Линклар

“Эзгулик”нинг Андижон бўлими рўйхатдан ўтиш ҳаракатида


"Эзгулик"чи Саиджаҳон Зайнобиддинов 2005 йил 13 май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеалар ҳақида биринчилардан бўлиб хабар тарқатган эди.

"Эзгулик"чи Саиджаҳон Зайнобиддинов 2005 йил 13 май куни Андижонда содир бўлган қонли воқеалар ҳақида биринчилардан бўлиб хабар тарқатган эди.

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар орасида “Эзгулик” жамияти расман рўйхатга олинган саноқли ташкилотлардан бири ҳисобланади.

27 октябр куни “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилоят бўлимини қайта рўйхатдан ўтказиш учун Андижон вилоят адлия бошқармасига ҳужжатлар топширилган. Таъсисчилар гуруҳи раҳбари Саиджаҳон Зайнобиддиновнинг Озодликка билдиришича, дастлаб жорий йилнинг апрел ойида адлия бошқармасига ҳужжатлар топширилганида¸ уларга рад жавоби берилган.

“Бизга рад жавоби берилиши сабаби бюрократик¸яъни маъмурийдир. Унақа жиддий камчиликлар йўқ. Асосийси ижара шартномаси юридик шахс билан тузилиши керак дейишган. Бизда жисмоний шахс билан шартнома тузилган эди. Бизнинг битта узоқ ечолмасдан қийналган муаммомиз шу бўлди-да. "Эзгулик" деган номни эшитса, чўчиб тўнини тескари кийиб олади ëки шартнома тузишдан бизни айнитади”.

Саиджаҳон Зайнобиддиновга кўра, таъсисчилар рўйхатида шартли равишда жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоллари ҳам бўлган. Айни шу сабаб боис уларга рад жавоби берилганлигини айтади суҳбатдош.

“Рўйхатдан ўтказишмаганлигига иккита сабаб бор. Иккита таъсисчи - Нурмуҳаммад Азизов билан Мусажон Бобожоновлар шартли жазо ўташаяпти. Шу сабабли улар таъсисчи бўла олмаслигини менга оғзаки айтишган”.

“Эзгулик” жамиятининг Андижон вилояти бўлими 2005 йилги Андижон фожеаларидан кейин суд қарори билан ёпилганлигини айтади жамиятнинг марказий бошқарув кенгаши аъзоси Абдураҳмон Ташанов.

“Суд қарорида жамият фаоллари статистик ҳисоботлар, солиққа оид қўшимча ҳужатларни топширмаган деб кўрсатилган. Бизнинг у ердаги бўлимимиз ниҳоятда катта эди. Ўша пайтда ҳатто туман бўлимлари ҳам рўйхатга олинган эди. Бу вилоят бўлимимиз жуда фаол эди. Айниқса¸ Андижон воқеалари тафсилотларини ўрганишга бу вилоят бўлими фаоллари жуда катта ҳисса қўшишган”.

“Эзгулик” жамиятидан олинган маълумотга кўра, ташкилотнинг республика бўлими 2003 йилнинг 19 мартида расман рўйхатга олиниб, 2006 йил 26 май куни қайта рўйхатдан ўтган. Айни пайтда мамлакатнинг 11 та вилоятида ташкилотнинг вилоят бўлимлари рўйхатдан ўтказилиб, расман фаолият кўрсатмоқда. Абдураҳмон Ташанов Қорақалпоғистон, Андижон ва Сирдарё вилоятларида эса жамият бўлимларини қайта рўйхатдан ўтказишда муаммоларга дуч келинаётганлигини айтади. Унга кўра, айниқса Андижон вилоятида жамият бўлимининг фаолиятига зарурат кучли.

“Андижон Ўзбекистоннинг стратегик нуқталаридан биттаси. Андижон ҳуқуқ ҳимоячилиги соҳасида, ижтимоий, иқтисодий, сиëсий соҳаларда ҳам жуда муҳим вилоят. Шунинг учун Андижон вилоятида ҳуқуқ ҳимоячилиги ташкилотлари бўлиши керак”.

Андижон воқеаларидан кейин “Эзгулик” жамиятининг Андижон вилоят бўлимининг собиқ раҳбари Музаффармирзо Исҳоқов ва яна бир қанча фаоллар Ўзбекистонни тарк этиб, Европа давлатларидан сиёсий бошпана олишган.

Маълум бўлишича, жамиятнинг Андижондаги бошқа собиқ аъзолари шу пайтгача мустақил ҳуқуқ ҳимоячиси сифатида фаолият кўрсатиб келишмоқда.





XS
SM
MD
LG