Линклар

Ўзбек фермерлари ўз пахтасини ўзи ўғирлаганликда айбланмоқда

  • Садриддин Ашур

Бола-чақаси билан умрини пахтазорда ўтказаëтган ўзбек фермерининг оти ўғрига чиқмоқда.

Бола-чақаси билан умрини пахтазорда ўтказаëтган ўзбек фермерининг оти ўғрига чиқмоқда.

Хўш, нега фермер ўз пахтасига хўжайин эмас? Нега фермерни ўз юртидаги пахтанинг харид нархи қониқтирмаяпти? Нега расман мустақил бўлган фермер ўз пахтасини истаган нархда сотолмайди?

Андижонлик Азон Йўлдошев 16 октябр куни икки тоннадан сал кўпрок пахтани Қирғизистонга сотиб юбормоқчи бўлганида ўзбекистонлик чегарачилар томонидан қўлга олинган. Бу ҳақда "Андижоннома" газетаси ёзади. Газетага кўра, Азон Йўлдошев ҳар килограмм пахтани 450 сўмдан сотиб олган ва Қирғизистонга 750 сўмдан сотмоқчи бўлган. Шундан сўнг мақола муаллифи яна икки фермерни ҳам пахта сотишда айблайди. Мақоладан иктибос келтирамиз:

“Маҳамматрайим Ҳамроқулов Қўрғонтепа туманининг Бирлашган қишлоғидаги “Боғча эна” фермер хўжалигининг раҳбари. Нафси ҳакалак отган бу шахс қинғирлик кўчасига кирди. Шу қишлоқнинг Дўстлик кўчасида жойлашган чорва фермасига 2 тонна 610 килограмм пахтани яшириб қўйди. Ўзи меҳнат қилиб яратган ҳосилни қўшни Қирғизистон республикасига олиб ўтишни режалаштирди”.

Иқтибос тугади. Яъни фермер ўз пахтасини ўзи ўғирлаб сотмоқчи эди, демоқчи мақола муаллифи Элбек Музаффар. Лекин у ҳали ҳеч нарса сотгани йўқ. Бир жойга йиғиб қўйди дегани, бу сотди дегани эмас, ҳали. Майли шундай ҳам дейлик. Хўш, нега фермер ўзининг пахтасини ўзи ўғирлаб сотади? Бунинг сабаби нима? Бу ҳақда мақолада жавоб ҳам берилган, яъни нафси ҳакалак отганлиги учун!

Андижонлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Саиджаҳон Зайнобиддиновни бу мақола бефарқ қолдирмади ва у “Пахта экканникими ё текканники” деб жавоб ёзди:

“Андижонномада чиққан “Оқ пахтага доғ туширдингиз” деган мақолани муаллифига муносабат билдираяпман. Чунки ўзи шахсан шу муаллиф пахтани бу фермер ўз меҳнати билан етиштириб олган ҳосилни Қирғизистонга сотмоқчи бўлаяпти деб эътироф этаяпти-да. Шунинг учун ҳам мен бунга ҳуқуқий нуқтаи-назардан жавоб бераяпман-да. Конституция бўйича ҳар бир инсон ўзининг мулкини ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади. Мен бу ерда жавобгарликка тортиворишмасин деган мақсадда, жиноий жавобгарликнинг олдини олиш мақсадида ëздим”.

Собиқ “Заминдор” фермерлар уюшмасининг раиси Абдураҳмон Ҳосилов фикрича, фермерлар ўзи етиштирган пахтани эркин сотолмаганлиги ва ундан фойда кўролмаётгани учун ҳам шундай йўл тутишга мажбур бўлмоқдалар.

“Пахта бизнинг Ўзбекистонда давлат монополияси бўлганлиги учун эркин сотув йўқ. Қозоғистонда пахта маҳсулотини етиштирувчи фермер ўз пахта маҳсулотини эркин сотади. Яъни хоҳлаган баҳода хоҳлаган одамига сотади. Бизнинг Ўзбекистонда нундай имконият йўқ. Бу ерда пахта сотиб олувчи давлат. Давлатни фермернинг фойда кўриши, пули уни қониқтириш қониқтирмаслиги қизиқтирмайди. Шунинг учун ҳам фермер бундан хурсанд бўлмайди ва фойда кўриш мақсадида бошқа изланишлар олиб бориб, четга сотишга ҳаракат қилиши мумкин”.

Саиджаҳон Зайнобиддинов эса бу масалага бошқа томондан ёндошади. Унинг фикрича, ҳозир фермер пахтадан даромад олмайди, балки пахта етиштиришга қилган хизмат ҳақини олади:

“Фермернинг айтиши бўйича, шу пахтани етиштириш учун 100 фоиз ëқилғини, сув, ер, ўғит ва бошқа техникаларни деярли давлатнинг ўзи етказиб бераяпти. Шунинг учун пахтага бериладиган ҳақ унинг хизмат ҳақи бўлаяпти”.

Абдураҳмон Ҳосиловнинг айтишича, пахтани контрабанда йўли билан сотиш барча чегарадош туманларда учрайдиган ҳодиса. Лекин бунинг асл сабаблари бошқа жойда, дейди у.

“Бундан бир олти, етти йил олдин менга фермерлар айтиб беришган: жиззахлик фермерлар ҳам бунақа ишларни қилишган. Мисол учун арнасойлик фермерлар каналнинг нариëғида бўлган қозоғистонликларга кран билан пахтани ўтказиб сотиб юборишган. Нима учун? Чунки фермер пахтадан яхши фойда кўрмайди. У меҳнати зое кетаëтганидан кейин бундай ишларга қўл уради. Фермерни бу масалада қоралаш жуда нотўғри иш бўлган бўларди”, дейди Абдураҳмон Ҳосилов.

Айни пайтда, Ўзбекистонда ҳар тонна пахтага 300-350 минг сўмдан ҳақ тўланаётган бўлса, қозоғистонлик ва қирғизистонлик харидорлар бунга 600-700 минг сўмгача ҳақ таклиф қилишмоқда.



XS
SM
MD
LG