Линклар

logo-print

Муҳожир ўзбек ижодкорлари кўпаймоқда¸ аммо ўзбек Солженицинидан дарак йўқ


1975 йилнинг 4 январ куни Александр Солженицин Парижда матбуот анжумани ўтказган эди.

1975 йилнинг 4 январ куни Александр Солженицин Парижда матбуот анжумани ўтказган эди.

Бугун сизлар билан ўтган ҳафтада 90 ёшида оламдан кўз юмган таниқли рус диссидент ёзувчиси Александр Солженицин ва унинг асарларининг ўзбек ижодкорларига ҳамда ўзбек адабиётига таъсири, шу билан бирга ëзувчининг машҳур “Архипелаг гулаг” асари ҳамда унинг шовинистик қарашлари ҳақида гаплашамиз.

Франция Президенти Николя Саркози Александр Соженицинни “Россиянинг виждони” эди деди. АҚШ Президенти Жорж Буш эса ёзувчи ўлимига “дунё озодлик ҳаракатининг оғир йўқотиши” деб таъриф берди. Асрлар силсиласидаги қатағон ва қийноқларга дош берган ва бу кўргуликларни қоғозга туширгани учун қувғинга учраган ва коммунистик тузум емирилганидан сўнг ватанига қайтган ёзувчи 90 ёшида Москвада вафот этди. Сталин тузумини танқид қилиб дўстига ёзган мактуби учун қамоққа ташланган Солженицин, озодликка чиққанидан сўнг, қатағон совет тузумини фош этди. У “Иван Денисовичнинг бир куни” номли энг биринчи романи биланоқ дунё ҳамжамиятига танилди. Бу роман Совет Иттифоқига Никита Хрушчёв раҳбарлик қилган 1962 йилда нашрдан чиқарилди. Никита Хрушчёв бу роман ҳукумат ва совет жамиятидаги сталинча унсурларнинг барҳам топишига кўмак беради, деган умидда эди. А.Солженициннинг асарлари совет фуқаролари учун янгилик бўлди. Лекин унинг энг машҳур асари Архипелаг гулаг ҳали чоп бўлмасдан туриб ёзувчи архивининг бир қисми давлат хавфсизлиги қўмитаси қўлига тушиб колди. Бу ҳақда ёзувчини ўзи шундай деган эди:

“Ана шу лаҳзада авайлаб яшириб келаётган лагерларда ўлган миллионлаб зеклар хотирасига оид архивлар бирданига йўқ бўлди. Давлат хавфсизлиги мени қамашга етарли бўлган материалларни мусодара қилган эди. Мен икки, уч ой зарба кутдим. Лекин мени қамашмади. Мен эса яна ҳужумга ўтдим”, дейди Александр Солженицин.

Лекин бу пайтда яъни Солженициннинг “Архипелаг гулаг” асари хорижда нашр этилганидан сўнг, у совет фуқаролигидан маҳрум килинди ва 1974 йилда мамлакатдан чиқариб юборилди. Факат орадан йигирма йил ўтганидан сўнг, у ватанига қайтиб келди, лекин обод ватанни кўрмади.

“Мен ватанга қайтганимдан сўнг, Елцинча ўғирлик Россияни энг жиноятчи ва ҳолсизланган давлатга айлантирганини кўрдим. Мен бунга таъсиримни ўтказа оламан деб ўйлаган эдим. Лекин адашган эканман, бундай бўлмади”, деган эди Солженицин.

Солженицин асарлари ва шахсий фаолияти ўзбек адабиётига ва ижодкорларига таъсир ўтказмай колмади. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Солиҳ шундай дейди:

“Солженицин шахсан мен учун ëшлик давримнинг ëзувчиси бўлиши мумкин. Чунки 1974-1975 йиллардан бошлаб унинг асарларини машинкада босилган нусхаларини ўқий бошлаганмиз. У бизга совет империясида яшаб туриб ўша империянинг камчиликларини айтиш мумкинлигини кўрсатган ва буни ўзига хос бир маҳорат билан айтган ëзувчилардан бири эди. У 1974 йилда совет иттифоқида чиқариб юборилгандан кейин унинг китоблари кўпроқ кела бошлади. Айниқса 1970 йилларнинг охирларидан бошлаб Болтиқ бўйидаги дўстларимиз унинг китобларини Москвага ва Тошкентга олиб кела бошлади. Биз ҳам Болтиқ бўйига тез-тез бориб кела бошладик. Бизнинг Болтиқ бўйи диссидентлари билан муносабатларимиз жуда ҳам тезлашди ва мустаҳкамлашди. Бу диссидентларни ичида Солженицинни асари энг кўп ўқиладигани эди. Чунки Солженицин ташқарига чиққандан кейин совет империясининг камчиликларини муросасиз бир шаклда фош қила бошлади”.

Адабиётшунос Абдулла Абдураззоқ ҳам Солженициннинг ўзбек ижодкорларига таъсири бўлгани ҳақида гапиради:

“Солженицин чет элга чиқиб кетган пайтдаëқ у ҳақда кўп гаплар юрган. Унга боғлаб “Ленин сен ҳаммасини шундай тасаввур қилганмидинг? Ҳаммаси тескари бўлиб чиқдику” деган мазмундаги айтиб юриладиган шеърлар эл орасида тарқаган эди. Мен ўйлайманки, маълум маънода ўзбек адабиëтида Солженицинни яхшигина хизмати бор”.

Солженицинни машҳур қилган асар, унинг совет иттифоқидаги сиёсий маҳбуслар сақланадиган қамоқхона ҳақида ёзган “Архипелаг гулаг” асари бўлди. Абдулла Абдураззоқ фикрича, бугунги Ўзбекистонни ана шу асарга қиёслаш мумкин:

“Буни илдизлари жуда чуқур. Ўзбекистон бошқа маънода жуда катта ва кенг архипелаг гулаг. Аслида эса торайиб қолган. Бунинг илдизлари республикалар ташкил этилишига бориб тақалади. Ленин 1924 йилдаëқ чор россияси бўлакларга бўла олмаган Туркистонни майда бўлакларга бўлиб, сунъий чегара торттирди. Каримовга Москвани таъсири бўлиши керак. Москва “Чегараларни ëп, ҳамма ëқни маҳкам қил, имкониятларни ҳаммасини чекла. Халқ “Аввал яхши эди. Руслар билан бўлган пайтимиз яхши эди” деган хулосага келсин деган. Олдин совет иттифоқи бўйлаб эркин ҳаракатланар эдик. У кенгроқ лагер эди. Ҳаракатланиш доирамиз ҳам кенгроқ эди. Энди у яна торайиб қамоқхоналарни ичида жазо камералари бўлади. Ўзбекистонни ҳозир “Архипелаг гулаг” ичидаги жазо камерасига ўхшатса бўлади”.

Шоир Ёдгор Обид фикрича, бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳам ўнлаб ёзувчи ижодкорлар ётибди. Улар ҳам Солженицинга ўхшаб, эркин сўз учун қамоққа ташланган:

“Ҳозир Ўзбекистонни асосий кўп зиëлилари, жуда кўп бегуноҳ одамлар, диндорлар Ўзбекистон лагерларида азоб чекиб ëтишибди. Айниқса Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраевлар хаëлимдан жуда кўп ўтади. Улар бегуноҳ одамлар, улар адолат талаб қилган одамлар. Улар ҳозир Солженицин ўз асарида кўрсатганидан баттарроқ аҳволда ëтишибди”.
Лекин адабиётшунослар Солженицинни Россияга келганидан сўнг, аввалги ақидаларидан чекинган шахс сифатида ҳам қайд этадилар. Озодлик радиосини рус хизмати шарҳловчиси Петр Вайлнинг айтишича, Марказий Осиё ва Кавказ ватанпарварлари Солженицинни 2002 йилда нашрдан чиқарилган “Россия кўчки остида” китоби учун кечирмайди. У бу китобида собиқ совет мамлакатлари раҳбарларининг кўпчилиги миллатчилик мафкурасини қабул қилгани, Ўзбекистон каби давлатларда руслар иккинчи даражали фуқароларга айланиб қолганини ёзган эди. Шоир Муҳаммад Солиҳ ҳам бу фикрларга қўшилиб шундай дейди:
“Қайта қуриш бошланиб унинг Россияга қайтгандан кейинги ижодинигн янги босқичи бизга янги Солженицинни кўрсатди. Биз кўришга одатланган, русларнинг шовинистик тушунча қанотини тамсил қиладиган ëзувчилардан бирига айланди. Ўзи совет империясига қарши курашиб бу империянинг ҳудудида яшаган халқларга қарши нақадар салбий таъсир кўрсатганини ва уларнинг тараққиëти учун нақадар салбий рол ўйнаганини кўрсатган ëзувчи бўлишига қарама-қарши, қайта қуришдан сўнг ўзи танқид қилган принципларига қарши кураша бошлади. Бу ҳам адабиëтда мисли кўрилмаган метамаркоза эди. Биз буни афсус билан кузатиб бордик. Лекин Солженицин барибир совет адабиëтининг энг катта фигураси сифатида дунë адабиëт тарихида қолади”.
Александр Солженицин тузумнинг камчиликларини ошкора танқид этгани учун ватанидан қувилган эди. Бугун Ўзбекистонда ҳам ватандан ташқарида яшаётган, Солженициннинг қисмати бошига тушган ижодкорлар кўп. Улар Ëдгор Обид, Сафар Бекжон, Муҳаммад Солиҳ, Холдор Вулқон, Тоғбой Абдураззоқ, Ғафур Йўлдош, Мақсуд Бекжон, Абдувоҳид Ҳайит, Матлуба Азаматова ва ҳоказо. Кейинги пайтда уларнинг сони кўпайиб бормоқда.






XS
SM
MD
LG