Линклар

Озодлик Қозоғистонда ҳам блок қилинмоқда


Қозоғистонлик бир гуруҳ фаоллар мамлакат раҳбариятидан матбуот эркинлиги ва журналистлар вазиятини яхшилашни талаб қилишди.

Қозоғистонлик бир гуруҳ фаоллар мамлакат раҳбариятидан матбуот эркинлиги ва журналистлар вазиятини яхшилашни талаб қилишди.

Қозоғистон ҳудудида Озодлик радиоси интернет сайтлари тўсиб қўйилди. Бу ҳақда радиостанция раҳбарияти сешанба куни баёнот берди. Баённомада айтилишича, Қозоғистонда сайтларга йўл 2008 йилнинг 11 апрелида тўсиб қўйилган. Қозоғистон расмийларига ва “KazTelecom” провайдер-ширкатининг раҳбариятига носозликларни бартараф қилиш тўғрисидаги бир неча бор мурожаатлар жавобсиз қолган.

Озод Европа/Озодлик Радиоси раҳбарияти қозоқ ва инглиз тилидаги сайти Қозоғистонда блок қилинаётгани юзасидан норозилик билдирди. 10 апрелдан буён “Озодлик”нинг барча тиллардаги сайтларидан фойдаланувчи қозоғистонликлар уларга фақат прокси серверлар орқали кира оляпти, холос. Қозоғистондаги энг йирик “Қозоқтелеком” ва “Нурсат” компаниялари провайдерлари эса сайтлар ўзларида мавжуд муаммолар туфайли очилмаётган бўлиши мумкинлигини баҳона қилиш билан чекланяпти. Озод Европа/Озодлик Радиоси президенти Жэф Гедмин буни ўта ташвишли ҳол деб атади. Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукинанинг айтишича, Қозоғистонда “Озодлик”дан ташқари бошқа мустақил веб сахифалар ҳам блок қилинган.

“Инқар.инфо газетасининг сайти блок қилинганига қарийб бир йил бўлди. Куб.кз сайти ҳам мунтазам тўсилади. “Республика”, “Свобода слово” газеталарининг сайтлари ҳам вақти-вақти билан тўсиб турилади. Қозоғистонда ҳукуматга мойил бўлмаган ўнлаб бошқа сайтлар фаолиятига ҳам тўсқинлик қилиняпти”, - дейди Таукина.

Эндиликда улар қаторига Озодлик радиосининг қозоқ тилидаги сайти ҳам қўшилди.

“Жуда ҳам кўп ўқувчилар Қозоғистонда ахборотни Озодлик сайтидан олади. Бу кўпларнинг севимли радиосидир. Хилма-хил фикрлар, эркин ва холис ахборот айнан мана шу сайтда мавжуддир. Бу сайтнинг блок қилиниши ҳукуматнинг анашу ахборотдан аҳолини ажратиб қўйишга уриниши сифатида кўриш мумкин. Ҳозир Қозоғистонда аҳолини ахборот билан таъминлаш имконияти жуда торайиб бормоқда”, - дейди “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина.

“Озодлик” радиосининг тожик, қирғиз ва ўзбек тилидаги сайтларига ҳам йўл тўсиб қўйилган. Айни пайтда ушбу тўртта мамлакатлар аҳолиси сайтга прокси-провайдерлар орқали кира оладилар, холос. Аввалроқ Озодликнинг Беларус, Эрон, Тожик хизматлари сайтлари фаолияти кибор ҳужум оқибатида бир оз вақт тўхтаб қолган эди. Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жэфри Гедмин радио сайтларига қилинган ҳужумлардан ташвиш билдирган эди.

“Биз ахборот тарқатаётган ва ишлаётган мамлакатларда эркин ва мустақил матбуот бўлганида эди, бизнинг ишимизда мантиқ қолмаган бўлар эди. Айрим пост совет давлатлари, Беларус ва Эрон ҳукуматлари эркин ахборот оқими фуқаролик жамиятининг кислороди эканини билади. Бу кислородни бўғиш учун улар тўлқинларимизни бўғишади, интернет сайтларимизга хужум қилишади. Хуллас ҳар ишни қилишга тайёр улар”, – деган эди Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жэф Гедмин.

“KazTelecom” Қозоғистондаги, боз устига, Марказий Осиёдаги ягона провайдер эмас. Аслида, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг баъзи провайдерлари “KazTelecom” каналининг хизматидан фойдаланадилар. Мазкур мамлакатлардаги фойдаланувчиларининг аксарияти тармоққа бошқа провайдерлар каналлари орқали кирадилар.

Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина, Ўзбекистондан фарқли Қозоғистонда бир қатор провайдерлар фаолият юритаётган бўлса-да, интернетни назорат қилиш бўйича асл ҳолат Ўзбекистондагидек.

“Бизда ўнлаб провайдер бўлаверсин, барибир улар ҳам ҳукумат тарафидан назорат этилади. Сабаби, лицензия олиш жуда қийин. Барча провайдерлар ҳукумат идоралари билан ҳамкорлик қилиш кафолатини беришади. Ҳукумат провайдерга телефон қилиб оғзаки буйруқ орқали у ёки бу сайтни блок қила олади. Ҳеч бир провайдер эгаси ўз бизнесини йўқотгиси келмайди. Қайсидир провайдер ҳукуматга мойиллик билдирмаса, у лицензия ола олмайди. Бир сўз билан айтганда бизда худди Ўзбекистондагидек ҳолат”, - дейди Таукина

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда “Озодлик” радиоси веб-сайтлари қисман ёки тўла ҳолда 2005 йилнинг ўрталаридан бошлаб блокировка қилинади. Ўшанда радиостанциянинг Тошкентдаги бюроси расмийлар босими остида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганди.



XS
SM
MD
LG