Линклар

Собиқ жосус гаплари Интернет форумларни жонлантирди


Дунëнинг энг машҳур қидирув тизими ўз сарҳадларини муттасил кенгайтириб бормоқда.

Дунëнинг энг машҳур қидирув тизими ўз сарҳадларини муттасил кенгайтириб бормоқда.

Ўзбекистон махсус хизматлари собиқ ходими Икром Ёқубовнинг “Озодлик” билан суҳбати бир қанча сайтларда босилиб чиққанидан сўнг, Интернет форумлар ва блогларда кенг муҳокама мавзусига айланди.

Бу ҳақдаги тафсилотларга сал кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса Интернетга оид янгиликлар билан танишинг.

Интернетдаги Гугл (google) қидириш тизими ўз тармоғига газеталар архивини жойламоқчи. Бу борада Гугл (google) билан ҳамкорлик қилишга 100дан ортиқ нашр ҳоҳиш билдирган. Агар лойиҳа амалга ошса, интернет фойдаланувчилари газеталар архивидан у ёки бу нашрни ўша вақтда чиққан ҳолича ўқишлари мумкин бўлади. Гугл (google) ширкати раҳбарларидан бири Сан Францискода янги лойиҳани тақдим этаркан Ром Ньюс Трибюн
(Rome news tribune) газетасининг архивидан олинган бир сонини тақдим этди. У ерда америкалик астронавтларнинг ойга қўниши ҳақида газетада дастлаб пайдо бўлган мақола кўринди.

Кибер жиноят электрон тижорат учун жиддий хавфдир. “Майкрософт» (Microsoft) ширкати шундай хулосага келди. Ширкат ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, кибержиноят, жумладан компьютердаги шахсий маълумотларнинг ўғирланиши, онлайн савдо ва молия хизматига хавф туғдиради. Кибержиноятчилар фишингҳужумлар ва жосус дастурлар орқали йиғилган маълумотлардан фойдаланиб, миллиардлаб доллар ўғирлашмоқда. Бундай ўғирлик ҳажми биргина АҚШда 45 миллиард долларни ташкил этган. Ҳисобот муаллифлари киберўғрилар домига илинмаслик учун шахсий маълумотлар хафсизлигини таъминловчи махсус дастур ишлаб чиқилиши керак деган хулосага келишган.

Интернетдаги “Youtube” видео портали зўравонлик ҳолатлари акс этган лавҳаларни қўйгани боис, АҚШ ва Британия мулозимлари тарафидан кўпроқ танқидга учрамоқда. Айнан шу боис портал видеони жойлаштириш борасида ўз мижозларига янги талабларни қўйди. Бундан буён портал террорчилик ташкилотлари тарафидан турли даъватлар айтилган, зўравонлик ва низога чорловчи лавҳаларни жойлашга рухсат бермайди. 2005 йил бошида асос солинган YouTube.com интернет портали ҳозирги кунда энг оммалашган интернет саҳифага айланган. YouTube.comнинг машҳурлиги ошиши сабабларидан бири, ҳоҳлаган одамнинг интернет сайтга ўзи ҳоҳлаган видеофайлни жойлаштириш осонлигидир. YouTubeда ўзбек ихлосмандларининг ҳам юзлаб видеофайллари жойлаштирилган.

Ўзбекистон махсус хизматлари собиқ ходими Икром Ёқубовнинг “Озодлик” билан суҳбати бир қанча сайтларда босилиб чиққанидан сўнг Интернет форумлар ва блогларда кенг муҳокама мавзусига айланди. Сайтлар форумларида Икром Ёқубовнинг “Озодлик”ка берган суҳбати юзасидан турлича фикр-мулоҳазалар бирлирилган. Айримлар Икром Ёқубов берган маълумотларни тасдиқласа, бошқалар уни хоин халқ душмани деб атамоқда.

Икром Ёқубов Андижон воқеалари тўғрисида гапириб: “Андижонда президент буйруғига кўра халққа қарши ўқ отилганда ҳукумат тасдиқлаганидай 187 киши ўлди, дегани ëлғон. Ўлганларнинг сони 1500дан ошиқ. Бу факт. Айнан Андижон амалиëтида иштирок этган битта МХХ зобити: “Ўликларни ташиб тугата олмай қолдик”, деб айтганини ўзим эшитганман. Андижондаги халқни отган армия бу Маҳмуд Худойбердиев бошчилигидаги армия эди”,- деганди.

Ёқубов берган маълумотлар бир тарафда қолиб, “унинг гапига ишонмаслик керак” деган фикрга ёпишиб олиб, бу фикрни бор кучи билан бошқаларга сингдиришга уринаётганлар ҳам бор. “Уни айтган гапларида ҳеч қандай янгилик йўқ!” дейдиганлар ҳам пайдо бўлган. Икром Ёқубов “Абдуллоҳ Сарбадор” номи билан мақолалар ёзиб юрган пайтида деярли ҳамма унинг гапига ишонарди. “Абдуллоҳ Сарбадор” Икром Ëқубовга айландими, тамом, уни ёлғончига чиқаришга ўтишди. Лекин бирортаси чиқиб “КАРИМОВ БУ ҚИЛМИШЛАРИ УЧУН ЖАВОБ БЕРИШИ КЕРАК!” деб ёзмаяпти ёки шунга ўхшаш фикрни билдирмаяпти. Хўш, сизнингча, бу кимга керак? Каримов ва унинг режимига эмасми?!”, - деб ёзади Ponauz.com сайтига ёзган постингчи.

“Литвиненко Путин ва ФСБни фош этганида Путиннинг ўзи чиқиб: "Литвиненко ҳеч ким эмасди, бир конвой эди. Унда махфий маълумотлар йўқ эди» деди. Лекин кўп ўтмай Литвиненко ҳалок этилди. Ҳозир бўлса, Литвиненконинг айтганларига шубҳа билдирадиганлар қолмади. Лекин Литвиненко энди йўқ”, - деб ёзади ўзини Той деб таништирган постингчи.

Айни пайтда постинг ёки интернет форум ҳақида турли фикрлар айтилмоқда. Айримлар постинг умуман керак эмас, деган фикрда. Швецияда яшовчи ўзбекистонлик журналист Тўлқин Қораев: “Интернетдаги постингларга шахсан мен қаршиман. Бу ўқувчини чалғитади. Мана қаранг, ҳозир Ўзбек СНБси бутун мухолифат сайтлари остидаги постингларни тўлдириш билан банд. Ёқубов ҳақидаги мақолалар остига ҳам шундай постинглар қўйиб, бу одамга ишонманглар, у хоин деган сўзлар тўлиб тошган”, дейди.

Узньюс.нет (uznews.net) сайти муhаррири Қудрат Бобожонов эса аксинча постинглар эркин фикр манбаи эканини айтади.

“Бирон мавзу юзасидан ўқувчи фикр билдириши учун менимча постинг муҳим. Лекин, у ерда ҳар хил гаплар, ҳақорат гаплар айтилади. Масалан сайтимизга кунига икки юз постинг тушса, уларнинг тенг ярми ҳақорат сўзлардан иборат бўлади. Бундай ҳолда у албатта таҳрир қилиниши ëки умуман берилмаслиги мумкин. Бу журналистиканинг оддий қоидаси”, - дейди Қудрат Бобожонов.




XS
SM
MD
LG