Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:50

Одам савдоси қурбонлари қайтарилди


Қўлидан паспортлари олиб қўйилиб¸ ўзи фоҳишаликка мажбурланган қизлардан бири мижозини кутмоқда.
Қўлидан паспортлари олиб қўйилиб¸ ўзи фоҳишаликка мажбурланган қизлардан бири мижозини кутмоқда.

Ўзбекистондан Россияга олиб кетилиб, фоҳишаликка сотиб юборилган олти нафар ёш қиз мамлакатга қайтариб олиб келинди. Бу ҳақда “Регниум” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Айтилишича¸ Россия ва Ўзбекистон Миллий Интерпол бюроларининг ҳамжиҳатликда олиб борган саъй ҳаракатлари натижасида қизлар қулликдан озод қилинган.

Ўзбекистон Миллий марказий Интерпол бюроси директори Рустам Исроиловнинг “Регниум” ахборот агентлигига маълум қилишича, россиялик исми ошкор қилинмаётган икки шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Бу одамлар ўзбекистонлик олти нафар ёш қизни алдов йўли билан официантлик ишига таклиф қилиб, Россиянинг Уссурийск шаҳрига юборган. Расман тасдиқланмаган фирманинг вакили, қизларнинг паспортларини олиб қўйиб, уларни фоҳишалик билан шуғулланишга мажбур қилган. Ўзбекистон Интерполи россиялик ҳамкаблари билан боғланиб, бу қизларнинг қаерда эканлигини аниқлаган ва россиялик ҳуқуқ-тартибот ходимлари қизларни қулликдан озод этган. Айни пайтда бу қизлар ўз ватанларига қайтарилди, дейди полковник Рустам Исроилов.

Ўзбекистон бош прокуратураси матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова ҳам, Ўзбекистонда одам савдоси доим ҳуқуқ идоралари диққат марказида эканлигини таъкидлар экан, шундай дейди:

“Албатта туман, шаҳар ва вилоятлардаги ҳудудий комиссиялар, ИИВ, МХХ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар, бутун жамият ҳозир шунга қарши курашаяпти”.

Хўш, шу йил давомида қанча одам қулликдан озод қилинди? Бунинг аниқ ҳисоблари борми, деб сўраймиз Светлана Ортиқовадан.

“Ҳозирча менинг қўлимда унақа рақамлар йўқ. Менимча, гап рақамда эмас. Битта одамга ëрдам берилса ҳам, у ўзининг ватанига қайтса, унинг ҳамма ҳуқуқлари тикланса, моддий, ҳуқуқий, ижтимоий, тиббий ëрдам кўрсатилса, ўша бизга берилган ойликни ҳалоллаб еган деб ҳисоблаймиз биз”.

Ўзбекистондаги одам савдоси муаммоси билан яқиндан шуғулланувчи инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов ҳам, бу соҳада Ўзбекистон ҳукумати биринчи қадамлар ташлаётганини эътироф этади.

“Лекин инсон савдосига қарши тўлиқ курашиш учун мукаммал бир механизм Ўзбекистонда яратилди деб айта олмаймиз. Бунинг бир неча сабаби бор. Энг катта сабабларини ажратиб кўрсатадиган бўлсак, биринчиси яратилаëтган қонунларга ва механизмларга қарамасдан муаммо мавжуд. Муаммо шуки, ишсизлик туфайли кўпчилик одам савдосига аралашиб қолаяпти. Иккинчи нарса Ўзбекистонда мана шу дастур қабул қилинганида у тор маънода қабул қилинди. Инсон савдоси деганда, агар Ўзбекистондаги расмий агитациядан келиб чиқадиган бўлсак, фақатгина танфурушлик, асосан хотин-қизларга тегишли бўлган одам савдоси тушунилаяпти”, - дейди инсон ҳуқуқи ҳимоячиси.

Исмоиловга кўра, одам савдоси қурбонига айланаётган асосий қатлам четга чиқаётган меҳнат муҳожирларидир.

“Уларни кўпроқ ўз маҳаллаларидаги маҳалладошлари кўпроқ алдаяпти. Ëки Россия ва Қозоғистонга 3- 4 марта бориб келиб, ўша ëқнинг ҳавосини олиб, ўша ерда таниш орттириб келган ўзимизнинг фуқаролар алдаяпти. Мана шу ҳолатлар ҳозир Ўзбекистонда бошланган инсон савдосига қарши курашиш дастуридан умуман четда қолиб кетаяпти. Бу ҳақда ҳеч ким гапирмаяпти. Ҳақиқатан ҳам биринчи қадамлар бор, лекин булар етарли эмас. Албатта¸ фуқаролик жамиятининг инсон ҳуқуқлари фаоллари, журналистлар бу дастурни қандай бажарилаëтганлигига, бу дастурдан қандай муаммолар четда қолиб кетаëтганлигига эътибор қаратиб, бу муаммоларни очиқ айтишлари керак”, дейди Суҳроб Исмоилов.



XS
SM
MD
LG