамлар Соиповнинг ўлдириши ортида Ўзбекистон махфий хизмати тургани борасида ҳавотир билдирмоқда. Ҳозирги пайтда бизга энг керакли нарса барча саволларга жавоб берувчи профессионал терговдир”

Ўшлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Раҳматуллаев Қирғизистон ҳуқуқ тартибот идораларининг бундай профессионал тергов ўтказа олишини шубҳа остига олади ва сиёсий сабабларга кўра бу иш ҳеч қачон очилмаслигини айтади.

Қирғизистон қўшни Ўзбекистон билан сув ва энергетика тақсимоти борасида муросага эришган бир вақтда Алишернинг қотилини қидириш ишларининг давом эттирилиши савол остида бўлиши мумкин. Соиповнинг ҳамкасби мустақил журналист Шоҳида Ёқубнинг фикрича, тергов ишлари тасодифан боши берк кўчага кирган эмас.
Ш.Ёқуб: “Битта журналистнинг иши деб Қирғизистон томони Ўзбекистон билан муносабатларни ёмонлаштиришга тайёр эмас”.

Қирғизистон фуқароси бўлган Алишер Соипов учун Қирғизистон ҳудудидан туриб асосий эътиборини Ўзбекистонга қаратиш бир қадар хавфсиз туюлганди. Ўлдирилишидан бир неча ой аввал Соипов бошчилигида ўзбек тилидаги “Сиёсат” газетаси чиқа бошлаган эди. Мухолифат ва эркин овозларнинг минбарига айланган босма нашр Ўзбекистон ҳудудида қўлма қўл бўлиб кетгани айтилади. Шунинг учун Шоҳида Ёқуб қотиллик буюртмачилари ким бўлишидан қатъий назар унинг биринчи галда Ўзбекистон ҳукуматига қўл келганини айтади.

Ш. Ёқуб: “Улар Алишерни ўлдириб жуда кўп нарсага эришди. Сиёсат газетаси ёпилди ва Ўшда қолаверса бутун Фарғона водийсидаги танқидий овозлар бўғиб қўйилди.”

Ўзбекистон ва Қирғизистондаги инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлигига оид кўплаб ҳисоботларда Алишер Соиповнинг ўлдирилишига техник сабабларга кўра жиддий аҳамият берилмайди. Соипов Ўзбекистон ҳудудида ўлдирилган эмас. Бироқ унинг ўлимига Қирғиз томонини масъул қилишга келганда унинг фаолияти Ўзбекистон билан боғлиқ бўлгани айтилади. Алишер Соиповнинг ўлдирилиши 2007 йилда ўзбек журналистикаси учун энг фожеали воқеага айланганди.

Сиз “Тўртинчи ҳокимият дастурини тинглаяпсиз. Дастуримизни энди Афғонистондан олинган хабар билан давом эттирамиз.
Афғонистон журналистларини ҳимоя қилиш комиссияси мамлакатда сиёсий партияларнинг телеканалларини тақиқлаш ташаббуси билан чиқди. Афғонистонда турли сиёсий партиялар ўртасидаги зиддият уларга қарашли айрим телеканаллар ўртасида совуқ урушни келтириб чиқаргани айтилади. Шунинг учун журналистларни ҳимоя қилиш комиссияси мамлакат қонунларига тегишли ўзгартиришлар қилинишини талаб этмоқда. Мавзуни Кобулдан мухбиримиз Олим Кўҳкан давом эттиради.

Афғонистон журналистларини ҳимоя қилиш комиссия бошлиғи Зиё Бумиё якшанба куни пойтахт Кобулдан журналистлар билан ўтказган мулоқоти чоғида мамлакатда фаолият олиб борадиган сиёсий партиялар ҳали демократия ва сўз эркинлиги борасида етарли тушунчага эга бўлмаганликларини таъкидлаб, партия раҳбарлари танқидларга бардош беролмай ножўя ҳаракат қилаётганини айтди.

Зиё Бумиё: ““Тамаддун” ва “Имруз” номли хусусий телеканаллар ўртасидаги жанжал бу каналларни ҳимоя қилувчи сиёсий партиялар ва ташкилотлар раҳбарларининг ўзаро келишмовчилигидан юзага келди. Афғонистон журналистларини ҳимоя қилиш комиссияси иккала телеканал масъулларидан юзага келган муаммони ҳал этишларини сўрайди. ОАВ аҳолини миллат, тил ва мазҳаб асосида бир-биридан ажратишга ҳақли эмаслар”

Зиё Бумиё Афғонистоннинг ОАВ га оид қонуни яхши эканини таъкидлар экан: “Жамиятимиздаги ижтимоий ва сиёсий қолоқлик сабабли бу қонунни тўғри бир шаклда замин мавжуд эмас”- деди.

“Тамаддун” телеканали Афғонистондаги собиқ мужоҳидлар раҳбари Исломий инқилоб ҳаракати раҳбари шайх Осиф Муҳсинийга қарашлидир.
“Имруз” хусусий телеканалига эса, Афғонистон парламенти қуйи палатаси аъзоси Нажибулло Кобулий эгалик қилади.
Сўнгги беш йил ичида Афғонистонда ОАВ кутилмага даражада ривожланди. Ҳозирда мамлакат бўйлаб, 15 телеканал ва 50 яқин радиокаллари эфирга юзатилади. Мустақил газета нашрларининг сони 500 тага етиб қолди.
Олим Кўҳкан. Озодлик радиоси. Кобул.

Тўртинчи хокимият дастурига бугунга ана шулар. Ҳафта давомида Ўзбекистон ва минтақада сўз ва матбуот эркинлигига оид вазият ривожини биз билан бирга кузатинг.





XS
SM
MD
LG