Линклар

ҲРУ: "Иноятовнинг Берлинга келгани шармандаликдир!"

  • Ҳурмат Бобожон

2005 йили ЕИ Рустам Иноятовни Андижондаги қирғин учун маъсуллардан бири сифатида ўз қора рўйхатига киритган эди.

2005 йили ЕИ Рустам Иноятовни Андижондаги қирғин учун маъсуллардан бири сифатида ўз қора рўйхатига киритган эди.

“Германия ҳукумати Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарини Берлинга таклиф этмаслиги керак эди”¸ - дея баëнот берди Ҳюман Райтс Уотч (Human Rights Watch) инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

“Ўзбекистонда давом этаëтган инсон ҳуқуқлари топталиши ва журналистларга қарши репрессиялар устида турган шахснинг Германияга келиши Берлин ҳукумати учун шармандаликдир,” - дейилади ташкилот баёнотида.

Аввал хабар берганимиздек, Европа Иттифоқининг қора рўйхатида бўлиб келган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Рустам Иноятов ўтган хафта амалий сафар билан Берлинга келди.

Ўзбекистон бош "МХХ"чисининг Германияга сафари Европа Иттифоқи 2005 йил 13 май кунги Андижондаги хунрезликка масъул деб кўрилган 12 ўзбек расмийсига белгиланган виза таъқиқини бекор қилганидан ўн кун ўтиб амалга ошди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари муовини Рэйчел Денбернинг айтишича, Ўзбекистондаги репрессиялар устида турган шахснинг Германияга расман таклиф этилиши Берлин ҳукумати учун ўта шармандалидир.

"Иноятов Андижонда 2005 йилнинг 13 май кунги амалга оширилган қирғин пайти Ўзбекистон Миллий хавфсизлик идораси раҳбари сифатида бу қонли ходисага маъсул одамлардан биридир. Андижондаги қирғинда Иноятовнинг бевосита роли борлигини Европа Иттифоқи ҳам таъкидлаган. ЕИнинг виза таъқиқи бекор қилиниши билан бу одамнинг Германияга таклиф этилиши шармандаликдир. Ўзбекистонда яна бир ҳуқуқ фаоли узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган бир пайтда Иноятовнинг Германияга келиши янада шармандаликдир", - дейди Рэйчел Денбер.

13 октябр куни Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари Андижон воқеаларига маъсул деб кўрилган 12 нафар ўзбек мулозими, жумладан Рустам Иноятовга нисбатан жорий этилган виза таъқиқини бекор қилди. ЕИ бу қарорини Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари борасида яхшиланиш кузатилгани билан изоҳлаган эди. Аммо Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Рэйчел Денберга кўра, Ўзбекистонда "яхшиланиш" ҳақида гапириш бемаъниликдир.

"Ўзбекистонда бир-икки ҳуқуқ ҳимоячиси ўтган йил мобайнида озод этилгандир, лекин улар ўрнини бошқалари тўлдирди. Сўнгги ойлар мобайнида камида икки ҳуқуқ фаоли озодликдан маҳрум этилди. Солижон Абдураҳмонов ва Аъзам Турғуновнинг ҳар бирига 10 йил қамоқ жазоси белгиланди", - дейди Рэйчел Денбер.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотига кўра, Ўзбекистонда яна камида тўққиз нафар ҳуқуқ фаоли ва журналист темир панжара ортида қолмоқда ва ташкилот улар барининг озод этилишини талаб этмоқда.

"Ҳозир Германия ҳукумати инсон ҳуқуқлари соҳасида биз талаб этаётган амалларга қўл уришга Ўзбекистон ҳукуматини кўндириш йўлидаги ҳаракатларини кучайтириши керак. Германия Ўзбекистондаги барча ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаоллари ва журналистлар озод этилишига эришиши керак. Чунки ҳуқуқ ҳимоячилари, мухолифат фаоллари ва журналистларнинг жойи қамоқ эмас. Уларни озод этиш мажбурияти энди Германия зиммасидадир", - деди Рэйчел Денбер.

Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбарининг Берлинга сафари ҳақида Германия Ташқи ишлар вазирлигидан изоҳ олишга уриндик. У ердан "Иноятов бизнинг меҳмон эмас, шунинг учун биз бу ҳақда жавоб бера олмаймиз", - деган жавоб олдик.

Маълум бўлишича, Иноятов Германия Канцлери идорасининг ички ва ташқи хавфсизлик масалаларига маъсул олти бўлими таклифига кўра Берлинга келган. Лекин бу идора расмийларидан Инояов ташрифи ҳақида маълумот ола олмадик.

Германияда яшаётган ўзбекистонлик журналист, Узнюс.нет мустақил ахборот хизмати бош муҳаррири Галима Бухорбоеванинг айтишича, Ўзбекистон МХҲси раҳбарининг Германияга ташрифи ўта сирли бўлган.

"Агар Германия ҳақиқатан ҳам Иноятовни ишончли шерик деб ҳисоблаётган бўлса, нимага бу одамни Германия расмийлари ўта махфий тарзда қабул қилмоқда? Нимага Германиянинг бирон расмийси очиқчасига Иноятов бизнинг меҳмонимиз демаяпти? Нимага улар бундай дейишга уялишаяпти? Балки Иноятов кимлигини, бу одамнинг Ўзбекистонда юзлаб одам ўлимига жавобгар эканини билганликлари учун бу ҳақда гапиришга уялишаётгандир", - дейди Галима Бухорбоева.

Ўзбекистон МХҲси собиқ майори Икром Ёқубов Иноятовнинг Германияга сафарини Исломий Жиҳод Иттифоқи, дея аталмиш ташкилот билан билан боғлайди. Бу ташкилот фаоли деб даъво этилаëтган бир неча шахс ҳозирга қадар Германияда қўлга олинди, лекин уларнинг ҳеч бири Ўзбекистон фуқароси эмас.

Ҳюман райтс уотч ташкилотининг Ўзбекистондан қувғин қилинган ходими Игор Воронцовнинг айтишича, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги террорчиликка қарши ҳамкорликка унинг ташкилоти эътироз билдирмайди.

"Бу ерда муаммо Иноятовнинг Андижонда тинч аҳоли ўққа тутилишига жавобгар экани, шунингдек бу одамнинг Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари қатағон қилинишига мусъул эканидадир. Бизнингча бу одамнинг Германияга таклиф этилиши бориб турган мантиқсизликдир", - дейди Игор Воронцов.

Шундай қилиб Германия¸ Андижон воқеалари ортидан Европа Иттифоқи қора рўйхатига киритилган иккинчи ўзбек расмийсига мамлакатга киришга изн берди.

Рустам Иноятов виза таъқиқи бекор этилганидан сўнг Германияга келган бўлса, Ўзбекистон собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматов виза таъқиқи амалда бўлган 2006 йили Германияга даволаниш учун келиб кетган эди.

XS
SM
MD
LG