Линклар

Оқ уйга ким сайланиши ўзбекларни қизиқтирадими?


Америка президентлигига номзодлар Барак Обама ва Жон Маккейн.Октябр¸2008 йил.

Америка президентлигига номзодлар Барак Обама ва Жон Маккейн.Октябр¸2008 йил.

АҚШда 4 ноябр куни ўтказиладиган президентлик сайлови ҳозирда аскар дунё диққат-марказида қолмоқда.Хўш, ўзбекистонликлар Америкадаги ушбу сиёсий жараёндан қанчалик хабардор? Уларни АҚШ президентлигига ким сайланиши қизиқтирадими ўзи?

Озодлик: Америкадаги президентлик сайлови билан боғлиқ воқеалардан қанчалик хабардорсиз?

“Мен Америкадаги сайловлардан мутлақо бехабарман. Сабаби, кейинги пайтларда Интернетга жуда ҳам кам кираяпман. Маълумотлар билан бемалол танишиш имконияти бўлмаяпти”.

“Мен тўғрисини айтсам бехабарман. Москванинг “Время” дастурини кўриб борардим. Ҳозир уни ҳам бермаяпти. Фақат ўзимизда бериладиган кинони кўраяпман холос”.

Озодлик: Сизни Америкадаги сайловлар билан боғлиқ жараëн қизиқтираяптими?

“Албатта қизиқтиради. Чунки мен Американи дунëдаги энг кучли демократик давлат ва қолаверса бошқа давлатларга ўзининг сиëсий таъсир кучини ўтказа оладиган қудратли мамлакат деб биламан”.

“Тўғриси мен сиëсатдан анча йироқман. Комилжон Отаниëзов қўшиқларининг бирида айтганидай “Бизга олам тинч бўлиб, дўстлар саломат бўлса бас”. Америкада тинчлик бўлса, яхши бўлса, Ўзбекистонда ҳам яхши бўлар деб ўйлайман”.

“Америкада бўладиган қанақадир сиëсий ўзгариш Ўзбекистондай давлатга ва унинг келажакдаги икки томонлама муносабатларига таъсир қилмасдан қолмайди. Шунинг учун шахсан мен ўзим мана шу сиëсий жараëнни қизиқиш билан кузатиб бораяпман”.

Озодлик: Сизнингча ким президент бўлиши мумкин?

“Мен агар олдинроқ Жон Маккейн муносиброқ номзод ва унинг имкониятлари кўпроқ деб ўйлаган бўлсам, ҳозир кўраяпманки, охирги кунларда вазият ўзгарди ва демократлар кўп жойларда илгарилаб бормоқда”.

“Менинг фикримча, Барак Обаманинг ғалаб қозониш имкониятлари жуда ҳам юқори. Чунки сайловолди жараëнларида ва халқнинг фикрини ўрганиш жараëнида ҳам халқнинг аксарият қисми Барак Обамани қўллаб-қувватлади”.

“Менимча, Алабама штатида ютиб чиққан қоратанли афроамериканец борку, ўша ютиб чиқади. Чунки у Ироқдаги урушни тугатмоқчи, Ироқ ҳудудидан Америка аскарларини олиб чиқмоқчи. Айнан шу ҳаракатлари учун ютиб чиқади деб ўйлайман”.

“Барак Обама гарчи қора танли бўлса ҳам унинг ғалаба қозониш имконияти жуда ҳам юқори. Чунки унинг иқтидорга келишини жуда кўпчилик қўллаб-қувватлаяпти”.

Озодлик: Америка президентлиги учун номзодлардан қайси бири иқтидорга келса, Ўзбекистон учун кўпроқ фойдаси тегади деб ўйлайсиз?

“Агар Маккейн президент бўлса, унинг Ўзбекистонга кўпроқ фойдаси тегарди. Чунки унинг дастури республикачилар юритган 8 йиллик дастурнинг давоми бўларди барибир. У белгиланган доиралардан ўзгартириш қилиб четга чиқа олмас ва Американинг сиëсатини ривожланаëтган давлатларда демократиянинг ўрнатилиши, қонун устуворлигининг таъминланиши ва инсон ҳуқуқлари борасида қандайдир натижаларга эришиш борасидаги кўп лойиҳаларга қаратган бўларди. Агар демократларни қўли баланд келса, улар кўпроқ кейинги 8 йил ичида пайдо бўлган муаммоларни ечиш ва мамлакатнинг аввалги мавқеини тиклаш билан банд бўлиб қолади. Шунинг учун уларнинг Ўзбекистонга катта таъсири деярли бўлмаса керак”.

“Мен Барак Обама тарафдориман. Чунки у дунëда бўлаëтган глобал жараëнларга ва этник можароларга ўзининг ташқи сиëсати билан таъсир ўтказа олади деб ўйлайман. Қолаверса, у Ўзбекистоннинг сиëсатини ҳам ижобий томонга ўзгартира олади”.


XS
SM
MD
LG