Линклар

logo-print

Ўзбек мардикорлари орасидаги зўравонлар кўпаймоқда


Осиëлик муҳожирлар ўртасидаги жиноятчиликнинг кучаюви Россиядаги ирқчиларга ҳам дастак бўлмоқда.

Осиëлик муҳожирлар ўртасидаги жиноятчиликнинг кучаюви Россиядаги ирқчиларга ҳам дастак бўлмоқда.

Москва шаҳar жанубий округи ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ходими Валерий Бузукиннинг Озодлик радиосига айтишича, Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидан бўлган Қувондиқ, Илёс, Толиб ва Нурмурод исмли тўрт йигит жинсий тажовузда гумонланиб қамоққа олинган. Бу йигитларнинг ёши 17дан 26 гача.

“Бу йигитлар қамоққа олинган. Уларга нисбатан Россия Жиноят Кодексининг 144 ва 145 моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозир тергов давом этмоқда”, дейди Валерий Бузукин.

Расмийнинг айтишича, 15 ёшли Таня исмли қиз кечаси меҳмондорчиликдан уйига қайтаётганда, уни тўрт нафар ўзбекистонлик мардикорлар ушлаб олиб, зўрлашган. Биринчи терговдан маълум бўлишича, бу йигитлар Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидан экан.

Тўртталаси бир уйда яшаб, ўша жойдаги корхоналардан бирида ишлар экан. Валерий Бузукин сўзларига кўра, ҳозирча уларнинг айблари тўла тасдиқлангани йўқ. Фақат экспертиза хулосасидан кейин уларга бу айб ё қўйилади ёки улар озод этиладилар¸ деб қўшимча қилади ИИБ расмийси.

Москванинг ана шу ҳудудида мардикорлик қилаётган бошқа бир ўзбекистонлик Бобожоннинг сўзларига кўра, бундай воқеалар шундай ҳам Россияда аранг кун кўриб юрган марказий осиёликларни янада танг аҳволга солиб қўяди:

“Шундан кейин рус халқининг бизларга ўхшаган, келиб мусофирчиликда ишлаб юрган мардикорларга нафрати ошиб, кечалари юриб бўлмай қолади. Ëмон кўришни бошлаб уришга ҳам тайëр. Кундан–кунга бу нарса кучайиб кетаяпти-да. Яқинда битта қоровул бўлиб ишлаëтган ўзбек йигити рус қизини ўлдирибди. Ўшандан кейин бир неча юз ғиждувонликлар ишини ташлаб қочиб кетади. Чунки бизнинг қизимизни ўрта осиëлик ўлдирди, деб у ердаги халқ чиқиб, қаерда қора Ўзбекистондан келганларни кўрса, уриб- сўкиб юрибди ҳозир”.

Бобожон айтган бу воқеа Москванинг ғарбий округида шу йилнинг биринчи октябрида рўй берган эди. 31 ёшли ўзбекистонлик Фарҳод Турсунов мактаб ўқувчиси Анна Бешовани зўрлаганлик ва ўлдирганликда гумонланиб, қамоққа олинган эди. Бу воқеа барча маҳаллий Москва телевидениеларида намойиш қилинди, дейди яна бир мардикор йигит Абдухолиқ.

Абдухолиқнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик мардикорлари аксариятининг ичкиликка ружу қўйганлиги ҳам, ана шундай жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда:

“Ичишади, чекишади. Мен уйимга пул жўнатай, боламга у-бу нарса олиб берай ëки уйимни ремонт қилай дейиш ўрнига кўчага чиқиб ичиб олиб, кейин на ўзини танийди, на ўзгани танийди. Албатта русларнинг аччиғи келади. Ахир ўша жабр кўрган руснинг қизи, фарзанди ë қўшниси. Кейин албатта руслар ҳаммага ëмон кўз билан қарайди. Буни ҳам ўйлаш керак-да! Ҳеч қачон шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Айб ўзимиздан ўтади-да! Ичиб олишади. Ичиш ҳалолми? Ичиш Исломда ҳаромку! Ўзбекистонга борса, алҳамдилуллоҳ биз мусулмонмиз, дейди. Ароқ ичиб бу ерда кимнидир зўрлайдиган бўлсанг, кимнингдир мулкига кўз олайтирадиган бўлсанг, қанақа мусулмонсан сен?”, дейди Москвада мардикорлик қилаётган Абдухолиқ.


XS
SM
MD
LG