Линклар

На шараф зулмга “зулм” дея олсанг!


Муҳаммад Солиҳнинг 1985 йилги шеърий тўпламига киритилган суратлардан бири.

Муҳаммад Солиҳнинг 1985 йилги шеърий тўпламига киритилган суратлардан бири.

Бугунги дастуримиз таниқли ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳнинг 55 ëшга тўлиши муносабати билан шоир ижодига бағишланади. Унда сиз шоир билан бўлиб ўтган суҳбат, Муҳаммад Солиҳ ижоди ҳақида ўзбек шоирлари фикрлари, шоир ва унинг ижоди борасида бугунги ëшлар мулоҳазалари билан танишасиз. Шунингдек дастур давомида шоирнинг янги шеърларидан айрим намуналарни ҳам ҳавола этамиз.

Ўша сиз билган шоир М.Солиҳ
Аллақачон ўлган, йўқ бўлган, синган.
Дунëни тарк этиб дарвеш мисоли,
Берилган эмиш у тамоман динга,
Қани тўғри бўлса авомнинг гапи,
Аввалги М.Солиҳ ўлган бўлсайди,
Юраги дарвешлар юраги каби,
Динга, фақат динга тўлган бўлсайди.

Энди эса Муҳаммад Солиҳ таржимаи ҳоли ҳақида ики оғиз сўз.

“Муҳаммад Солиҳ 1949 йили Хоразм вилоятида туғилган. Илк шеърий китоби 1977 йили чоп этилган. 1977 йилдан то бугунги кунгача ўнлаб шеърий, насрий ва публицистик китоблари, таржималари Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган. Асарлари рус, украин, латиш, эстон ва турк тилларига таржима қилинган. Муҳаммад Ғаззолий асарлари шунингдек турк адабиëтидан Юнус Эмра ва Дада Қўрқутга оид асарларни ўзбекчалаштирган”.

Биз Муҳаммад Солиҳга дастлаб “Ҳозир ҳам ижод билан шуғулланаяпсизми?” деган савол билан мурожаат қилдик.

Муҳаммад Солиҳ: “Ассалому алайкум барчага. Албатта¸ ижод деркан сиз шеър ва бадиий таржимани назарда тутаëтган бўлсангиз, афсус мен ижод билан шуғулланаëтганим йўқ. Аммо таржима билан шуғулланаяпман. Таржима қилаëтганим асар модада бўлмаган икки жилдли жуда катта бир китоб. Балки бу китоб ҳеч қачон мода бўлмас. Буни мен ўзим учун, тўғрироғи ўз нафсимга таскин бериш учун, яъни сен ҳам бу дунëда бир савоб иш қилдинг, деб уни юпатиш учун қилаëтганим бир иш десак бўлади. Бу таржиманинг инсонларга фойдаси тегади деган умиддаман.”

Ўтган асрнинг 70-йилларида ўзбек адабиëтига бир гуруҳ ëшлар кириб келди. Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Усмон Азим. Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Бундан сал олдинроқ Рауф Парфи ижоди ўзбек адабиëтида бир воқеа бўлган бўлса, 70- йиллар авлоди асарлари ўзбек шеърияти уфқларини янада кенгайтирди. Уларнинг ичида Муҳаммад Солиҳ алоҳида ўринга эга, дейди биз билан суҳбатда шоир Рауф Парфи.

“Муҳаммад Солиҳ 1960-1970 йилларда ўзбек шеъриятида мутлақо бир янги тўлқиннинг устида турди. Бу тўлқин 50- йиллар унутилиб кетган, гарчи ҳукумат тарафидан 1956 йилда, дейлик Фитрат, Чўлпон, Қодирийлар оқланган бўлса ҳам, 1980 йилларга келиб уларнинг китоблари чиқди. Демак меросимиз жуда узоқ қаровсиз қолди. Фитрат, Чўлпон, Қодирий ва бошқа шоирларимизнинг асосий ғояси Туркистон ғояси эди. Туркистон ғояси худди Ислом каби босқинчилар учун, мустамлакачилар учун жуда қўрқинчли бир душман эди. Ана шу руҳимиздан юлиб олинган ғояни Чўлпон, Фитратлардан кейин ўзбек шеъриятида биринчи бўлиб айтган шоир Муҳаммад Солиҳ бўлади”.

Озодлик: 20 -асрда ўзбек ижодкорлари қандай синовларга дуч келдилар ва бу синовлардан улар қандай ўта олдилар?

Муҳаммад Солиҳ: “Бу саволга жавоб беришдан олдин 1987 йилда ëзилган битта шеъримдан бир парча ўқиб берай.

Қарғалган миллати, ҳўкиздай ишлаб,
Раҳматнинг ўрнига эшитар миннат.
Бор-йўғин дунëнинг пойига ташлаб,
Ўғри деб ном олар, қарғалган миллат.

Қарғалган миллатнинг келажаги тул,
Дарëлари қуриб, чирир ерлари,
Қарғалган миллатнинг болалари қул,
Аëллари тумсо, бепушт эрлари.

Қарғалган миллатнинг қозиси фосиқ,
Олими савдогар, илм сотиб яшар.
Шоирлари эса ақлдан озиб,
Душмандан мукофот олмоққа шошар.

Бу шеър жуда мискин бир шеър. Бу шеър 1987 йилда ëзилган бўлса ҳам бугунги кунимизга тўғри келади. Фикримча, 2000 йиллар ва 90- йиллар бошидаги синовдан ўтган ва ўта олмаганларнинг сони орасидаги фарқ худди 30- йилларда Сталин қатағонида синовдан ўтган ва ўта олмаганларнинг сони орасидаги фарқ каби каттадир. Яъни синовдан ўта олмаганлар мингларча бўлса, ўтганларнинг сони балки юзтага ҳам етмаса керак.”

Рауф Парфи: “Ҳар бир шеърининг маънавий нуқтаси бу ватан ҳақидаги, озодлик ҳақидаги, эрк ҳақидаги шеърлар эди. Шу маънода у ўз тенгдошларидан¸ умуман ўзбек шеъриятида янги бир ғояни олиб чиққан шоир сифатида қарашни хоҳлар эдим. Бизнинг олимларимиз¸ балки бундай туҳматга қолишини билмаганмиз албатта. Гарчи ҳаммаси ëлғон эканлигини била туриб, унинг собиқ дўстлари уни айблаб мажлислар ўтказишганида ҳайратга тушиб қулоқ солиб ўтирганман. Булар дўстлари эди-ку. Бир бурда нонни бирга ейдиган дўстлари чиқиб “Бизга бундай сотқин шоир керак эмас. Шеърларини ҳам ҳеч ким тушунмас эди. Шеърлари ҳам ҳеч кимга керак эмас”¸ деган гапларни гапириб чиқиб, мени ҳайратга солди. Ўзларининг тенгдош дўстлари! Муҳаммад Солиҳ ўн йиллардан буëн узоқларда юрган бўлса, бу йилларни миллатимизнинг, халқимизнинг синов йиллари десак бўлади. Балки бу Муҳаммад Солиҳ учун ҳам синов йилларидир. Бу синов йилларидан жуда кўпчилик ўзбек шоирлари ўта олмади.”

Озодлик: Муҳаммад Солиҳ ака, сиз ижодий қувватга тўлган бир пайтда сиëсатга ўтиб кетдингиз¸ëзмай қўйдингиз. Кўплаб ўқувчиларингиз бундан афсусландилар ҳам. Ўзингизда ҳам шундай туйғу кечмадими?

Муҳаммад Солиҳ: Мен бу маънода афсусланганим йўқ. Тўғриси афсусланишга вақт ҳам бўлгани йўқ. Мен сиëсатга кирдим чунки бу бир миллий вазифа эди. Вазифа ҳали ҳам битгани йўқ. Сиëсатни шеърдан устун қўйдим¸ чунки сиëсат қулликдан қутулиш йўлида, озодлик йўлида шеъриятга нисбатан кучлироқ восита эди. Уни мақсадга эришгунча қўлланишшга қарорим қатъий ва мен сиëсатни давом эттирмоқчиман. Балки бир кун келиб шеър ҳам ëзишим мумкин аммо бугун унга вақт йўқ. Бу хусусда ҳатто ўша 1975 йилда, ëшликда ëзилган бир шеърни кўриб қолдим.

Менда имкон бор ҳали,
Шеър, севги деб алдамасликка.
Озодликни севган инсонни.
Бисотимда имкон бор ахир,
Қаламни синдириш имкони.

Яъни халқимизнинг озодликка эришиш имкони пайдо бўлганини кўрганим кун, ўша шеър ëзадиган қаламни мажозий маънода эмас, реал маънода синдирдим ва мақолалар ëзишга ўтдим.”

Ғариб дарахт

Одамлар каби мен дунëни кезиб,
Ëза олмадимку шеърий туркумлар,
Чунки ота юртдан чиққаним сезиб,
Тарк этарлар мени ҳижо, рукнлар.

Чунки келиш учун кўзларимга ëш,
Пайдо бўлиш учун илҳом юракда,
Менга жуда зарур аччиқ бир қуëш,
Кескин континентал иқлим керакдир.

Шундай экан денгиз қирғоқларидан,
Яшил ўрмонлардан менга сўз очма.
Мен ëлғиз Туркистон тупроқларида
Ўса оладиган ғариб оғочман.

Mуҳаммад Солиҳ Эгей денгизи соҳилида.
Муҳаммад Солиҳ шеъриятининг унинг илк асарлариданоқ бош ғояси мустақиллик, эрк, Туркистон мавзулари эди, дейди шоир Рауф Парфи.

“Муҳаммад Солиҳнинг биринчи кучли тебраниши унинг Туркистон ғоясини англаши, Туркистон руҳини билиши. Унинг шеъриятидаги бутун истиоралар, шеърий санъатлар Туркистонни англаш санъати эди. Шу билан мутлақо мустақиллик нима эканини билмайдиган, ҳозиргача ҳам ëши 60, 70га бориб ҳали шеъриятнинг асоси нима эканини билмайдиган, бугун бемалол яшаб юрган шоирларимиз ҳеч қачон мустақиллик ғоясини билмайди”.

Навбатдаги суҳбатдошимиз ëш ўзбек шоири Файзуллоҳ.

“1986 йилда “Фан ва турмуш” журналининг биринчи саҳифасида Муҳаммад Солиҳнинг қаламига мансуб шеър эълон қилинган. Бу пайтда¸ агар эътибор берсангиз¸ бугунги унча-мунча Ўзбекистон қаҳрамонлари нима дейиш мумкинлигини ҳали ўйлаб турган, тарозининг қайси томонига ўтган маъқулроқ деб ўйлаб турган бир пайтда Солиҳ шундай шеър ëзган:

Худо қарамади менинг раъйимга,
Буйруқни чиқарди, муҳрни босди.
Ва ижрочи фаришта қоқ манглайимга,
Нотаниш ëзувда нимадир ëзди.

Кейин ерга тушдим уйдагилар ҳам,
Ëзувни ўқиëлмай бўлдилар сарсон.
Ниҳоят марказдан келган бир одам,
Ўқиди ва деди: сен пахтакорсан.

Шу-шу олтин топган қул каби хурсанд,
Юраман ғўзалар очилса гулдай,
Фақат мен қоламан келганда аëз,
Олтинин йўқотиб қўйган қулдай.

Тушларимда эса сўкинаман бад,
Ўнгимдачи, тавба дейман асосан.
Ҳарқалай энг ширин таом бу меҳнат,
Энг катта идиш бу сабр косаси.

Рауф Парфи: Ўзбек адабиëтининг 20 -аср тарихи Муҳаммад Солиҳсиз у ўзбек адабиëтининг тарихи бўла олмаслигини билган ҳолда ҳам у ҳақида лом-мим дейилмайди. Илгари замонлар қандай лом-мим демаслик керак бўлса, бугун ҳам лом-мим дейилмайди. Бу бизнинг ўрганиб қолган қулликка, ҳақоратга кўниккан ëвузликни келтириб чиқарадиган жаҳолатнинг кўринишларидир”.

Муҳаммад Солиҳ 10 йилдан буëн муҳожиратда яшайди. Шу давр мобайнида етишиб чиққан ëшлар унинг ижодидан хабардорми? Шу ўринда Тошкентдаги олий ўқув юртларидан бирида ҳамкоримиз талабалар ўртасида ўтказган сўровни эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Муҳаммад Солиҳ ўз шеърларида фикрлашга чақиради. Усмон Азим билан солиштирганда Усмон Азим кўпроқ воқеликнинг лирик баëнини беради. Муҳаммад Солиҳ эса воқеликни аниқ¸ реал кўрсатиб беради”.

“Муҳаммад Солиҳни бир марта ўқиганман. Ундан кейин рости гап уни одам ўқишга қўрққан. У ҳақда ҳатто ўйлашга ҳам қўрқаман. Уни бир марта ўқиб чиққан бўлсам ҳам унинг шуъласи қандайдир хаëлимдан ҳалигача кетмаган”.

“Ҳеч ким ўқишни таъқиқламаган. Бизнинг мактабимизнинг кутубхонасида Муҳаммад Солиҳнинг китоби турган. Ўшанда олиб ўқиганман”.

“Биласизми бизда шунақа нарса борки, бир танқидга учраган одам ҳақида ҳамма нарсани таъқиқлаб қўйишади. Мен Муҳаммад Солиҳнинг ижодини шоир сифатида ўрганилишини хоҳлардим. Шунақа шоирлар борки, улар учун замон, макон тушунчаси бегона”.

“Менга Муҳаммад Солиҳнинг “Токи” деб номланган шеъри ëқади. Бу шеърда у ўзининг келажагини гўëки олдиндан кўргандек туюлади.

Токи

Мендан юз ўгириб кетиб қолганича токи хотиним,
Ўзимнинг фарзандим, ўзимнинг болам.
Ўзимни масхара этганича то,
Токи номим лаънат тахтасига осилгунича.
То бўйнимга қилич тушганга қадар,
Дейману тўхтайман,
Наҳотки дейман¸ наҳотки
Шунча қурбон керак сенга ҳақиқат.

Мустақил ижодкорлардан Рустамжон Қаюмов бугун Андижон вилояти аҳолиси, айниқса ëшлар, Муҳаммад Солиҳ шеърияти билан танишиш имкониятидан маҳрум эканлигини айтар экан, мавзуга шундай изоҳ берди.

“Менинг назаримда Муҳаммад Солиҳнинг китоблари ҳозирги кунда Ўзбекистонда сотувда бўлмаса керак. Кутубхоналардан ҳам йиғиштириб олинган бўлса керак. Шахсан мен ўзим биронта кутубхонада учратмадим ëки бир китоб дўконларида кўрганим йўқ. Лекин менинг ўзимда Муҳаммад Солиҳнинг бир-иккита китоблари бор”.

Муҳаммад Солиҳнинг шеърий китоблари бугун вилоятдаги кутубхоналарда мавжуд эмаслиги борасида суҳбатдошимиз Анорхон опа ҳам шундай мисолни айтади.

“Бугунги кунда кутубхоналарда йўқ. Мен ўзим бир воқеага гувоҳ бўлганман. Туман халқ таълими бўлимининг омборида китобларнинг аянчли аҳволда чириб ëтганини кўрдим. Кейин укам бир шаҳар кутубхонасига келса, у ерда Муҳаммад Солиҳнинг китобларини ажратиб олиб ташлашаëтган экан. Илтимос қилиб 90 йилларда чиққан “Орзу фуқароси” деб номланган китобини олган. Унинг ўнтасини биз олганмиз”.

Суҳбатдошларимиз айни чоғда Муҳаммад Солиҳ шеъриятининг ўзига хос томонлари борасида ҳам қўшимчалар қилди.

“Қисқа, лўнда ва чиройли ëзади. Бу чиройли ëзади деганимнинг сабаби шундаки, Муҳаммад Солиҳ шеърияти ҳозирги замон ўзбек шеъриятининг энг олдинги қаторларида туради десам адашмасам керак”.

“Айтгандан кўра, келинг яхшиси унинг сиëсий шеърларидан ўқиб берай.

Мана шунинг учун унинг номи қора бўлган.

Ўт бор, ўлан бор,
Майсадан гилам бор.
Май бор, палов бор,
Алвонранг ўлов бор.

Бахт бор, саодат бор,
Тўй бор, зиëфат бор.
Ҳамма нарса бор
Ўзбекдан бошқа.

Қари бор, қартанг бор,
Каттаю кичик бор.
Аччиқ бор, чучук бор,
Ит билан кучук бор,
Қурт бор, қумурсқа бор,
Илон бор, чаëн бор,
Ҳамма нарса бор,
Ўзбекдан бошқа.
Ўзбек қани?
Ўзбек пахтада.

Шунақа десам менинг болаларим буғдойда, пиллада, шолипояда деб қўшиб қўйишади”.

Дастуримизга Муҳаммад Солиҳнинг туркум шеърлари билан якун ясасак.

На гўзал
Бир ëнда ожизу, бир ëнда кучли
Кураш бошланаркан тарафма-тараф,
ожизнинг ëнини олганинг учун
“хоин” деб ном олмоқ нақадар шараф!

На шараф, халқини қул этган подшоҳ
“менинг душманим” деб сени атаса,
жазавага тушса исминг эшитган чоғ
китобингни ўқиб, йиртса, топтаса!

На шарафки зулмга “зулм!” дея олсанг,
бошингда ҳар куни синса-да таëқ,
шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
на гўзал ягона Оллоҳдан қўрқмоқ!

Маҳшар кунида
Орзу этмакдаман ҳисоб кунида¸
Раббим кўрар экан менинг ишимни¸
Менга қулим Солиҳ дейиш ўрнига¸
Солиҳ қулим дея сасланишини.

Телефонларимиз:
+420 602 61 27 13
+420 773 26 72 30
Email: uzbekweb@rferl.org
Skype: OzodSkype

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG