Линклар

ЕХҲТга навбатдаги мурожаат йўлланди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон пахта далаларидаги кичкинтой қуллар.

Ўзбекистон пахта далаларидаги кичкинтой қуллар.

Ҳуқуқ фаолларининг айтишларича, Европадаги бу нуфузли ташкилот бугун ўзбекистонлик болаларнинг пахта далаларида эксплуатация қилинаётганини ё кўрмаяпти, ëки кўраётган бўлса ҳам ўзини кўрмаганга солмоқда. Алянс фаолларидан бири Елена Урлаева бу ҳақда Озодлик радиосига шундай дейди:

“Ўзбекистон ЕХҲТнинг аъзосидир. Яқинда бу ташкилотнинг Варшавада бўлиб ўтган йиғилишида Ўзбекистон ҳукумати вакили қатнашиб, мамлакатда бола меҳнатига чек қўйилганлиги ҳақида гапирди. Лекин бу ёлғон. Шунинг учун ҳам биз бу нуфузли ташкилотнинг эътиборини яна бир бор бу муаммога қаратишга ҳаракат қилдик”, дейди Елена Урлаева.

Унинг айтишича, ташкилотлари ўтказган мониторинг натижаларига кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан тўла фойдаланилмоқда:

“Бу йил 10 сентябрдан бошлаб республикадаги мактабларнинг 8-9 синф ўқувчилари, сал кейинроқ эса 5 синфдан юқориси пахта теримига жалб қилинди. Лицей коллежларнику айтмай қўя қолай. Мана октябр ойи ҳам тугаб боряпти лекин шунга қарамасдан болалар ҳали ҳамон пахтада. Ҳаво совуб бораëтган бўлса ҳам болаларни ҳар кунлик нормани теришга мажур қилишади. Тера олмаган болалар ўқитувчилар томонидан қаттиқ дашномлар эшитади», дейди Елена Урлаева.

Мурожаатга имзо чеккан “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” халқаро ташкилоти аъзоси Аҳмаджон Нормирзаевнинг айтишича, Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилмаслик ҳақида қарор чиқарган эди. Лекин бош вазирнинг бу қарори маҳаллий ҳокимлар учун сариқ чақачалик аҳамияти бўлмади:

“Лекин шунга қарамасдан баъзи бир раҳбарлар: мактаб директорлари, коллеж директорлари болаларнинг ҳуқуқларини поймол қилиб, уларни пахта даласига олиб чиқишди. Туманларда 6 синфдан тепалари ва коллежларнинг ўқувчилари пахтага олиб чиқилмоқда. Мана об-ҳаво ўзгариб анча совуқ тушиб қолди. Бу нарсани ҳам ҳисобга олиш керак албатта”.

Аҳмаджон Нормирзаев, Наманган вилояти мисолида гапирди. Фарғона вилоятида ҳам болалар меҳнатидан тўла фойдаланилмоқда, дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Аҳаджон Набиев:

“Болаларнинг ҳаммаси пахтада. Буни сиз ҳам биласиз-ку! Президент 20 октябргача йиғиштириб олинсин деб буйруқ берди. Ҳозир ҳамма тадбирлар ҳам йиғиштириб қўйилиб, ҳамма оммавий тарзда пахта даласига сафарбар қилинган. Мактабларнинг 5 синфдан юқорилари пахтага чиқаяпти. Баъзилари пахтани қолиб тераяпти. Асосий ишчиларни олиб бориб, қайтариб олиб келаяптию, лекин болаларнинг ҳаммаси пахтада. Пахтакорларимиз ҳам ажойибда қаранг. Фермерларимиз биринчи теримдан тердирмайдида, подбордан тердиради. Битта одам куни билан юриб 5 ëки 10 кило пахта теради. Бундан кимга наф? Болаларнинг қийналгани қолаяпти холос”, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Аҳаджон Набиев.

Пахта толасини Ўзбекистондан сотиб олувчи дунёдаги бир қанча қудратли компаниялар, Ўзбекистон пахта етиштиришда болалар меҳнатидан фойдаланаётгани учун, Ўзбекистон пахтасига бойкот эълон қилган эдилар. Шундан сўнг, Ўзбекистон сенати болалар меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон бош вазири пахта терими бошида болаларни пахтага жалб этмаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Лекин кузатувчиларнинг айтишларича, бу қарор ва қонунлар қандай қабул қилинган бўлса, шундайлигича пахтадай оппоқ қоғозларда қолиб кетмоқда. Ўзбекистонда болалар пахта теришда давом этмоқда.


XS
SM
MD
LG