Линклар

logo-print

Ўзбекистонда газ тақчиллиги бошланди


Совет замонида камбағални бойдан ажратувчи асосий мезонлардан бири бўлган қора печка бугун мустақил Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларига қайта бошлади.

Совет замонида камбағални бойдан ажратувчи асосий мезонлардан бири бўлган қора печка бугун мустақил Ўзбекистон шаҳар-қишлоқларига қайта бошлади.

Хоразмлик Роза опа табиий газ йўқлигидан хавотир олиб қиш ғамига тушган. У охирги ойдаги пенсия пулига бозордан печка сотиб олди. Айни кунларда ўғиллари уйдаги хоналардан бирига печкани ўрнатиш ишлари билан банд.

“Газ йўқлиги учун ҳамма печ қуриб ëтибди. Қишлоқ аҳолисининг ҳаммаси шу ишни қилмоқда”.

Роза опанинг айтишича, сентябр ойи бошларидан бошлаб табиий газ тақчиллиги кузатила бошлаган.

“Ўтган йил ҳам газ йўқ эди, бу йил ҳам йўқ. Ўчоққа, печга ўт ëқиб ўтирибмиз. Қадимги замон қайтадан қайтиб келди яна. Уйларимиз совуқ. Уйлар совуқ бўлганлиги туфайли касаллик кўп бўлди. Ҳозир ҳам гриппмиз. Печкага ўтин ëқамиз. Кўмир йўқ. Кўпчилик бир чеккадан тут дарахтларини, мевали дарахтларни ëқиб ëтибди. Бошқа иложи йўқ”.

Газ танқислиги нафақат Хоразмда балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кузатилмоқда. Жиззахда ҳам аҳвол шу, дейди жиззахлик Ўктам Пардаев.

“Газ аллақачон камайди. Қишга бориб қандай аҳволда бўлишини билмадим лекин.
Ўтган йил газ жуда кам эди. Бу йил шундай аҳвол бўлса керак”.

Қашқадарёлик Ойша опа ҳам вилоятда газ тақчиллиги бўлаётганлигини айтади.

“Ҳозир газни бир ҳафтада икки, уч марта ўчириб олаяпти. Қиш келмасидан олдин газга қийналаяпти булар. Ҳали қиш келса умуман ўчиб қолади. Илгари одамлар қандай қилиб қишга тезак ғамлаган бўлса, ҳозир ҳам шу аҳвол. Кўмирни қаердан олади? Бир қоп кўмир 10 минг туради. Одамлар шуни ҳам ололмайди-да. Уни ҳам пули борлар олади. Ўтин топишнинг ҳам иложи йўқ. Ҳозир ҳеч кимнинг уйида ўтин йўқ. Агар газ ўчиб қолса, халқ хор бўлиб қолади”.

Самарқандда ҳам ким кўмир, ким ўтин, ким эса сигирнинг тапписини қишга ғамлаш билан овара, дейди самарқандлик Комилжон Ашуров.

“Ўзимизнинг шу илгариги таппидан тезак тайëрлаш амали яна бошландида ҳозир. Бир машина кўмир 500 минггача туради. Уни олишга ҳамманинг ҳам кучи етмайди. Шунинг учун одамлар йўлини топишаяпти”.

Газ ва чироқ таъминотидаги узилишлар ўзбекистонликларнинг доимий муаммоларидан бири эканлигини айтади хоразмлик Бозорбой ака.

“Боймиз, боймиз деймиз нимага боймиз? Бизнинг Ўзбекистон тезак ëқаяпти. Газимизни эса ташқи давлатлар олиб ишлатаяпти. Совет даврида газ ҳамма жойда ëниб турган эди. Нимага ҳозир йўқ? Чироқ ҳам шу аҳвол. Соат 12да ўчади, олтида ëнади. Қанақа замонда яшаяпмиз ўзи?”

Мутасаддилар яқинларгача газ тақчиллиги муаммоларини инкор қилиб келишди. Лекин улар айни муаммолар мавжудлигини аста-секин тан олишга мажбур бўлишмоқда. ЎзА ахборот агенлигининг ёзишича, Сурхондарё вилоятида газ танқислиги сезиладиган ҳудудлар аниқланиб, 12 мингга яқин хонадонни бошқа ёқилғи турларига ўтказиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган қиш мавсумида газ ва чироқ муаммолари боис мамлакатнинг Қорақалпоғистон, Хоразм, Самарқанд, Андижон, Фарғона, Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятлари аҳолиси оммавий норозилик акциялари ўтказган эди.




XS
SM
MD
LG