Линклар

Венгрия катта миқдорда қарз олмоқда


Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки ва ЕИ глобал молия тизимидаги бўҳрон асоратларини бартараф этиш учун Венгрияга 25.1 миллиард доллар беришга келишиб олди.

Халқаро валюта жамғармаси Венгрия ҳукумати билан бу мамлакатга 15.7 миллард доллар ажратишга келишиб олган бўлса, ЕИ 8.1 миллиард ва Жаҳон банки 1.3 миллард доллар беришга қарор қилган.

Халқаро валюта жамғармаси бу борада эълон қилган баёнотда Венгрия ҳукумати сармоядорлар ишончини қайта тиклаш ва молия тизимидаги инқироз оқибатларини бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирлар ишлаб чиққанини маълум қилди.

Будапештда ўтказилган матбуот анжумани чоғида чиқиш қилган Венгрия бош вазири Ференц Гюрчани мана бундай деди:

“Халқаро валюта жамғармаси томонидан кўрсатилаётган ёрдамнинг асосий мақсади Венгрияни бўҳрондан сақлаб қолишдир. Мамлакат иқтисодиёти ва фуқароларни ҳимоя қилиш учун Венгрияга қўшимча маблағ керак”,- деди Венгрия бош вазири.

Ўтган ҳафтада Халқаро валюта жамғармаси глобал тизимидаги бўҳрондан зарар кўрган Украина ва Исландияга ҳам молиявий ёрдам кўрсатишини ошкор қилган эди.
XS
SM
MD
LG